Ғолиблик чегараси у куч билан эмас, истеъдод билан забт этилади

2019-08-12T12:03:08+00:0014 Fevral, 2019|Ҳафта мақоласи|

—   Вой эшитдингизми, биринчи ўрин сотилибди!

  • Фалончи бойнинг қизи ҳакамлардан бирига қариндош экан.
  • Биламан, ҳакамлар барибир “соққа”сини берганга ўрин беришади, ҳақиқат йўқ.

Бугун турли йўналишларда ўтказилаётган танловларга ташриф буюрсангиз, беихтиёр қулоғингизга мана шу каби миш-мишлар чалиниши аниқ. Чунки аксарият танлов иштирокчиларининг ота-оналари, ва ўқитувчиларининг ташкилотчилардан ҳам, айрим ҳакамлардан ҳам ҳафсаласи пир бўлган. Сабаби эса кўпчиликка аён. Танловларни ўтказиш, баҳолаш жараёнида шаффофликни таъминлайдиган очиқлик, ошкоралик йўқ. Аммо беш бармоқ баробар эмас. Ҳакамлик қилаётганлар орасида виждонига ҳали қурт тушиб улгурмаганлари ҳам йўқ эмас.

Яқинда 7-14 ёшли болалар ўртасида “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танловнинг айнан назм ва наср йўналиши бўйича ҳакамлар орасида ҳам аъзо, ҳам кузатувчи сифатида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этишди. Ажабланарлиси, қўлида ўнлаб ташаккурномаю дипломларни кўтариб келган 24 номзоднинг бирортаси ҳам пичоққа илинмайди. Аксарияти ҳикоя билан эртакни фарқлай олмайди. Шеърдаги туроқ, вазнни тушунмайди. Ҳатто, айримлари тўсатдан танловни эшитиб қолгандек ҳеч қандай тайёргарликсиз келган. Бундан туман босқичи чиндан ўтказилганлигига ҳам шубҳаланиб қоласан, киши.

Бир амаллаб номзодлар орасидан энг яхшиси ҳам танланди. Шунга қарамай, тақдирлаш маросимида одатдаги жанжал кўтарилди. Не кўз билан кўрайликки, саҳнанинг ўзида қизириқлик иштирокчининг онаси ҳакамнинг юзига қўлидаги қоғоз билан тушириб қолди. Тасвирий санъат йўналиши бўйича яна бир фаол иштирокчи номинацияси билан тақдирланган номзоднинг онаси эса ҳакамнинг ёқасига чанг солиб, “Нега биринчи ўринни бермадинг…” дея ҳақоратли сўзларни айтиб бақира кетди. Онасининг бу ҳаракатидан уялган қизалоқ эса саҳнада юм-юм йиғлаганча туриб қолди.

Бутун бошли залдаги томошабинларнинг асосий қисми болалар, мактаб ўқувчилари катталарнинг ана шундай хурмача қилиқларига гувоҳ бўлишди.

Ҳақли савол туғилади: катталарнинг бундай фаросатсизларча қилган ҳаракатини томоша қилган мурғак болалар бундан нимани ўрганишади? Ваҳоланки, улар иқтидор бўлмаса ҳам “шантажлик” қилиб бўлсада, жанжал кўтариш, Қолиблик учун курашиш керак ёки жамоат жойида ҳакамнинг ёқасидан олиш мумкин экан-да, деб ўйлашмайдими?

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғридаги кодекси 41-моддасида ҳақорат қилиш, шахснинг шаъни ва қадр қимматини қасддан камситиш энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жаримага тортилиши белгиланган. Ҳақини талаб қилишни дўндирган “қаҳрамонлар” бундай хатти-ҳаракати учун жазоланиш мумкинлигини унутишган кўринади.

Қолаверса, ҳали 10-15 машқи дафтарда қўлёзма бўлиб турган фарзандини “даҳо”лар қаторига қўшиш, бир-иккита суратини санъат асари дея “кўтар-кўтар” қилиш фаросатли, мулоҳазали одамнинг иши эмас. Йўқ, мен улар танловда иштирок этмасин, демайман. Майли, тажриба орттирсин. Аммо танлов жараёнида уларнинг “маҳорати” ҳавасдан нарига ўтмаяптику.

Тўғри, боланинг истеъдодини қадрлаш, уни қўллаб-қувватлаш орқали ривожлантириш керак. Фақат бу йўсинда эмас-да. Марҳамат, бугун ҳамма туманларда “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказлари, мактабларда фан, санъат тўгараклари ишлаб турибди. Куртак ёзаётган иқтидорни ана шундай тўгаракларда, маҳоратли устозлар тарбиясига беринг. Кўпроқ китоб мутолаа қилидиринг. Иқтидор фақат маҳорат ва ҳаётий тажриба билангина самара беришини тушунтиринг. Боланинг чинакам қобилиятини кўриб, ҳакамлару мутахассислар тан берсин. Ана шундан кейин кўкрак керсангиз арзийди.

Яна бир гап. Нега фан олимпиадалари, танловларни ўтказиш, баҳолаш жараёнлари олий ўқув юртига кириш тест имтиҳонлари каби кенг жамоатчиликка камера ва мониторлар орқали кўрсатилмайди? Ёки синов “Ёш китобхон” кўрик-танловининг республика босқичидагидек ҳамманинг кўз олдида ошкора ўтказилмайди? Балки шунда ҳакамнинг ёқасидан оладиган ота-она ҳар хил гумонларга бормасмиди!?

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА