Обуна бўлиб хато қилмабман…

2020-01-15T10:45:34+00:0015 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

“Hurriyat” газетасини илк сонларидан бошлаб ўқиб бораяпман, ҳақиқатан ўқимишли, мақолалари сермазмун. Билдимки, 2020 йил учун ушбу газетага обуна бўлиб, хато қилмаган эканман. Масалан, газетанинг 8 январь 2-сонини қўлга олдим, тарки одат амри маҳол, деганларидек, газетанинг сўнгги саҳифасига дарров қарадим. “Сўз ва оҳанг бирлиги” сарлавҳали мақолага кўзим тушди. Санъаткор Собиржон Мўминов ижоди ҳақида экан, ўқий бошладим.

Хонанданинг сеҳрли овози бор, халқона оҳанг, миллий калорит мужассам. Қўшиқлари мазмунли, маъноли дилга яқин. Ўар бир жумлани эътибор билан ўқидим. Тўғриси, мазза қилдим.

Санъатдаги сеҳрли овоздан тортиб, сермазмун қўшиқлар ҳақида сўз кетар экан, сўз ортидан сўз эргашар деганларидек, санъат оламидаги айрим “бўғиқ” овозли ҳаваскорларга ҳам навбат келган. Менимча, саҳнадаги қулоқни қоматга келтириб ёки бошга оғриқ чиқарадиган «жипир-жипир», “жаранг-журунг” қўшиқларнинг (агар қўшиқ деб бўлса) кўпайгани, яна салбий фикр, танқидларга қарамай, гўё ўзини ушбу соҳани бедаво дардга чалиш учун санъатга урган каби фаолиятини давом эттираётганларни алоҳида қаламга олиш керакка ўхшайди…

Яқинда ўзбек киночилари ишлаган “Истамбуллик миллионер” фильмини кўрдим. Кинони ҳар ҳолда кўрса бўлади. Муҳаммадисо Абдулхайировнинг иккига бўлиниб роль ўйнашлари кўпайиб, айтарли одамлар эътиборини тортмай қўйгани рост. Лекин кинонинг охирида Жаҳонгир Позилжоновнинг меҳмонларга айтиладиган мулозаматли гаплари фонга қўйилибди. Шунчалар бачкана, рости чидаш жуда қийин! Яна алмойи-жалмойи сўзлари орасида “тўйчилик-да, тўйчилик”, деган жойлари ҳам бор. Жаҳонгир Позилжоновнинг бундай расвои раддибало “қўшиқча”ларига аллақачон “ўрганиб” қолганмиз. Лекин, унинг ортидан эргашиб, саҳнага чиқаётган ёшларнинг кўплиги киши дилини хира қилади.

Бундай қўшиқчиларга қарата “сиз айтган бирорта қўшиқда инсонларни маънавиятини оширувчи ибратли сўз учрайдими?” — дегинг келади. Ойиша, Жумагул ва яна бир-икки қизни “ойнаи жаҳон” орқали чақириб, қўшиқчи бўлиб олганлар қўшиқчилик соҳасини йиҚиштириб, жарчилик қилса бўларкан. Камига ўзбек киносини ҳам ўтмаслаштираётган қўшиқчиларнинг қилмиши одамга алам қилади.

“Наво” телеканалида “Янги овоз” шоуси эфирга узатилаётганди. Тўхтаб қолгандек, чунки ҳар доим кузатиб борардим. Ана шу кўрсутувда чиққан қўшиқчи ёшлар ҳақиқий маънода истеъдодли, иқтидорли ёшлар. Мени айтмабди, мени ёзмабди, демак мен яхшиман, деган қўшиқчилар юқоридаги санъаткорлар қатори ҳаваскорлардан бўлса, бир яхши таклифим бор:

Яхши шоирларимиз кўп-ку, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Зебо Мирзо, Шоира Шамс, Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоир ва бошқалар. Шуларга мурожаат қилиб, мазмунли шеърларни қўшиқ қилишса, уларни ҳеч ким танқид остига олмасди. Аммо қўшиғим бугун яшасин, эртага ўзим билан бирга кетса ҳам майли, дейдиганлар бўлса, яна ўзлари билишади…

Дониёр ҚУРБОНХЎЖАЕВ.

 Манба: «Ҳуррият» газетаси.