“Обуна-2020” НИМА  ҚИЛМОҚ  КЕРАК?

2019-09-30T07:11:56+00:0030 Sentabr, 2019|Сирдарё вил.|

 бугун босма нашрларнинг раҳбарлари ва ходимларини мана шу савол жиддий ўйлантирмоқда

  Босма нашрларнинг тақдирини ҳал қиладиган палла — обуна мавсуми эшик қоқиб турибди. Сўнгги йилларда бу мавсумни газета ва журналларнинг таҳририятлари алланечук безовта бир кайфиятда кутиб олишмоқда. Мажбурий обунага барҳам берилишини айрим қатламлар, ҳатто  ажабтовур зиёли кишилар ҳам босма нашрларнинг даври тугаганлигига олиб бориб тақашаяпти. Ваҳоланки, Президентимизнинг кўламдор ислоҳотларини эл-улусга тушунтириш, тарғиб қилишда босма нашрларнинг алоҳида ўрни борлиги исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқатдир. Мавзунинг долзарблигини ҳисобга олиб Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими воҳамизда чоп этилаётган газеталарнинг муҳаррирлари, журналистлари, матбаа ҳамда босма нашрларни тарқатувчи ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари иштирокида анжуман ташкил этди. Унда обуна масаласида чирсиллаб турган муаммолар кенг муҳокама  майдонига тортилди.

Анжуманда нутқ ирод этган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаевнинг эътибори тўғридан-тўғри  мавжуд муаммоларга қаратилди. Обуна мавсумининг тўғри ташкил этилиши мазкур соҳада фаолият олиб бораётган ўнлаб қалам аҳлининг эмин-эркин ижод қилиши,  тирикчилигини таъмин этишини алоҳида урғулади.

—Афсуски, вилоятимизда давлат рўйхатидан ўтган 21 та даврий нашрдан 5 таси — Боёвут, Сардоба, Мирзаобод ва Сайхунобод туманлари газеталари, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг “Давр ёшлари” нашри ўз фаолиятини тўхтатиб турибди. Демак, каттагина жабҳада аҳоли маҳаллий аҳамиятга молик хабарларни олишдан мосуво бўлиб келмоқда, —дея ўз сўзини бошлади нотиқ.

Шу ўринда, хўш, нима қилмоқ керак, деган савол туғилиши табиий. Босма нашрлар ходимлари учун муҳим бу саволга нотиқ қуйидагича фикр-мулоҳаза билдирди. “Биз китоб мутолаа қилиш билан баб-баравар газета ҳам ўқишимиз керак. Газета одамлар учун шунчаки минбар эмас, балки уларга тўғри йўлни кўрсатувчи компас, ўзларининг кимлигини намоён этувчи кўзгу ҳамдир. Бугунги кунда халқимиз орасида бир-бирига китоб совға қилиш урфга айланиб бораётир. Қани энди, ҳотамтой кишилар эҳтиёжманд қатламларга ўзлари севган нашрларнинг обуна квитанцияларини тантанали равишда топширишни ҳам  одатга айлантирсалар.

Яна бир гап. Туман ва шаҳар ҳокимлари ўзларининг сиёсатларини эл-улусга манзур қилишлари учун ҳам вақтли нашрларга эга бўлишлари керак, деб ўйлаймиз. Тўғри, ёшларимиз бугун сон-саноқсиз телефонлар, сматрфонлар орқали янгиликлар уммони ичра сузиб юришибди. Бироқ улурнинг мазкур манбалардан миллий-маънавий ахлоқ меъёрларига тўғри келадиган маълумотларни юклаб олаяпти, деб ким кафолат бера олади? Бу масъулиятли юмушга ким масъул этиб белгиланган? Газеталар шунинг учун керакки, уларда энг зарур ахборотлар шарқона ахлоқ-одоби доирасида тақдим этилади”.

Шунингдек нотиқ ўз маърузасида босма нашрларнинг нархи йил сайин ошиб борётганлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига янги аъзолар қабул қилиш тартиби, мамлакатимиз Президентининг  2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5653–сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 50 дан зиёд ахборот хизмати раҳбарлари (матбуот котиблари) вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасидан рўйхатдан ўтганлиги, улар билан мустаҳкам алоқада ишлаш босма нашрларнинг ўқишлилигини ошириши ҳақидаги кўз қарашларини баён қилди.

Сўнгра кун тартибидаги масала бўйича “Халқ сўзи” ва “Овози тожик” газеталарининг Сирдарё вилояти бўйича мухбирлари Аҳмадали Шерназаров, Тўхтамиш Боқий, “Сирдарё” ва “Гулистон янгиликлари” газеталари бош муҳаррирлари Умарқул Очилов, Фурқат Тошматов, “Полиграф АиФ” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси директори Ришад Абиятов, “Сирдарё матбуот хизмат”  МЧЖ бўлим мудири Камолиддин Ҳошимовлар ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Нотиқларнинг чиқишларида вақтли нашрлар муассисларининг масъулиятини ошириш, газеталарнинг ҳар бир янги сонини ўз вақтида муштарийларга етказиб бериш, вақтли нашрларда эълон қилинаётган танқидий чиқишларнинг таъсирчанлигини ошириш каби масалалар кўтарилди. Муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш учун тез-тез вилоят ҳокими билан учрашувлар ўтказиб туриш таклифи ўртага ташланди.

Машваратда босма оммавий ахборот воситалари ходимларини хурсанд қиладиган янгилик ҳам очиқланди. “Полиграф АиФ” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари вилоятимизга Германиядан газеталарни рангли чоп этадиган замонавий босмахона олиб келганлигини маълум қилди.

Йиғилиш аҳли 2020 йилги обуна мавсумини рисоладагидек ўтказишда ҳамкорлик қилиш учун вилоят ҳамда туман-шаҳар ҳокимлари, кенг газетхонлар оммасига Мурожаатнома билан чиқишга келишиб олди.

Йиғилишда вилоят ҳокимининг матбуот котиби Жамшид Холиқулов қатнашди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Бугун барча босма оммавий ахборот воситалари ходимларини: “Нима қилмоқ керак?” деган ҳаёт-мамот саволи қийнамоқда. Бу саволнинг ечими қандай ҳал бўлади: яқин икки-уч ой орасида ойдинлашади.

Муҳаммадали АҲМАД.

Муҳаммад КАРИМ олган суратлар.