ОАВда халқаро ҳаёт шарҳи: муаммо ва ечимлар

2019-11-29T12:35:53+00:0029 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Халқаро шарҳловчилар кенгаши, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамкорлигида “ОАВда халқаро ҳаёт шарҳи  : муаммо ва ечимлар”  мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда жаҳон ахборот майдонида  мамлакатимиз имиджини  мустаҳкамлашда ОАВнинг ўрни ва халқаро тажриба, шунингдек халқаро шарҳларни тайёрлашга қўйиладиган талаблар,  уларнинг самарадорлиги, таъсирчанлигини  оширишнинг асосий омиллари борасида фикр алмашилди.

Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлиги директори в.б Садриддин Суяров, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети декани Амрилло Каримов, университет кафедра мудири Олим Тошбоев, Уюшма қошидаги Халқаро шарҳловчилар кенгаши раиси Қобилбек Каримбеков, «Дунё бўйлаб» телеканали бош муҳаррири Ғофир Жамолов, «Ўзбекистон 24» радиоканали бош муҳаррири Шарофиддин Тўлаганов   ва бошқалар  сўзга чиқдилар.

— Дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир, —деди Ғофир Жамолов. —Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ҳам халқаро шарҳларда ана шу омилларга амал қилишлари шарт. Халқаро шарҳловчи бўлиш учун бўлғуси журналистларда қизиқиш ва интилиш бўлиши, улар ижод билан бирга хорижий тилларни мукаммал эгаллашлари  керак. Ана шундай ўқиш ва изланишдан толмаган ёшлардан яхши халқаро шарҳловчилар чиқиши мумкин.

—Ўзбекистон ҳамкорликдан манфаатдор бўлган барча мамлакатлар билан дипломатия муносабатларини йўлга қўйган бўлиб, кўплаб  давлатлар билан ўзаро муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилган,—деди Садриддин Суяров. —АҚШ, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Россия шулар жумласидан. Мамлакатимиз ташқи сиёсатининг яна бир ўзига хос жиҳати ҳар қандай давлат билан аввало икки томонлама асосдаги муносабатларни ривожлантиришдан иборат. Биз журналистлар, хусусан халқаро шарҳловчиларнинг вазифаси эса хорижий давлатлар билан тенг ҳуқуқли, дўстона муносабатларининг бугунги ҳолатини акс эттирган материаллар ёзишдан иборот. Афсуски  матбуотимизда бундай шарҳлар жуда кам. Ўқувчилар эса бунга муҳтож. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда, хусусан қўшни мамлакатлар билан иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий соҳадаги  позициясини очиб берадиган шарҳларни ёзадиган малакали, хорижий тилларни биладиган мутахассисларга катта эҳтиёж сезаяпмиз.  Бу масала ечимида  халқаро журналист кадрлар тайёрловчи  Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари  университетининг Халқаро журналистика факультети муҳим ўрин тутиши лозим. «Дунё» ахборот агентлиги мазкур таълим даргоҳи билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёр. Ўзбеки0стон ва хорижий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва бошқа масалалар бўйича имзоланаётган ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш учун Ташқи ишлар вазирлигининг мутасадди ходимлари,  соҳа экспертлари билан очиқ дарсларни ташкил этишда ёрдам беришга  тайёрмиз. Зеро бундай амалиёт халқаро шарҳловчиларнинг янги авлоди етишиб чиқишига хизмат қилади, Яна бир гапим, талабалар камида уч-тўртта тилни мукаммал ўрганишлари керак.

Шунингдек, анжуманда факультет қошида халқаро шарҳловчилар мактабини ташкил этиш, унга  таниқли сиёсий шарҳловчиларни жалб этган ҳолда талаба-журналистлар  орасида бу йўналишга қизиққан ёшларнинг амалий билим-кўникмаларини ошириш,  оммавий ахборот воситаларида халқаро  ҳаёт саҳифаларини бойитиш  масалалари ҳақидаги таклиф-мулоҳазалар  ўртага ташланди.

Жобир Хўжақулов