Газета ва журналлар2019-01-14T07:37:27+00:00

Марказий Осиё давлатларида чоп этилаётган газета ва журналларга оид қисқача маълумот

Қозоғистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятини Ахборот ва коммуникация вазирлиги мувофиқлаштиради. Мамлакатда 2016 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 2 минг 763 та ОАВ рўйхатга олинган, унинг 86 фоизи босма оммавий ахборот воситаларидир.
Бу ердаги “Егемен Қазақстан” (адади 2017 йилги ҳолат бўйича 200 минг нусха) ҳамда “Казахстанская правда” (100 мингдан ортиқ нусха) газеталари ҳукумат нашрлари ҳисобланади ва давлат томонидан молиявий таъминланади. Газеталарнинг 76, журналларнинг 67 фоизи нодавлат нашрлардир.

***

Тожикистонда 4 та марказий ҳукумат нашри: “Жумҳурият” ва “Садойи мардум” (тожик тилида), “Народная газета” (рус тилида) ҳамда “Халқ овози” (ўзбек тилида) чоп этилади. Бундан ташқари, бир қанча марказий, шунингдек, Тожикистоннинг вилоят ва туманларида давлат ва хусусий нашрлар – газета ва журналлар чоп этилади.

***

Қирғизистонда 200 га яқин босма нашрлар фаолият юритади. Босма миллий нашрлар мамлакат ҳукумати муассислигида ташкил этилган. Бу ерда газеталарнинг тиражи унчалик катта эмас, ўртача 2 минг 500 нусхани ташкил этади. Энг катта тираж “Супер-инфо” нашрига тўғри келади – у 100 минг нусха атрофида чиқади.
“Вечерний Бишкек”, “Дело №”, “Республика”, “Агим”, “Аалам” кабилар нодавлат етакчи нашрлар ҳисобланади. Қирғизистонда “Ўш садоси”, “Жалолобод тонги” каби ўзбек тилидаги газеталар ҳам нашр этилади.

***

Туркманистонда 2012 йил ҳолатига кўра, 39 та босма нашр рўйхатга олинган. Марказий нашрлар ҳисобланмиш “Туркменистан” ва “Нейтральний Туркменистан” газеталари ҳафтада 6 марта чиқади. Бу иккала нашр ҳам Туркманистон Президенти газетаси ҳисобланади.
Туркманистонда соҳавий нашрларга эътибор катта эканини таъкидлаш жоиз.