Ахборот агентликлари2019-01-10T12:46:37+00:00

Дунёнинг етакчи ахборот агентликлари

ТАСС Россиянинг етакчи давлат ахборот агентлиги ҳисобланади. 1914 йилнинг апрель ойида ташкил топган агентликнинг ахборот маҳсулотларидан бугунги кунда Россиянинг ўзида ва бошқа давлатларда 5 мингдан ортиқ корпоратив обуначилар, жумладан, мингга яқин оммавий ахборот воситалари, икки юзта дипломатик ваколатхоналар, икки мингдан зиёд илмий муассаса ва кутубхоналар фойдаланишади.
Айни кунда дунёнинг 63 та мамлакатида агентликнинг олтмиш саккизта хорижий ваколатхонаси, 70 та минтақавий марказлари фаолият юритмоқда. 1 минг 500 нафардан зиёд мухбирлари бор.

1918 йил ТАСС қошида ахборот-маълумотномалар хазинаси ташкил этилган, унда 7 миллиондан ортиқ ҳужжат сақланади. Мазкур агентлик бир суткада 300 та катта форматдаги газета саҳифаларига тенг рус ва инглиз тилларида ахборот тарқатади. Агентлик архиви қошида МДҲда энг бой ҳисобланган “Фотохроника ТАСС” студияси ҳам ишлаб келмоқда. Унинг сайти он-лайн режимида мунтазам равишда энг сўнгги янгиликларни муштарийларига тақдим этади.

***

Франциянинг “Франс-Пресс” (Agence France-Presse (AFP)) агентлиги дунёдаги энг биринчи янгиликлар агентлигидир. 1935 йил ташкил топган. Бошқа агентликлардан фарқи – Франс-Пресс Франция ҳукумати назорати остида ишлайди. Агентликнинг икки юз нафар фото мухбири, 1 минг 200 нафар журналисти ва икки минг нафарга яқин стрингерлари жаҳоннинг бир юз олтмишдан зиёд мамлакатларидан материаллар тайёрлайди.

Агентлик ҳар куни икки миллиондан ортиқ сўздан иборат янгиликларни француз, инглиз, немис, испан, португал ва араб тилларида тарқатади. Осиё, Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари аудиториясини ахборот билан таъминлайди. Унинг архивида қарийб етти миллиондан зиёт фотосуратлар мавжуд. Агентлик Европадаги энг катта реклама тарқатувчи манба ҳисобланади.

***

“Ассошиэйтед Пресс” (АП; ингл. Associated Press, AP) – жаҳондаги нуфузли халқаро ахборот ва янгиликлар агентлиги. 1846 йилда Америка-Мексика ўртасидаги урушни зудлик билан оммага етказиш мақсадида бир нечта газета таҳририятлари уюшмаси негизида ташкил топган. Қароргоҳи –Нью-Йорк шаҳрида. Унинг қошида фото, телерадио студиялари мавжуд. Европадаги бўлими Лондон шаҳрида жойлашган. 1978 йилга келиб АҚШда ахборот тарқатиш борасида монополияга эга бўлиб, газеталарнинг учдан икки қисмини, 3 мингдан зиёд телерадиоканаллар ва 4 мингдан ортиқ хорижий нашрларга хизмат қиладиган бўлди. Дунёнинг юздан ортиқ мамлакатида агентликнинг икки юзта мухбирлик пункти фаолият юритади.

***

Рейтер (Reuters) агентлиги ҳам дунё ахборот маконида ўз мавқеига эга. Агентлик бугунги кунда инглиз, француз, араб, испан, немис, итальян, португал, рус, япон, корейс, урду ва хитой тилларида янгиликларни тайёрлаб тақдим этмоқда.

Агентлик 1851 йил Пол Жулиус Рейтер томонидан фақатгина Лондондаги биржа янгиликларини телеграф кабеллари орқали Парижга етказиш мақсадида ташкил этилган эди. Кейинчалик унинг қошида газета, 1923 йилда эса радио студияси ташкил этилди. 2008 йили агентликни Thomson корпорацияси сотиб олди ва Thomson Reuters деб номланди. Агентлик маҳсулотлари – янгиликлар, фото ва видео материаллар дунёнинг кўплаб йирик информацион нашрлари орқали тарқатилади.
Агентликнинг 14 минг нафардан зиёд ходими дунёнинг 91 мамлакатида фаолият юритади.

***

Синьхуа агентлиги Хитой Халқ Республикасининг Матбуот, радиоэшиттириш, кинематография ва телевидение давлат бошқармаси муассислигида фаолият юритади. Агентлик 1931 йилда ташкил топган. Қароргоҳи Пекинда жойлашган. 7 тилда: хитой, инглиз, француз, рус, испан, араб, япон тилларида янгиликларни тақдим этади. Осиё, Яқин Шарқ, Лотин Америка ва Африка мамлакатларида мухбирлик пунктлари, юздан ортиқ шўъбалари мавжуд.

Агентлик сайти жуда фаол ишлайди: бугун агентлик сайтига уяли алоқа воситалари орқали 300, компьютердан эса 120 миллион нафардан ортиқ муштарий мунтазам кирмоқда.