Ахборот агентликлари2018-12-29T05:54:20+00:00

ЎзА ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги давлат расмий ахборот манбаи ва мамлакатдаги етакчи ахборот агентлигидир.

Агентлик солномаси 1918 йили Тошкентда РосТА бўлими очилганидан бошланади. Кейинчалик у ТАСС тизимидаги ЎзТАГ – Республика Телеграф Ахборот агентлигига айлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан 1992 йил 5 февраль кунидан эътиборан агентлик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) сифатида қайта ташкил этилди.

Бугунги кунда ЎзА Ўзбекистон Республикаси давлат органлари фаолияти ва мамлакатдаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни тўлалигича ёритиб келмоқда. Агентликнинг вилоятлардаги мухбирлар тармоғи мамлакатнинг барча ҳудудларидаги ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида тезкор ва обектив ахборот узатиш имконини беради.

ЎзА ахбороти ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, испан, араб ва хитой тилларида тарқатилади.

 

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН АХБОРОТ АГЕНТЛИГИ (ҚАА) ҲАҚИДА

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги – ҚАА 1954 йил аввалги Ўзбек ахборот агентлиги – ЎзТАГнинг Қорақалпоғистон бўлими сифатида фаолият бошлаган. Бўлим асосан маҳаллий газеталарда чоп этиладиган, телевидение ва радио орқали эфирга узатиладиган ТАСС хабарларини ҳамда бошқа расмий материалларини қорақалпоқ тилига таржима қилиш билан шуғулланган.
1976 йил ЎзТАГнинг Қорақалпоғистон бўлими ҳузурида хабар тайёрлаш таҳририяти ташкил этилган.
Айни пайтда бўлим ходимлари фақат таржима билан шуғулланмасдан, куннинг энг долзарб мавзусидаги ахборот, мақола ва репортажлар ҳам тайёрламоқда. Штат-бирлиги кенгайган (13 нафар журналист, таржимон ва техник ходимлар фаолият юритади.).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 5 февралдаги Фармонига асосан, Ўзбек ахборат агентлиги–ЎзТАГ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги–ЎзА бўлиб қайта ташкил этилгандан кейин ЎзТАГнинг Қорақалпоғистон бўлими негизида Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ташкил этилди. (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши агентликнинг таъсисчиси ҳисобланади)
ҚАА Президентимиз ва Ҳукумат томонидан қабул қилинаётган фармон, қарор ва фармойишларни, шунингдек, муҳим сиёсий аҳамиятга молик ва бошқа материалларни қорақалпоқ тилида узатиб келмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқарғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши фаолиятига оид расмий материалларни тайёрлайди ва республика миқёсида бўлиб ўтадиган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий тадбирларини ёритиб боради.
ҚАА хабарлари қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларида узатилади.