ОАВ “Йўл харитаси” ижросига бағишланди

2019-01-06T06:17:52+00:0029 Dekabr, 2018|Навоий вил.|

Навоий шаҳридаги “Маутбуот уйи” биносида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Навоий вилоят ҳокимлиги томонидан 2018 йил 18 июль куни имзонланган “Навоий вилоятида ОАВ фаолиятини такомиллаштириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ижроси муҳокама қилинди.
Унда масъул идора ва ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ҳокимликлар нашрлари муҳаррирлари ҳамда журналистлар иштирок этди. 61 банддан иборат “Йўл харитаси” муҳокама қилинар экан, мазкур ҳужжат вилоятда таҳририятлар фаолиятини яхшилашда муҳим аҳамият касб этгани хусусида фикр билдирилди. Шунингдек, айрим белгиланган вазифалар ижроси қоғозда қолиб кетгани ҳам танқид қилинди. Бугунги газетхоннинг диди, уни жалб қилишда мақола ва материаллар тайёрлашда ўзига хос ёндашувни ошириш, ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
– Таҳририятлар фаолиятини яхшилашда муассисларнинг роли муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Хатирчи ҳаёти” газетаси муҳаррири Анвар Ҳосилов. – Бугунги кунда кўпгина газеталарнинг моддий-техник имкониятлари чеклангани ҳам уларнинг самарали фаолият юритишида тўсқинлик қилмоқда. Ушбу масалаларга оқилона ечим топилсагина босма ОАВ фаолияти ривожланади.
Йиғилиш давомида вилоят телерадиокомпанияси кўрсатувлари савиясини ошириш, томошабин учун қизиқарли лойиҳаларни ташкил этиш, вилоят радиоси эфири вақтини кўпайтириш, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманлари учун алоҳида телевидение фаолиятини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Очиқ мулоқот якунида 2019 йил учун белгиланадиган “Йўл харитаси” учун таклифлар ўртага ташланди.

Озод МУСТАФОЕВ,
Навоий вилояти.

Шарҳ қолдириш