ОАВ бўйича жамоатчилик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

2019-10-09T10:06:08+00:009 Oktabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари  ижодий уюшмаси  қошидаги  Оммавий ахборот воситалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши  бўлиб ўтди.

Кенгаш  раиси Ҳуршид Дўстмуҳаммад  раҳбарлигида  ўтган йиғилишда  мамлакатимиз  оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги бугунги аҳвол, ютуқ ва камчиликлар,  журналистларнинг ҳуқуқий  маданияти, бурч ва масъулияти масалалари  ҳақида сўз борди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда  сўз  эркинлиги, оммавий ахборот воситаларининг  холис ва ҳаққоний фаолият олиб бориши учун зарур бўлган   ҳуқуқий- ташкилий  асослар яратилган. Хусусан кейинги йилларда медиасоҳада амалга оширилаётган  ислоҳотлар   миллий  журналистикада сезиларли  ўзгаришларга, очиқ-ошкоралик, танқидий-таҳлилий  руҳ кучайишига олиб келди. ОАВда  нафақат эришилаётган  ютуқлар, балки жамият ҳаётининг оғриқли нуқталари ўз аксини топган  материаллар  кўпайди ва  уларнинг аксарияти ўз ижобий самарасини  бермоқда.

Шу билан бирга  оммавий ахборот воситалари фаолиятини кузатиш давомида  бир қатор муаммолар ҳам кўзга ташланадики, уларни хал этиш биринчи  навбатда  соҳа  ходимлари, журналистларнинг  ўзларига, уларнинг ўз устиларида  ишлашлари, амалий билим-кўникмаларини  оширишлари, интилиш ва изланишларига  боғлиқ.

Жумладан ,мамлакатда  юз бераётган  воқеа-ҳодисаларга  журналистлар муносабати, уларни ёритишда мавзу  ва объектни чуқур  ўрганиш,  таҳлил қилиш маданияти, ахборотларнинг ҳаққоний ва ишончлилигини  текшириш, ижтимоий тармоқларда  шов-шувларга эътиборнинг кучайиши, журналистлик ва  блогерликнинг ўзига хос хусусиятлари, касбий  этика меъёрлари   билан боғлиқ масалалар  соҳада долзарблик  касб этмоқда.

Кенгаш  аъзоларининг фикрича,  журналистларнинг билим-кўникмалари, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга  алоҳида эътибор қаратиш  лозим ва  бу  мақсадда  ташкил этиладиган ўқув тадбирларини ҳам назарий, ҳам амалий  билимга  эга бўлган  тажрибали  экспертлар олиб боришлари мақсадга мувофиқ.

Йиғилишда кенгаш  фаолиятини йўлга қўйиш, унинг  медиамуҳитда ўз ўрнини эгаллаши,   ОАВ ходимларининг   касб этикаси меъёрларига риоя этиши билан  боғлиқ  масалалар  муҳокама қилинди  ва келгуси фаолият  учун  мақсад-вазифалар  белгилаб  олинди.

Кенгаш  ҳар чорак якуни бўйича йиғилиб, ўтган вақт  давомида  ўрганилган  масалалар юзасидан   ҳисобот   тайёрлаб, уни  уюшма муассислигидаги   “Hurriyat”  газетаси ва  Журналистлар ижодий уюшмаси  сайтида эълон қилиб боради.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг шу йил 23 июлда бўлиб ўтган  республика конференциясида Ўзбекистон Журналистлари касб этикаси кодекси  қабул қилинган ва айни шу  конференция иштирокчилари  томонидан   кодекс талаблари ва меъёрлари бузилиш ҳолатларини кузатиш, таҳлил қилиш ва тегишли хулоса чиқариш  мақсадида уюшма  қошида Оммавий ахборот воситалари бўйича жамоатчилик кенгаши  сайланган эди.

Кенгаш  етти кишидан иборат бўлиб, оммавий ахборот воситаларида кўп йиллик иш тажрибасига эга  таниқли журналист ва  экспертлардан  шакллантирилган.

Кодексда  эътироф этилганидек, Жамоатчилик кенгаши миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (тарқатилган) материалларни журналистнинг касб этикаси меъёрлари нуқтаи назаридан ўрганади, таҳлил қилади, баҳолайди, хулоса чиқаради; журналистлик фаолияти билан боғлиқ баҳсли ҳолатларга ойдинлик киритилишида ёрдамлашади; кодекс меъёрларига риоя этилмаслик ҳолатлари юзасидан тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади; журналист касб этикасига тааллуқли бошқа масалаларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этади.

Таъкидлаш жоизки, Жамоатчилик кенгаши қарори журналистни интизомий, маъмурий ёки бошқа турдаги жавобгарликларга тортиш учун асос ҳисобланмайди, у тавсия хусусиятига эга.

 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси