Ноширлик фаолияти такомиллашмоқда

2019-09-09T06:07:48+00:009 Sentabr, 2019|Самарқанд вил.|

Гап Самарқанд шаҳридаги “Эрудит” ижодий марказида “Ноширлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш” мавзусида ўтказилган давра суҳбати ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги   Ахборот ва оммавий комуникациялар агентлиги ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда депутатлар, ноширлик ва матбаа соҳаси ходимлари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

–  2019 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Шарафутдинов. – Кеча қабул қилинган қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирнинг бугун Самарқандда ўтказилаётгани бежиз эмас. Сабаби, шу пайтгача амалда бўлган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича айнан самарқандлик ноширлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклифлар киритган эди.

Тадбир қизғин баҳслар асосида давом этди. Иштирокчилар қонуннинг янги таҳририга “ноширлик фаолияти”, “нашриёт”, “ноширлик маҳсулоти”, “матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи”, “нашрниинг чиқишига доир маълумотлар”, “ноширлик фаолияти субъектлари” каби тушунчалар киритилаётгани нафақат амалдаги қонуннинг муайян қоидалари ноаниқлигининг олдини олишини, балки замонавий қонунчилик техникасига, ҳозирги амалиётнинг талабларига, шунингдек, ноширлик фаолиятининг институционал ривожланишидаги тенденцияларига мувофиқ матнни баён этиш учун конструктив имкониятлар яратишини таъкидлади.

Шунингдек, қонун лойиҳасига ўз таклифларини билдиришди.

Тўлқин Сиддиқов.