Нега дўппи киймай қўйдик?

2019-09-19T13:27:17+00:0019 Sentabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Дўппи кийиб кимга нимани исботламоқчи эдим? Қадриятлар унутилмайди, демоқчимидим? Аммо ҳозир ишга ёки ўқишга дўппи кийиб бориш эриш туюлади. Одамлар бегонадек қарайдими-ей…

Ҳаммаси Самарқанд шаҳрида бошланди. Туркий тилли ижодкорлар анжуманида ташкилотчилар барчага биродарлик рамзи сифатида ўзбек дўпписини тарқатишди. Туркнинг ҳам, озарнинг ҳам, туркманнинг ҳам бошида ўша қалампир дўппи! Бир чиройли-ей! Аммо баъзи тенгдошларимиз ўзини миллий бош кийимни кийишдан уялгандек тутганига орим келди. Қарор қилдим: энди доим дўппи кийиб юраман…

Шароф Бошбековнинг «Масхарабоз» фильмида масхарабоз Теша калтак еб, кейин уст-бошини қоқа туриб айтган гапи бор: «Қўл бутун, оёқ ишлаяпти, бош ҳам соппа-соғ. Ие, дўппи қани? Ҳа, мана экан, топдим. Бош омон бўлса, дўппи топилади, дегани шу бўлса керак…» Муаллиф халқнинг доно нақлини ўз ўрнида қўллаб, сўз ўйини қилган.

«Тинчликми? Дўппи кийибсиз?»

Кўҳна кентдан азим пойтахтга бошимда дўппи билан қайтдим. Кўрганлар бирдан сергак тортади. Хижолат тортибгина «тинчликми» деб сўрайди. «Ҳа» дейман, «дўппи кийгим келди» дейман, «ўзбек бўлгим келди» дейман. Университетга бораман, устозлар таажжуб билан қарайди, курсдошларим кўнгил сўрайди. Мен қайта-қайта ниятимни тушунтираман: «Дўппи кийгим келди, ўзбек бўлгим келди». Гўё дўппи кийса, ўзбек бўлиб қолиш мумкинлигини ақлга сиғдиролмагандек қарайди нигоҳлар. Декан кўришгач, кўнгил сўрайди. «Дўппи кийишни урфга киритмоқчиман», дейман хонасининг бурчидаги дўппи кийиб хаёллар оғушида тушган портретига тегиштириб. Кулиб қўяди. Факультетнинг интернетдаги гуруҳида барча йигитларни дўппи кийиб келишга чақираман. «Университет одоб-ахлоқ қоидалари»га зид эмасдир», деб илмоқ ташлайман…

Автобусда бир онахонга жой бераман. «Ўғлим, сумкангизни бера қолинг», дейди. Бўм-бўш сумкамни кўтартириб кетиш малол келади. Лекин у қўймайди: «Дўппингизнинг ҳурмати учун. Ўғилларимга кўп айтаман, қани бирортаси кийса, одамлар кулармиш. Мана, бўларкан-ку». Автобусга йиртиқ-ямоқ шим кийган иккита бола чиқади. «Кўчада юришга шулар уялсин», дейди онахон.

Таксига ўтираман. Ҳайдовчи дўппимга қарайди: «Водийда нима гаплар?» Мен воҳалик эканимни айтаман — ҳайрон қолади. Унда нега марғилон дўппи кийиб юрганимни сўрайди. Менга шунақаси ёқишини айтаман. Воҳаликлар бундай дўппи киймас экан. «Бунинг аҳамияти йўқ», дейман. У эса менга қандайдир қоидани бузган одамга қарагандек қараб қўяди…

Ишхонага бораман. Яна ҳаммада ўша ҳайрон нигоҳ. Жавобим эса ўша-ўша. Ёши каттароқ опа қувонганини яширмайди: «Одамларнинг кўзи дўппига ўрганмаган, шу даражага етдик», деб ёзғиради… Аслида қилган ишим рекламага ўхшаб қолганини сезаман. Аммо баъзан одам миллий ўзлигини реклама қилиши керак бўлар экан. Ёдидан чиқиб кетмасдан, албатта.

«Шароф Рашидов яхши кўрарди…»

Кўчада кетяпман. Кексайиб қолган бўлса-да, барваста, сочлари оқариб қолгану юзидан ёшлик шижоати кетмаган бир рус кишиси узоқдан қараб турганини сезаман. Қандайдир ҳаяжон бор юзида. Мен томонга юра бошлайди. Нима гапи бор экан? Келиб кўришади. Қаерданлигимни сўрайди. Бошимда дўппига ишора қилиб гапира бошлайди. Сўзларини уқиб олишга ҳаракат қиламан. У ўзбекча гапларимни шундай қабул қилади:

— Тошкентда бундай дўппи кийишмайди. Қаердансан?

— Қаршиданман

— О, Қарши…Биламан… Знаю-знаю, — дейди ўзбекча сўзлашга уриниб. — Рашидовни биласанми? Шароф Рашидовни?..

— Ҳа, дейман.

— Ким, ким? — русий оҳанг билан.

— Ўзбекистоннинг раҳбарларидан…

— Великий человек. Катта-а… Шароф Рашидович яхши кўрарди (дўппимга ишора қилиб). Ёдимда. Унга хизмат қилганман. Дўппини ечма… Шароф Рашидович яхши кўрарди.

У шундай дедию яна йўлида давом этди… Унинг сўзларини қийналиб тушунаман. Ниманидир эслаб қувонганини сезаман.

Қачон ўзимизни «миллийлаштирамиз?»

Телеграм профилимга дўппи кийиб тушган суратимни қўйиб қўйсам, аям хавотир билан телефон қилади. Дадам сўкиб беради: «Уйга бундай келиб турма, кўрганлар бунинг кими ўлди экан, деб ўйлайди», дейди. Мана, адабиётга қаранг. Бир пайтлар Эркин Воҳидов: «Қайга борсам, бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб…» деб ёзган. Вақт ўтиб Муҳаммад Юсуф: «Бошга лойиқ дўппи йўқдир, Ё бош қолмади дўппига лойиқ» деб ёзғирди. Ўртадаги тафовутни кўряпсизми?

Ўзбек дўпписи «эскилик сарқити» деб таҳқирланган замонларда ҳам унга одамларимизнинг меҳри қаттиқ эди. Аммо эркимиз ўзимизда бўлган даврларда унга эътибор пасайиб борган. Аслида дўппи бир рамз, холос. Миллийлик, ўзбеклик рамзи. Бирор брендни миллийлаштирмоқчи бўлсак, унга дўппи ё атлас рамзини сингдирамиз. Шу билан у «миллийлашади». Ўзимизни «миллийлаштириш» эса «қалбан ўзбеклигимиз» билан чекланади. Аслида эса йироқлашиш қалбдан бошланмаганмикан, деб ўйлаб қоламан…

«Дўппи кийма, кам бўлмайсан»

Яхши ният билан бошланган дўппи «операция»си жиддий қаршиликка учрай бошлайди. Метрога тушаётганимда посбон бошимга қарайдию сумкамни обдон назоратдан ўтказади. Шахсий кундалигимни олиб «текширади», ундаги узуқ-юлуқ фикрлар уни шубҳага солади, чамамда. Яна бошимда дўппиям бор… Дадам ҳар гаплашганимизда дўппимни сўрайверади: «Ечдингми?» Таътил бошланиб уйга қайтаётганимда, дўппимни киймайман.

Қишлоқ. Қадрдон одамлар. Тоғам дўппимни сўрайди. Қолиб кетибди, дейман. Тоғам: «Кўпдан қолма, бошқалар нима қилса, шуни қил. Бошқалардан ажратиб турадиган нимадир қилишга уринма. Шунда кам бўлмайсан (Кўп ҳам бўлмайман, дейман ичимда). Университетингда ким дўппи кийиб юрибди?» дейди. «Мен». «Бир ўзинг отнинг қашқасидек ҳамманинг кўзига кўриниб юргинг келадими?» дейди. Ўшанда қишлоққа дўппи киймай келганим тўғри бўлган экан, деган хаёлга бораман… Шу билан тугайди!

* * *

Яқинда компьютеримдаги фотолар орасида дўппи кийиб тушган суратимни кўриб қолдим. Унга қараб туриб, кулгим қистади. Кимга нимани исботламоқчи бўлибман? Қадриятлар унутилмайди, демоқчимидим? Аммо ҳозир ишга ёки ўқишга дўппи кийиб бориш эриш туюлади. Одамлар бегонадек қарайдими-ей… Қандайдир хижолатлик, уларнинг олдида бир айб қилгандек ҳис қилсам керак ўзимни… Ҳар ҳолда, улардан ажралиб қолмаслик керак. Шунда кам бўлмайман.

Суҳроб ЗИЁ.