Навоийни ўрганиш унинг тириклигидаёқ бошланган

2019-02-06T11:18:48+00:006 Fevral, 2019|Навоий вил.|

“Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзуида Навоийда ўтган III анъанавий халқаро илмий конференцияда Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Венгрия каби дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатидан 50 нафар навоийшунос олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Тадбир доирасида Навоий шаҳридаги санъат галереясида “Ҳазрат Алишер Навоийнинг бебаҳо хазинаси” деб номланган республика рассомлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмадан Файзулла Аҳмадалиев, Бахтиёр Маҳкамов, Шуҳрат Абдумаликов, Любовь Тиора, Мартин Антонян, Кумушхон Раҳмонова сингари рассомларнинг Навоий ва унинг асарларида гавдаланган қаҳрамонлар мўйқаламга олинган суратлари намойиш қилинди. Шунингдек, “Ёшлар маркази”да мутафаккир бобомиз асарларининг сўнгги йилларда қайта нашр этилган китоблари кўргазмаси ташкил этилди.
– Навоийга қизиқиш бутун дунёда, хусусан Fарбда тобора кучайиб бормоқда, – дейди Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров. – Ҳозирги даврда Америка, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда Навоий ижоди юзасидан тадқиқотлар олиб борилмоқда. Аслида Навоийни ўрганиш унинг тириклигидаёқ бошланган. Бу жараён эса узлуксиз давом этиб келмоқда. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, бугунги давр буюк бобокалонимиз ҳаёти ва ижодини ўрганишда янгича усул ва услублардан фойдаланишни тақозо этмоқда. Хусусан, аллома асарларини нафақат ўзбек тили ва адабиёти кафедра ва факультетларида, балки кенг оммага ҳам тарғиб қилиш вақти аллақачон келган.
Конференция иштирокчилари вилоятимизнинг тарихий масканларида ҳам бўлди.

Озод МУСАФОЕВ,
Ў ЖИУ Навоий вилоят бўлими мутахассиси

Шарҳ қолдириш