Навоийда ижод аҳлининг энг фидойилари муносиб тақдирланди

2019-08-15T11:23:27+00:0015 Avgust, 2019|Навоий вил.|

Навоий вилоятида давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан  “Энг улуғ,  энг азиз”  анъанавий  танлови ўтказилди. Навоий шаҳрида ўтказилган тантанали тадбирда ташкилотчилар – Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими,  вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар ҳамда Маданият бошқармалари ва навоийлик ижод аҳли вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш керак, жорий йилги танлов кўлами ва юқори савияда ташкил этилгани билан алоҳида фарқ қилди. Хусусан, бу йил танловга жами 50 га яқин ҳужжатлар келиб тушган бўлса,  30 нафар ижодкорлар муносиб тақдирланди. Айниқса, вилоятдаги журналистлар ҳамда бадиий ижод билан шуғулланаётган иқтидор эгаларининг фаоллиги алоҳида сезилиб турди.

  • Журналистлар жамиятдаги энг пешқадам қатлам, – дейди “Кончилар ҳаёти” газетаси муҳаррири, биринчи ўрин соҳиби Низомиддин Садриддинов. – Айни пайтда мазкур соҳада ҳам жадал ислоҳотлар, ўзгаришлар жараёни юз бермоқда. Матбуотимиз тобора очиқлик томон юз бураяпти. Бу жараён эса биз журналистларни янада шиддатли, фаол ишлашга имконият яратиши билан бирга икки карра масъулият ҳам юклайди.

Бадиий кечада тақдирлаш маросимидан сўнг санъаткорларнинг чиқишлари, дилкаш куй-қўшиқлар йиғилганларга янада хушкайфият бағишлади.

Озод МУСТАФОЕВ,

Уюшманинг Навоий вилоят

 бўлими мутахассиси.