Наманганда халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми бошланди

2019-09-13T10:47:19+00:0013 Sentabr, 2019|Наманган вил.|

Наманганда “ХХ1 асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишда инвестиция ва инновациянинг роли” мавзуига бағишланган халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми бошланди.

Халқаро тиббиёт форумида жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан, яъни Австрия, Венгрия, Польша, Россия, Туркия,  Жанубий Корея, Япония, Уммон, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия,  Ҳиндистон,  Миср,  Исроил, Сингапур, Словакия,  Малайзия, Озарбайжон, Қозоғистон, Беларусь, Болгария, Эрон, Саудия Арабистони, Туркманистон ва Украинадан 150 нафар хорижий компаниялар вакиллари ва тиббиёт соҳасининг етук олимлари қатнашмоқда.

Форумнинг тантанали очилиш маросими 13 сентябрь куни Тўрақўрғон туманидаги “Ширинлик” маданият саройида бўлиб ўтди. Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмонов ҳамда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров нутқ сўзлади.

“Қандли диабет ва юрак-қон томир касалликлари: даволаш ва диагностикасининг  замонавий усуллари”,   “Кардиология муаммолари ва юрак – қон томир  касалликларининг рентгенэндоваскуляр жарроҳлик ва кардиожарроҳлик йўли билан даволаш”,  “Хирургик хасталикларнинг юқори технологик даволаш ва ташхислаш усуллари”, “Оналик ва болалик соҳасида тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари. Оналик ва болаликда инновацияларнинг аҳамияти” ва “Фармацевтика тармоғи  ривожига инновацияларни татбиқ этиш” мавзуларида кечадиган секция муҳокамаларида хорижлик  ва ўзбекистонлик таниқли  олимлар ҳамда мутахассисларнинг илмий маърузалари тингланди.

Форум доирасида хорижий тадбиркорлар билан фармацевтикага оид меморандумлар имзолаш тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, 14 сентябрь куни тиббиёт соҳасининг таниқли намояндалари иштирокида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят перинатал марказида ва вилоят кардиология марказида ҳамда “Анамед” ва “Ойдин шифо” хусусий клиникаларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

Шу куни  Россия Федерацияси Урал давлат тиббиёт университетининг Наманган давлат университетида ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетининг очилиш маросимини ўтказилади.

Меҳмонлар вилоятимизнинг тарихий обидалари, янги барпо этилган иншоотлар ва муқаддас қадамжоларни бориб кўрадилар.

– Ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли бизнес режалари бўйича вилоятимизга  инвестиция киритиш, янгидан-янги инновацияларни амалиётга татбиқ этиш, тиббиётда замонавий технологияларни қўллаш, фармацевтика саноатини  тараққий эттириш форумнинг бош мақсадидир, – дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўмиинов.

Қувайт давлатининг дунёга машҳур  «Mutawa Trade co», «Amsterdam international treding co.», «Bisiness rekordes» компанияларининг вакиллари билан ўтказилган музокаралар самарали руҳда ўтди.

Саида ИСМОИЛОВА,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

вилоят бўлими мутахассиси.