", "name": "Ўзбекистон ва Германия – ишончли, муҳим ва узоқ муддатли ҳамкорлар", "image": "http://journalist.uz/wp-content/uploads/2019/05/prezidentlar-surati.jpg" }

Ўзбекистон ва Германия – ишончли, муҳим ва узоқ муддатли ҳамкорлар

2019-08-12T11:51:11+00:0029 May, 2019|Рукнсиз|

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 27 май куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 28 май куни Кўксарой қароргоҳида бўлди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Франк-Вальтер Штайнмайер тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди.

Давлатимиз раҳбари Германия Президенти ва халқини тарихий сана – ГФР ташкил топгани ҳамда Бош қомуси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан табриклади.

Германия Федерал Президенти давлатимиз раҳбарига мамлакатимизга таклиф ва кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон билан Германия ўртасида изчил сиёсий мулоқот йўлга қўйилган. Франк-Вальтер Штайнмайер ГФР ташқи ишлар вазири сифатида 2006 ва 2016 йилларда ҳам юртимизга келган. Бу галги ташриф дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ҳамфикрлик ва тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Сиёсий соҳада мамлакатларимиз БМТ, ЕҲҲТ каби халқаро ташкилотлар доирасида глобал ва минтақавий масалалар бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Германиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолигига интилишини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасидаги фаол алоқалар Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигининг муҳим қисмини ташкил этади.

Германия Ўзбекистоннинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига кўмаклашиш, Орол инқирози оқибатларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.

Мулоқотда томонлар халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Президентлар Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий, инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон – Германия маслаҳатлашувлари механизмининг йўлга қўйилишини маъқулладилар.

Мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро тажриба алмашишда парламентлар муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди. Бу борада 23 май куни Тошкентда ўтказилган конституцион тизим ва парламентаризм бўйича Ўзбекистон – Германия форуми ҳар жиҳатдан фойдали бўлгани қайд этилди.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, шериклик алоқаларини истиқболли ташаббуслар ва лойиҳалар билан бойитиш, янги кооперация шакллари ва механизмларига ўтиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда Германия компаниялари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари алоҳида назоратда экани таъкидланди. Мамлакатимизга инвестиция киритаётган бундай компаниялар учун энг кўп қулайликлар яратишга тайёрлик билдирилди.

Германияда ишлаб чиқарилган юқори сифатли машина ва ускуналар, кимё ва фармацевтика товарларига мамлакатимизда талаб катта. Ўзбекистон Германия бозорига қишлоқ хўжалиги, нефть-кимё маҳсулотлари ва бошқа харидоргир товарлар етказиб беришга тайёр. Мамлакатимизнинг экспортчи компаниялари Германияда ўтказилаётган “Яшил ҳафта”, “Озиқ-овқат ва логистика” каби нуфузли кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб, ҳамкорлик доирасини кенгайтирмоқда.

Музокараларда бу борадаги янги имкониятлар муҳокама қилинди, ўзаро манфаатли таклифлар кўриб чиқилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Германия сармояси иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 160 тадан ошди. Шундан 42 та фирма ва компания тўлалигича хориж капитали ҳисобига тузилган. 2018 йилда ўзаротовар айирбошлаш ҳажми 25 фоиз ўсиб, 770 миллион доллардан зиёдни ташкил этди.

Жорий йил январь ойидаги ташриф чоғида эришилган келишувлар натижасида Германия компанияларининг Ўзбекистон билан инвестицивий ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди. Айни пайтда мамлакатимизда дунёга машҳур Германия компаниялари билан ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, «MAN” компанияси билан замонавий юк автомобиллари, “Claas” ва “Lemken” компаниялари билан қишлоқ хўжалиги техникаси, “Knauf” билан қурилиш материаллари, “Deutsche Kabel” билан кабель-ўтказгич маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Германиялик мутахассислар иштирокида “Қарши – Термиз” темир йўли электрлаштирилмоқда.

Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгаши ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини кўпайтириш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Мунтазам равишда молиявий-техникавий ҳамкорлик борасида маслаҳатлашувлар, савдо ва инвестициялар ҳамда қишлоқ хўжалиги бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар мажлислари ўтказилмоқда.

Туризм соҳасида ҳам алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. Кейинги йилларда Германиядан юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони 4 баробар ошиб, 2018 йилда 20 минг кишига етди. Жорий йил 15 январдан Германия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилгани немис сайёҳлари сонини янада кўпайтиришга туртки беради.

Германияда соғлиқни сақлаш соҳаси юксак ривожланган. Ушбу соҳадаги ҳамкорлик доирасида Тошкент шаҳрида «Epsilon» компанияси билан биргаликда замонавий онкология клиникаси ва реабилитация маркази, Тошкент вилоятида “Opasсa” компанияси ва Мангейм университети клиникаси билан биргаликда онкология клиникасини қуриш каби муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шу кунгача Германия билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш соҳасида 32 миллион долларга тенг дастурлар ҳаётга татбиқ этилди, ўзбекистонлик мутахассислар ушбу мамлакат клиникаларида мунтазам малака оширмоқда.

Ўзбекистонда немис миллатига мансуб 8 мингдан зиёд фуқаро яшайди. “Видергебурт” немис маданият маркази, “Ўзбекистон – Германия” дўстлик жамияти немис маданияти ва анъаналарини сақлаш, асраб-авайлаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар, Германия академик алмашувлар хизмати (DAAD) ваколатхоналари ва бошқа ташкилотлар халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим институтларига айланди.

Маданият ва таълим соҳаларида самарали алмашувлар йўлга қўйилиб, минтақалараро ҳамкорлик доирасида Тошкент ва Берлин, Бухоро ва Бонн ҳамда икки мамлакатнинг бошқа шаҳарлари ўртасида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Музокараларда Ўзбекистон ва Германиянинг кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга интилиши муштарак экани, барча масалалар бўйича қарашлари ўхшаш ва яқинлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Ўзбекистонва Германия Президентларининг музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Ахборот алмашиш ва уни ҳимоя қилиш, зарарли газлар чиқарилишини камайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш, «Volkswagen» компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш тўғрисида ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Ушбу келишувлар, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан Германиянинг «Integra GmbH» ва «Vamed Engineering GmbH» компаниялари ўртасида Тошкент шаҳрида Ядровий тиббиёт ва нурли терапия марказини ташкил этиш бўйича тузилган битим халқимиз учун катта аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида ўтганини қайд этди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз халқаро майдонда ишончли, муҳим ва узоқ муддатли ҳамкорлар саналишини, кўп қиррали Ўзбекистон – Германия муносабатларини янада жадаллаштиришдан томонлар бирдек манфаатдор эканини алоҳида таъкидлади.

– Ўзбекистон томони жорий йил январь ойида Берлинда ўтган учрашувнинг мантиқий давоми бўлган бугунги музокаралар натижаларидан тўла мамнуният изҳор этади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишлари – сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларга доир масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳар томонлама таҳлил қилиниб, устувор йўналишлар ва келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Федерал Президент учрашувда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган ислоҳотларнинг истиқболлари ҳамда ушбу янгиланишлар Ўзбекистон – Германия муносабатларига бағишлаган юқори суръат батафсил муҳокама қилинганини таъкидлади.

– Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ўсиш рўй бераётганига гувоҳ бўлиб турибмиз ва бу бизни қувонтиради. Германиядан нуфузли делегация жавоб ташрифи билан келгани, музокаралар самарали ўтиб, муҳим келишувларга эришилгани, муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон раҳбари билан фикримиз бир жойдан чиққани ҳамкорликни кенгайтиришга икки томонда ҳам интилиш кучли эканидан далолат беради. Биз фақат мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар эмас, балки Европа Иттифоқи доирасидаги шериклик масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилиш имконига эга бўлдик. Бугунги ташриф Ўзбекистондаги янги сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлашимизнинг ифодасидир. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги, истиқболи порлоқ босқичнинг остонасида турибмиз, – деди Франк-Вальтер Штайнмайер.

Куннинг иккинчи ярмида ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

ГФР Президенти Ўзбекистон ва Германия ишбилармон доиралари вакиллари йиғилишида иштирок этди.

Германия саноат ва технологиялар ривожи бўйича жаҳонда илғор давлатлардан бири саналади. Бугунги кунда автомобилсозлик, кимё, электротехника, авиакосмик соҳа, қурилиш ва озиқ-овқат саноати Германия иқтисодиёти барқарор ўсишини таъминловчи асосий тармоқлар бўлиб келмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистонда германиялик инвесторлар иштирокида тузилган корхоналар, ушбу мамлакат фирма ва компаниялари ваколатхоналари муваффақият билан фаолият кўрсатаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Германиянинг қатор банклари билан алоқа ўрнатган, Тошкентда “Дойче-банк” бўлими ташкил этилган.

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни диққат билан кузатиб бораяпмиз. Мамлакатингиздаги инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажриба ва инновациялар билан ўртоқлашишга доимо тайёрмиз, – деди Франк-Вальтер Штайнмайер.

Йиғилишда Ўзбекистон ва Германия тадбиркорларининг турли соҳаларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини очиш масалалари муҳокама қилинди. Энергетика, нефть-газ кимёси, ахборот технологиялари, банк-молия, транспорт, атом энергетикаси каби соҳаларда шериклик алоқаларига оид қатор ҳужжатлар имзоланди.

Франк-Вальтер Штайнмайер пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги «Bakan Tex» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.

Германиянинг «Тручлер», «Зенцер», «Саурер» каби етакчи компаниялари технологиялари билан жиҳозланган корхонада пахтадан юқори сифатли ип-калава ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати 52 миллион доллар бўлган корхонада 500 дан зиёд ишчи меҳнат қилади. Бу ерда мамлакатимизда ягона автоматик қадоқлаш, тозалаш, чиқиндиларни пресслаш тизимлари ўрнатилган. Бу экологик тоза ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

ISO-9001 сифат менежментига эга корхона маҳсулотлари дунё бозорида жуда харидоргир. Айни пайтда маҳсулотлар МДҲ мамлакатлари, Хитой ва Туркияга экспорт қилинмоқда. 2018 йил якунига кўра, 9,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилнинг ўтган даврида 5 минг 770 тонна пахта толасидан 4 минг 800 тонна ип-калава ишлаб чиқарилган, 13 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Олий мартабали меҳмон пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва экспортга йўналтиришгача бўлган жараён ҳақидаги видеоролик билан танишди, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари билан суҳбатлашди.

Германия Президенти Тошкентдаги Гёте институтида бўлиб, Йоҳанн Вольфганг Гёте ҳайкалининг очилиш маросимида қатнашди.

Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонда Гёте сиймосига эҳтиром мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янги руҳда давом эттиришга, маданий-маърифий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Олий мартабали меҳмон Тошкентдаги Гёте институти фаолияти билан танишди.

Бугун Ўзбекистонда Германия академик алмашувлар хизмати, Конрад Адэнауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар ваколатхоналари, Немис халқ университетлари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича институти каби ГФРнинг кўплаб илмий-маърифий ташкилотлари муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.

Мамлакатимиздаги 1 минг 842 мактабда 377 мингдан зиёд ўқувчи немис тилини ўрганмоқда. Айни пайтда ўзбекистонлик 700 дан ортиқ талаба, илмий тадқиқотчи Германия олий таълим муассасаларида таълим олаяпти.

Тошкентдаги Гёте институтининг асосий мақсади немис тилини ўргатиш, халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Ҳозирги кунда институтнинг тил ўқитиш марказларида 4 мингдан зиёд юртдошларимиз немис тилини ўрганмоқда.

Франк-Вальтер Штайнмайер институтда тил ўрганаётган ёшлар, маданият ва санъат намояндалари, илмий доиралар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашди.

Федерал Президент икки ҳамюртимиз – Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси таржимони Мукаррам Каримова ва Марғилон шаҳридан немис тили ўқитувчиси Лидия Осинани “Bundesverdienstkreuz” (“Германия Федератив Республикасига кўрсатган хизматлари учун”) ордени билан мукофотлади.

Ҳамюртларимизнинг бундай юксак мукофот билан тақдирланиши нафақат уларнинг икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорлик ривожига қўшган ҳиссаси, балки давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматларининг ҳам эътирофидир. Тақдирлаш маросими Германияда Ўзбекистон билан алоқаларга алоҳида эътибор билан қаралиши, ҳамкорликни равнақ топтириш мақсадида фаолият кўрсатаётган вакилларимиз юксак қадрланишидан яна бир далолат бўлди.

ГФР Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

Манба:ЎзА

Leave a Review

  • feature
    0
Submit

User Reviews

REPLY
Cancel