ЖУРНАЛИСТЛАР ЖИПСЛИГИ дунёни бирлаштиради

Таниқли журналист ва олим Ҳалим Саидовнинг «Ishonch» газетасида чоп этилган «Журналист — у ҳокимиятга ким?» сарлавҳали мақоласида ОАВнинг бугунги ҳолати таҳлил этилади.

Мақолада қайд этилганидек, афсуски, мансабдорларнинг танқидий-таҳлилий мақолаларга муносабати қониқарсиз аҳволда. «Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ижроси таъминлангани йўқ. Матбуот саҳифаларида танқидий материаллар орқали кўтарилаётган жиддий муаммолар, камчилик­ларга ҳар доим ҳам ўз вақтида муносабат билдирилмаяпти. Шу сабабли қонунчилигимизда ОАВда эълон қилинган танқидий материалларга нисбатан давлат ҳокимияти органлари мутасаддиларининг масъулияти, жавобгарлигини белгиловчи талаб ва шартлар кўзда тутилса, айни муддао бўлар эди.
Муаллиф ўз мақоласини «Нега хорижий оммавий ахборот воситаларида куннинг энг долзарб воқеаси ва муаммоси ваҳимали сарлавҳаларда берилади-ю бизнинг матбуотимизда ундай эмас?» деган гаплар билан бош­лайди. Бу фикрда жон бор, аммо бу мулоҳаза ижодий жараёнга эмас, кўпроқ техник ёндашувга тааллуқли. Аслида, бу борада босма нашрлардан талай мисоллар келтириш мумкин. Масалан, «Кто игнорирует прессу, или стук в закрытые двери» («Правда Востока», 8 февраль), «Мени жазони ўташ колониясига қайтаринг» («Маҳалла», 4 апрель), «Қурувчининг қадди-ю қадри қачон баланд бўлади?» («Ишонч», 8 январь), «Эринг ўлса, уй берамиз!» («Жамият», 19 апрель), «Вазир шифокор «дард»ини кўтариб чиқди, беморлар дарди ҳақида қим қайғуради?» («Оила даврасида», 21 март), «Жаноби судья, нега адолат эшигини очмаяпсиз?» («Иқтисодий газета», 15 март) ва ҳоказо.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «ваҳимали сарлавҳалар» бўлгани яхши, сарлавҳалар остидаги мақолалар теран ва таъсирчан бўлса, янада яхши. Асосий гап – муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, теран, холис ва журналистик маҳорат билан таҳлил эта олишда! Муаммоли масалалар, «қайноқ» мавзулар эса журналист учун ҳар доим топилади.
Мақолада йиллар давомида шаклланган авторитар, либертиан, ижтимоий масъулият ва тоталитар назариялар таҳлили жараёнида дунё оммавий ахборот воситалари аллақачон ижтимоий масъулият жараёнига қадам қўйгани, лекин бунгача салкам 300 йиллик йўлни босиб ўтгани алоҳида таъкидланади. Биз эса «йўлдан адашган» тоталитар назариядан бор-йўғи 28 қадам узоқлашдик, холос. Лекин асосий гап бунда эмас. Гап шундаки, назария ҳамиша босиб ўтилган йўл таҳлилига асосланади. Глобаллашув жараёнини кечираётган бугунги дунё шиддати эса қолипларга сиғмайди. Замон шитоб билан илгарилаб бораяпти. Манфаатлар кураши, бешафқат рақобат ҳар жаб­ҳада ўз руҳини намоён этмоқда. Шу маънода, ижтимоий масъулият назарияси ҳам янгиланиб, юксак инсонпарварлик ва гуманизм ғоя­лари устуворлик касб этаётганини ҳам илғаш қийин эмас.
Жорий йил 24-30 март кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида «Дунёда тинчлик ва бунда журналистларнинг ўрни» мавзуида бутунжаҳон журналистлари конференцияси бўлиб ўтди. 50 та давлатдан вакиллар иштирок этган ушбу анжуман якунлари бўйича «Ҳуррият» газетасида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимовнинг «Журналистлар эзгу ғоялар атрофида бирлашса, дунё бирлашади» мақоласи эълон қилинди.
Унда ёзилишича, мазкур анжуманда жаҳон журналистларининг дунёда тинчлик барқарор бўлишидаги миссияси нақадар улуғ экани қайта-қайта таъкидланган. Чунки дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида айтилган журналист сўзи мазкур воқеаларнинг омма томонидан қабул қилинишига катта таъсир кўрсатади.
— Биз журналистлар, – дейди Жанубий Корея журналистлар ассоциацияси президенти Жунг Кию Сунг, – тарих солномачиларимиз. Лекин ҳар қандай замонда журналист учун эзгу интилишлар ва инсонпарварлик ғояларига дахлдор мавзуларда қалам тебратиш шарафли юмуш саналади.

АҚШ профессионал журналистлари миллий жамияти президенти Жанет Марие Тарқунийонинг фикрича, «Журналистлар дипломат эмас. Улар ўз мамлакатлари фойдаси учунгина хизмат қилишмайди. Қолаверса, улар сиёсий партиялар, ижтимоий гуруҳлар қизиқишлари ёки ўз шахсий манфаатлари қобиғида қолиб кетмаслиги лозим. Улар учун асосий мезон – одамларнинг тинч-тотув ҳаёти. Айниқса, воқеа­лар ёмонлик тарафига ўта бошлаганда, келишувлар ҳеч қандай натижаларга олиб келмаганида ёки вазият чигаллашган бир вазиятда журналист воқеалар ривожини ўз хулосаларига таянган ва пухта текширилган ҳолда ёритиши лозим. Журналист фақатгина биринчи бўлиб хабарларни етказишгагина эмас, балки ўзи билдираётган хулосанинг қонунга қанчалик мос эканига ҳам эътибор қаратиши керак».
Демак, глобаллашув жараёнлари тобора кучайиб бораётган ҳозирги жараёнда оммавий ахборот воситалари, жумладан, журналистларнинг яқин ҳамкорлиги, касбий биродарлиги, холислиги янада муҳим аҳамият касб этмоқда, башарият олдидаги масъулияти тобора юксалиб бормоқда. Журналистлар қўлни қўлга берса, журналистлар эзгу ғоялар атрофида бирлашса, дунё бирлашади.
Бугун миллий журналистикамиз, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари, ҳеч шубҳасиз, мана шундай глобаллашув шароитида тамомила янгича жараёнларни ўз бошидан ўтказмоқда. Босма нашрларимиз ҳам шаклан, ҳам мазмунан янгича қиёфа касб этмоқда, электрон оммавий ахборот воситалари тармоғи тобора кенгайиб бормоқда, интернет нашрлари медиа маконда тошқин сел каби қулоч отаяпти, блогерлар ўзларини кўрсатаяпти. Журналистларнинг янги замон тарбиясини олаётган беҳаловат авлоди майдонга кириб келаяпти.
Бугун ижодий жараёнда қандай ижобий, салбий анъаналар, ғоялар пайдо бўлмоқда, уларнинг ижтимоий аҳамияти нималарда кўринмоқда, қандай жанрлар бугун етакчилик қилмоқда, қандай муаммолар юзага келмоқда, уларнинг ечимлари нималардан иборат? Устоз муҳаррирлар маҳорат мактабларининг ибратли жиҳатлари, тил ва услуб борасидаги ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат ва улар ёш журналистларнинг ижодий изланишларига нечоғли самарали таъсир кўрсатмоқда? Афсуски, бу жараёнларни миллий журналистикамиз тадқиқотчилари ҳали етарлича ўргангани йўқ. Ҳолбуки, ана шундай таҳлилларгина ўзбек миллий журналистикасининг бугунги кундаги ўрни ва мавқеини белгилайди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг давлат ва жамият ўртасидаги воситачилик фаолияти ижтимоий масъулият назариясига нечоғли мувофиқ эканини ҳам кўрсатиб беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳалим Саидовнинг мазкур мақоласи эътиборга молик бўлиб, муаллиф илгари сурган муаммоларни назариётчи ва амалиётчилар ҳар томонлама чуқур ўрганиши зарур.

Шоқаҳҳор САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси етакчи мутахассиси