Пресс-релиз

2019-08-12T11:53:54+00:004 Aprel, 2019|Пресс-релизлар|

2019 йил 5 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида  журналистика соҳасида ХIV “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтади.

Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб таъсис этилган танлов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Маданият вазирлиги,  Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги,  Миллий телерадиокомпания, Электрон ОАВ миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва бошқа бир қанча ташкилотлар ҳамкорлигида миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш мақсадида ўтказиб келинмоқда.

Танлов телевидение, радио, босма ОАВ ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилади. Унда 13 та – битта бош миллий мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот ҳамда “Энг яхши фоторепортаж”, “Энг яхши матбуот хизмати” , Инсон ҳуқуқлари мавзусидаги энг яхши  материал” ва  “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.

Йиғилишда   “Олтин қалам” ХIV Миллий мукофоти учун халқаро танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилади. Хусусан, ташкилий қўмита ва унинг ишчи гуруҳи таркиблари ҳамда иш режаси муҳокама этилиб тасдиқланади. Шунингдек, танлов ғолибларига мукофотларни топширишга бағишланган тантанали маросимни, жумладан, санъат усталари, ўзбек эстрадаси юлдузлари ҳамда ижодкор ёшлар иштирокида байрам концертини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади.

Танловни ўтказиш жараёнида таниқли журналист ва экспертлардан  иборат танлов ҳайъати шакллантирилади. Танловга тақдим этилган ижодий ишлар мавзунинг ижтимоий аҳамияти,журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий – таҳлилий мушоҳада, сўзга масъулият ва ифода маҳорати мезонлари  асосида баҳоланади.

Анъанага кўра, бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари  (ЮНЕСКО,  Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, ЮСАИД, “Региональ диалог” (Словения), Германия Халқ университетлари ассоциацияси ва бошқалар) ва миллий  ҳамкорлар ҳам “Олтин қалам” Миллий мукофоти танловида ўз мукофотлари билан иштирок этади.

“Олтин қалам” ХIV Миллий мукофоти халқаро танлови ғолиблари 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни “Туркистон” саройида ташкил этиладиган тантанали маросимда  тақдирланадилар.

Танловни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди  маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Қўшимча маълумотлар:

“Олтин қалам” миллий мукофоти халқаро танлови 2006 йилдан бери  ўтказиб келинмоқда.  Агар 2006 йили ўтказилган  “Олтин қалам”  I  Миллий мукофоти учун танловда  136 нафар журналист 1669 та ижодий иши билан қатнашган бўлса,  2018 йили ўтган ХIII Миллий мукофот учун танловда  520 нафар ижодкор 8500  га яқин материал билан иштирок этди. Умуман олганда, шу вақтга қадар танловда 6500 дан ортиқ журналистнинг 10 000 га яқин ижодий иши кўриб чиқилди. 280 нафар   ҳамкасбларимиз танлов ғолибига айландилар. Мазкур танловларни  ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш учун  жами 3 165 640 000 сўм  маблағ сарфланди.