Ахборот глобаллашуви жараёнида журналистиканинг янги вазифалари

2019-08-12T12:03:05+00:0019 Fevral, 2019|Илмий мақолалар|

Беруний Алимов,

филология фанлари бўйича

фалсафа доктори

ХХ асрнинг 90-йилларида истиқлолга эришган давлатлар мустақил тараққиёт йўлини яратиш билан бир вақтда тобора авж нуқтасига кўтарилаётган глобаллашув жараёнлари талабларига мослашишга мажбур эдилар. Глобаллашув ҳодисасига шу қадар кўп таъриф берилганки, улар қанчалик хилма-хил бўлмасин, барчасида бир катта ҳақиқат – глобаллашув – умумлашув, яхлитлашув, ўзаро алоқадорлик ва ҳамкорлик эканлиги у ёки бу кўринишда, шакл-шамойилда таъкидланади, такрорланади. Яна бир ҳақиқат – глобаллашув, кенг маънода олиб қаралганда, кўпроқ ахборот глобаллашувида ўз ифодасини топмоқда.

Бундай ҳолат жаҳон медиа маконида ахборот ва умуман оммавий ахборот воситалари тушунчасини ўзгартириб юборди. Вужудга келган “янги жаҳон ахборот тартиби” ҳар қандай давлат олдига янгидан-янги вазифаларни кўндаланг қўйди. Қолаверса, ушбу ҳолатга мослашиш мустақил давлатнинг халқаро имижи шаклланишида ҳал этувчи аҳамият касб эта бошлади.

Шундай экан, халқаро журналистика нима? Жаҳон медиа макони қандай тушунилади? Улардаги йўналишлар, манфаатлар, қонуниятлар нималардан келиб чиқади? Глобал ахборий қарама-қаршиликлар ҳамда ғоявий-сиёсий технологияларнинг таъсири мамлакатимиз журналистлари олдига қандай талаб ва вазифаларни қўймоқда? Халқаро журналистика дунёсига Ўзбекистоннинг интеграцияси журналистларимиз олдига қандай янгидан-янги талабларни қўймоқда?

Бу каби саволларга ҳам назарий, ҳам амалий нуқтаи назарлардан жавоб топа билиш жамиятнинг, давлатнинг замонавийлигидан, замон талаблари даражасида тараққий топаётганлигидан, пировардида эса халқ ва давлат имижи нечоғли мукаммал яратилаётганлигидан далолат берувчи мезон бўлиб қолмоқда.

Инсоният “глобаллашув” деб аталган янгича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган ва бу алоқалар жадал суръатларда кенгайиб, чуқурлашиб бораётган янги тараққиёт босқичига чиқди. Бунинг натижасида “глобаллашув” сўзи иқтисодийгина эмас, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва бошқа қарийб барча соҳалардаги умуминсоний жараёнларни қамраб олувчи тушунчага айланиб улгурди.

Ахборот глобаллашуви дунё мамлакатларидаги шарт-шароит ва ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётимиздаги умумийликни, ўхшашликларни келтириб чиқарди. Бунинг оқибати ўлароқ:

биринчидан, дунёда олий даражадаги илғор жамият барпо этишнинг бирдан-бир оқилона йўли демократик-ҳуқуқий давлат қуриш эканлигини эътироф этиш кучайди;

иккинчидан, демократик-ҳуқуқий жамиятнинг бош белгиси ва шартларидан бири – оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги эканлигини инкор этиш мумкин бўлмай қолди;

учинчидан, бирор тараққий этган мамлакат матбуотини эркинлаштириш соҳасида эришилган илғор тажрибаларни узоқ-яқин давлатларга тарқатиш имкониятлари кўпайди;

тўртинчидан, халқаро журналистика мактабларини қамраб олишга қодир кўплаб муҳим халқаро ҳужжатлар яратилди ва ҳаётга татбиқ этилди ;

бешинчидан, дунё мамлакатларидаги матбуот эркинлиги аҳволини халқаро миқёсларда кузатиш, улар ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш, баҳосини бериш ва шу асосда муайян мамлакатдаги аҳвол ҳақида дунё жамоатчилиги фикрини шакллантириш одати бирмунча оммалашди.

Санаб ўтилган ҳолатлар, табиийки, дунёни яхлит ахборот майдонига айлантириб улгурмоқда.

Эътироф этиш керак, эндиликда давлатларнинг қудрати, салоҳияти нечоғли кўп ахборотга эгалиги билан ўлчанмоқда. Энг муҳими, ахборотга эгалик қилиш теварагида рақобат ҳар қачонгидан кучайиб бормоқда.

Мазкур жараённинг ўзи халқаро журналистиканинг қарор топишини, ривожланишини, пировард натижада бутунжаҳон журналистикаси хусусиятларининг умумийлашувини жадаллаштирмоқда. Филология фанлари доктори Х.Дўстмуҳамедовнинг фикрига кўра, бу ҳол миллий журналистикани жаҳон журналистикаси нуқтаи назаридан, айни чоғда жаҳон журналистикасини миллий журналистика нуқтаи назаридан ўрганиш, таҳлил қилиш заруратини кун тартибига қўймоқда (Дўстмуҳаммад Х. Журналистнинг касб одоби муаммолари. Т.: Янги аср авлоди, 2007. – Б. 19.).

Тўғри ва аниқ белгилаб олинган вазифалар қаторида, фикримизча, жаҳон медиа макони, унда халқаро журналистиканинг ўзига хос ўрни ва аҳамияти, шунингдек, миллий журналистиканинг жаҳон медиа маконида тутган ўрни каби мавзулар ҳам долзарб масалалар сирасига киради. “Халқаро журналистика”, “хорижий журналистика”, янада кенгроқ маънода қўлланадиган “жаҳон журналистикаси” атамаларининг ҳар бири ўзига хос баҳо, маъно бўёқлари ва йўналишларга эга бўлиш билан бирга, умуман олганда бир тушунчани ифодалайди.

Шунга ҳам аҳамият бериш лозимки, аксар Ғарб мамлакатларида “журналистика” сўзи билан бир қаторда “mass media”, “mass communications” яъни “оммавий медиа”, “оммавий коммуникациялар” атамалари ҳам кенг қўлланади ва улар биринчи навбатда тармоқларга бўлинган ахборотнинг компьютерлашган ва электронлашган тизимини назарда тутади.

Хўш, мазкур атамалар ўртасида ҳақиқатан ҳам аниқ бир фарқловчи мазмун борми? Ҳозирги кунга келиб жамиятда ўзига хос ижтимоий-сиёсий фаолият соҳаларидан бирига айланган “халқаро журналистика” тушунчасига таъриф беришдан аввал шу соҳанинг жаҳон мамлакатлари тараққиёти жадаллашувига туртки бўлган айрим омилларини кўрсатиб ўтиш ўринлидир (АҚШ ва Европа журналистикаси. Маъруза матни. – Т.: 2007. – Б. 4.):

Иқтисодий омил. Умумжаҳон иқтисодий маконида янги пайдо бўлган давлатлар ва минтақаларни ўз ичига олган иқтисодий жараёнларнинг глобаллашуви;

Технологик омил. Саноатда, илм-фанда, маданият ва хизмат (сервис) соҳаларида ахборот технологиялари ва замонавий компьютерлар орқали бўладиган алоқаларнинг кенг тус олиши, шу билан бир қаторда, коммуникация технологияларининг глобаллашуви, очиқ жамиятлар сонининг ортиб бориши;

Табиий-экологик омил. Тобора тугаб бораётган табиий бойликлар ва ички заҳираларнинг жаҳондаги турли халқлар ва давлатларни ягона куч остига бирлашишга ва ўзаро ҳамкорлик қилишларига даъват этиши ҳамда пировардида, мазкур омиллардан оқилона фойдаланиш бўйича биргаликда ҳаракат қилишни кўзловчи янгича дастур ва лойиҳаларнинг ишлаб чиқила бошланиши;

Инсон омили. Дунё миқёсида умумтаълим даражасининг ортиши, жамият бўғинлари, илм-фан ва таълимни инсонийлаштириш, яъни бутун инсон зотининг ҳуқуқларини тенг кўрган ҳолда барча учун имконият ва эркинлик бериш заруратининг англаб етилиши. Инсонпарварлик, тенгҳуқуқлилик ғоялари, халқларни бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қиладиган ўзаро ҳурматга асосланган халқаро муносабатларнинг шаклланиши ва кенг тарқалиши.

Юқорида санаб ўтилган омиллар, бошқа шарт-шароитлар умумдунё миқёсида кечаётган муҳим ижтимоий воқеликларга фаол кузатувчилик ва шарҳловчилик қилиш талабини келтириб чиқарди, бу вазифани замонавий профессионал даражада бажариш заруриятини туғдирди. Аниқроқ қилиб айтганда, жаҳон миқёсида кечаётган жараёнлар, воқеалар дунё миқёсида оммабоп тарзда эътироф этилишини, дунё миқёсида оммабоп руҳда таҳлил

ва тадқиқ этилишини тақозо қилди – мазкур вазифани адо этишни эса айнан халқаро журналистика ўз зиммасига олди.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, халқаро журналистика дипломатия билан узвий боғлиқ бўлиб, у халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва сиёсий меъёрларидан кенг фойдаланилиш заруратига алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, миллий-маданий ўзига хосликлар, қадриятлар, менталитет ва ахлоқий-тарбиявий меъёрлар, анъана ва ақидалар ҳам халқаро журналистиканинг таркибий унсурларидандир.

Ҳозирги, замонавий маънодаги журналистика дастлаб Англия ҳудудида 18-асрда хусусий (яъни, персонал) журналистика асосида пайдо бўлди ва ривожланди. Журналистиканинг жамиятдаги сезиларли кучга, таъсирга эга бўлишида Жонатан Свифт, Даниэл Дефо, Ричард Стил сингари атоқли адибларнинг ўрни катта бўлган, бинобарин уларнинг номлари бугунги кунда ҳам мамлакат журналистикасининг асосчилари сифатида тилга олинади.

Бироқ замонлар ўзгариши натижасида ҳар бир мамлакатда оммавий ахборот воситалари тизими турли ижтимоий-сиёсий шароитларда, турли ҳолатларга мослаша борди. Дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, журналистика реал воқеликнинг инъикоси, маҳсули сифатида вужудга келгани, тараққий топганини кўриш мумкин. Ҳар бир мамлакатда миллий журналистиканинг ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши ҳам айнан мазкур омилга боғлиқдир.

Сир эмаски, айни даврда Интернетдан фақат ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш Ғарб мамлакатларининг асосий мақсадларидан бирига айланмоқда. Ривожланган мамлакатларда кибер хавфсизликни мустаҳкамлаш масаласига, шунингдек, Интернетдан ҳарбий-психологик таъсир ўтказиш мақсадида фойдаланишга жиддий эътибор берилмоқда. Баъзи бир давлатлар Интернетни ўз мақсад-режаларига тўғридан-тўғри бўйсундиришни маъқул кўрсалар, айримлари уни чеклаш, чегаралаш орқали ҳимояланиш чорасини ишлаб чиқмоқдалар.

Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Чунончи, Эрон Ислом Республикасида мамлакатни ташқи Интернетдан узиб, мутлақо миллий ички “ўргимчак тўри”ни яратиш устида иш олиб борилмоқда. Хитой эса хорижий ижтимоий тармоқларни батамом ёпиб ташлаш ҳамда матнни фильтрлаш борасида техник чораларни кўрмоқда.

АҚШ маъмурияти 2012 йилда дунёда биринчи бўлиб Кибермакон учун халқаро стратегияни эълон қилди. Ушбу ҳужжат асосида кибер технологиялардан самарали фойдаланиш орқали мамлакат ичкарисида хайрихоҳ медиа муҳитини яратиш кўзда тутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мутахассислар буни АҚШ томонидан глобал миқёсда одамларнинг онгига

бевосита таъсир кўрсатишга бўлган уриниш сифатида баҳоламоқдалар. “Российская газета”да “АҚШ давлат департаменти Россия билан янги уруш бошлаш ишларини якунламоқда, – деган сенсацион хабар босилди. – Бу урушда асосий босқинчилик қуроли сифтида компьютер, жанг майдони учун эса Интернет танланди”. Белгиланган режага кўра, рус тилида фаолият юритадиган барча сайтлар, блог ва чатлар қаттиқ тазъйиқ ва босим остида қолдирилади (Воробьев М. Белый дом назвал Интернет “полем боя”. // “Российская газета”. 30 октября 2008). Мазкур вазифа юкланган хизмат (“Ташқи рақамли алоқалар жамоаси” деб аталади – Б.А.) мутасаддиларидан бири тарқатган маълумотга кўра, Интернет тўлқинларидаги бундай ахборот жанги араб, форс ва урду тилларида ҳам олиб борилади.

Айни вазиятда ахборотга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгариб, унинг шаклланишида медиасаводхонликнинг ўрни тобора ортаётгани бежиз эмас.

Ахборот жангида туғилаётган жиддий муаммолардан бири ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган давлатларнинг ривожланганлик даражасига бориб тақалмоқда. Дейлик, қудратли давлат ҳали ривожланмаган ёш мустақил давлат билан ҳамкорлик борасида аҳдлашувга келишди. Ва қудратли давлат ёш мустақил ҳамкор давлатни исталган тарзда назорат қилишдан тоймайди, ҳали бундай имконияти бўлмаган давлат эса пассив ҳолатда қолаверади. Хўш, бу ҳолда ҳамкорликдаги тенг ҳуқуқлилик сақланиши мумкинми? “АҚШда яратилган ўта қудратли АКТ-имконияти шу каби хавотирни келтириб чиқаради (Роговский Е.А. Кибер-Вашингтон: глобальные амбиции. М.: Международные отношения. – 2014. –С. 10.), – деб ёзади Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлигининг махсус ходими, профессор А.Крутских. – Ҳамкор томонлардан бири иккинчи томон мақсадларини назорат остига олиш имкони бўлса, иккинчи томон бундай имкониятдан маҳрум бўлса, бундай ҳамкорликни тенг ҳуқуқли дея оламизми?”

Умуман олганда бундай ҳаракатлар нималардан далолат беради?

Аввало, АҚШнинг иқтисодий, техник имкониятлари чексизлигидан, қолаверса, АҚШ ўз манфаатлари йўлида ҳеч қандай хатти-ҳаракатлардан тоймаслигидан далолат бермоқда. Эътиборли жойи шундаки, АҚШдек қудратли давлат бу каби янгиликлардан кўзда тутган бош мақсадини яширмаяпти, балки Интернет тўлқинларида Америка манфаатларига зид келадиган ҳар қандай чиқишларга қарши курашишга бел боғлаганини очиқ-ошкора эътироф этмоқда. Яъни, АҚШ шу йўл билан ҳам халқаро ахборот маконидаги имижи салмоғини янада кучайтиришни кўзламоқда.

Эътиборли томони шундаки, бу сингари тизимларни қудратли давлатлардан ташқари ҳеч бир давлат ёки марказлар чеклаш ёки назорат қилиш имконига эга бўлмайди. “Аслида, – деб ёзади ўзбек публицисти

Ж.Мелиқулов, – бунинг ортида Ғарб қадриятлари ва қолипларига мосланган ғояларни бутун дунёга жорий этиш ва шу орқали ўз таъсир доирасини кенгайтириш истаги ётади. Мақсад эса онгни экспорт қилиш” (Мелиқулов Ж. Импортлашаётган онг ёхуд глобаллашаётган дунё муаммолари. // “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси. 2006 йил, 1 декабрь. 48-сон (3877), 2-бет).

Жаҳон медиа макони – халқаро журналистиканинг ҳозирги тарихий палладаги инсоният, жумладан, давлатлар, халқлар, миллатлар тақдиридаги ўрни, аҳамияти шу қадар улканки, бир сўз билан айтганда, “Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бутун дунё ягона ахборот маконига айланган бугунги кунда инсонни камолотга чорлайдиган эзгу таълимотлар билан ёвуз ғоялар ўртасидаги кураш тобора кескинлашмоқда” (Мирсаидова М. Ҳаёт билан ҳамқадам. / Ўзбекистон матбуоти. 2014, №5. – Б.15.).

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, жаҳон журналистикасини таҳлил этишда унда рўй бераётган барча жараёнлар, янги тенденцияларни тўла-тўкис қамраб олишнинг имкони йўқ, албатта. Лекин айни пайтда сақланиб келаётган миллий ўзига хосликларни миллий манфаатларга путур етказмаган ҳолда кўриб чиқиш ва ахборот жамияти сари интилиш жараёнида асқотадиган бирмунча самарали бўлган тамойилларни белгилаб олиш бугунги миллий журналистикамиз учун зарурий вазифалардандир.

Глобаллашув ва ҳозирги турмуш жараёнининг кескин суръати, илмий-техника тараққиёти, янги ахборот технологиялари ҳаётимизни, умуман жамиятни жадал равишда ўзгартирмоқда. Бундай шароитда кишилик жамиятининг журналистлар олдига қўядиган талаблари ҳам ўзгармоқда.

Дарҳақиқат, бугунги ривожланган даврда барча соҳалар сингари ОАВ соҳасида ҳам туб бурилишлар ясалди. Ядро полигонларидан ҳам қудратли бўлган ахборий хуружларга, янги тамаддун – глобаллашув жараёнининг “хурмача қилиқ”ларига дош бериш учун эса профессионал жангчилар – журналистлар тарбияланмоқликлари даркор. Глобал ахборий маконда эса журналистлар ҳам сиёсатчи, ҳам давлат арбоби, ҳам миллат ҳимоячиси сифатида фаолият юритмоғи жоиз.

Гап ғоявий-сиёсий технологиялар ҳақида борар экан, унинг деструктив усуллари эндиликда энг актуал бўлган ахборот макони орқали давлат ва жамият қурилишига, фуқаролар онги ва эркинлигига бирдек хавф солади. Бундай ҳолат яна бир карра журналистларимиздан фаолликни ва дадил позицияда бўлишни талаб этади. Чунки, матбуотда, мутахассислар томонидан эълон қилинаётган суҳбатлар, тадқиқот ва таҳлилларда такрор-такрор таъкидланаётганидек, “Бугун ахборот технологиялари орқали бошқа бир мамлакатдаги ҳаққоний вазиятни онгли равишда бузиб кўрсатиш, у

ердаги сиёсий раҳбарият ва фуқаролар кайфиятига мақсадли таъсир қилиш амалиёти борган сари кенг кўлам касб этмоқда. Бу эса жаҳон ҳамжамияти учун катта муаммо бўлиб қолаётир” (Мирносиров М. Глобал таъсир воситаси. // Тафаккур. – 2004, №2. Б.83).

Мақолада баён этилган фикр-мулоҳазалар, таҳлиллар асосида қуйидаги хулосалар чиқарилди:

– глобаллашув жараёнлари жуда кўплаб ўзгаришлар қатори мутлақо янги жаҳон ахборот тартибини вужудга келтирди, бу тартиб катта-кичик давлатларда деярли барча соҳани, жумладан ахборот ва ОАВ соҳасини тубдан ислоҳ этишни тақозо қилди;

– янги жаҳон ахборот тартиби шароитида дунёдаги барча мамлакатлар учун умумий бўлган хусусиятлар шаклланди, бу ҳол халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашишни осонлаштирди;

– жаҳон журналистикасида икки хил тенденция кузатилди: биринчиси – деярли барча давлатлар ўхшаш ислоҳотлар жараёнларини бошдан кечирдилар, иккинчиси – айни вақтда ҳар бир давлат ўзига хос ва ўзига мос йўлдан борди. Хусусан, ёш мустақил давлатлар мазкур икки йўл орасида мувозанатни сақлаш, уйғунликни таъминлашга ҳаракат қилдилар. Ушбу ҳолат ҳам давлатларнинг халқаро имижини ошириш ва мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этди;

– глобаллашув шароитида дунё ахборот маконини эгаллашга уринишлар, унга мутлақ эгаликка интилиш кайфиятлари яққол кўзга ташланмоқда. Бу халқаро медиамаконда ахборотнинг монополлашувига йўл очмоқда, айрим ҳолларда эса қудратли давлатларнинг эндигина ривожланаётган, эндигина мустақиллик йўлини танлаган ёш давлатлар манфаатлари билан ҳисоблашмаган ҳолда иш тутишларида ўз аксини топмоқда;

– ахборотлашув шароитида ахборотга бўлган муносабат тубдан ўзгарди ва унинг шаклланишида медиасаводхонликнинг ўрни тобора ортиб бормоқда;

– жаҳон медиамаконидаги реал шарт-шароит ва тинимсиз юз бераётган ўзгаришлар миллий журналистикамизда кенг маънодаги профессионаллашув масаласига алоҳида эътибор қаратилишини тақозо этмоқда.