Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ҳарбий-ватанпарварлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

2019-08-12T12:07:05+00:007 Yanvar, 2019|Пресс-релизлар|

Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда юксак натижаларга эришилаётгани таъкидланди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, барқарор ривожланиши ва халқимиз тинчлигини янада ишончли ҳимоясини таъминлаш имконини бермоқда.

Миллий армия жамиятимизнинг ажралмас қисмига ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, мамлакат келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилувчи етакчи кучга айланмоқда. Ватанни ҳимоя қилиш ёши, фаолият соҳаси ва касбидан қатъи назар ҳар бир фуқаронинг чинакам шарафли бурчидир. Ҳар йили юртимизда 14 январь—Ватан ҳимоячилари куни умумхалқ байрами сифатида қарши олинади. Ушбу кунларда ўтказилаётган тадбирлар ўсиб келаётган ёш авлод қалбида туғилиб ўсган она заминига бўлган муҳаббатни мустаҳкамлайди, уларни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилган сана ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини муносиб кутиб олиш ва уни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, аҳолида миллий армиядан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни таъминлаш мақсадида 2018 йилнинг 13 декабрида Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиш имзоланди.

Фармойишга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга бағишланган ватанпарварлик ойлигини 2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 15 январга қадар ўтказиш бўйича тадбирлар Дастури тасдиқланди. Унга кўра, бу йилги байрам тадбирлари “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” деган умумий ғоя остида ташкилий жиҳатдан юксак савияда амалга ошириляпти.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, «Ватанпарварлик ойлиги» давомида «Ҳарбий-ватанпарварлик карвонлари»нинг таълим муассасаларига ташрифини уюштириш, ёшлар ўртасида «Мен, албатта ҳарбий бўламан!», «Энг яхши маҳалла» ва «Энг яхши Жасорат клуби», “Темур тузуклари билимдони” танловларини ўтказиш каби кўплаб вазифалар кўзда тутилган.

Бугунги таҳликали замонда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч-осойишта, эркин ва обод ҳаётни ҳар томонлама асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифамиз бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда миллий армиямизни янада такомиллаштириб, уни замонавий техника-технологиялар билан жиҳозлаш ҳамда тактик жиҳатдан юқори даражадаги тайёргарликка эга қўшин турларини яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз томонидан миллий армиямиз таркибида хизмат қилиш ҳар бир ўзбек ўғлонининг орзуси бўлишини таъминлаш мақсадида ўтган бир ярим йил мобайнида қатор чора-тадбирлар белгиланди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари томонидан ўнга яқин қарор ва фармонлар имзоланди. Бу ўз навбатида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини янада оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. “Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз” тамойили эса мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг якдиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мазкур фармойишда ойлик билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ўтказилаётган байрам тадбирларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида қўлга киритилган ютуқлар, шунингдек, армиядаги ҳарбий хизматнинг нуфузини оширишга қаратилган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш масалаларига бағишланган мақолалар, туркум телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ташкил этилмоқда. Ушбу вазифаларни умумлаштириш мақсадида эса Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошида Ҳарбий-ватанпарварлик кенгаши ҳам қатор вазифаларни амалга оширияпти. Бу эса давлатимиз мудофаа сиёсатининг очиқлигига хизмат қилаяпти.

Мамлакатимиздаги ОАВнинг бу жараённи ёритиш, ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилишдаги роли қандай бўлмоқда? Мудофаа соҳасини оммавий ахборот воситаларида ёритиш таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган йилда республикада чоп этилаётган босма ОАВда тахминан 1200 дан зиёд мақола, 600 дан зиёд фотосурат чоп этилган. Шундан тахминан 90 фоизи “Ватанпарвар” газетаси ва “Ўзбекистон армияси” улушига тўғри келади.

Шунингдек, бу мавзуда бошқа газеталарда ҳам қатор мақолалар чоп этиляпти. Жумладан, “Ўзбекистон овози” газетасининг 22 февраль сонида Мирбахтиёр Мирфайзиевнинг “Ватан ҳимояси – шарафли бурч”, “Маърифат” газетасининг 3 март сонида Ирода Тошматованинг “Ёшлар ҳарбий-ватанпарварлик руҳида камол топади”, “Ҳуррият” газетасининг 28 март сонида Э. Ёдоровнинг “Чегарачилар қасамёди”, “Тошкент оқшоми” газетасининг 29 март сонида Аблай Камоловнинг “Ўзбекистон қуролли кучлари академияси билан танишинг, ёшлар!”, “Маҳалла” газетасининг 7 апрель сонида Л. Сувоновнинг “Чинакам мардлик, матонат ва жасорат мактаби”, “Ёшлар овози” газетасининг 10 апрель сонида Зулфизар Мавлонованинг “Йўлида собит ўғлонлар”, “Миллий тикланиш” газетасининг 18 апрель сонида Ориф Холиқуловнинг “Ватанпарвар ёшлар – юрт келажаги, “Халқ сўзи” газетасининг 22 июнь сонида Мунисхон Каримованинг “Ҳарбийлар ва китобхонлик маданияти”, “Адолат” газетасининг 22 июнь сонида Жобир Раззоқовнинг “Ҳарбий хизмат: имконият ва қулайликлар” каби материаллар берилди. “Правда Востока” газетасида тизимли равишда “Служу, тебе Узбекистан!” рукни остида махсус саҳифалар бериб борилмоқда.

Албатта, ОАВда ушбу мавзуни ёритилишда етарли имкониятлар мавжуд. Бироқ, Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, мустақилликни, тинч ва осойишта ҳаётни асраш борасида давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган сиёсат халқимизга тўлақонли етказиб беришда қатор камчиликлар бор. Фақатгина соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар борасида қанчадан қанча таҳлилий материал тайёрлаш мумкин. Мавзу юзасидан ёритилаётган материалларнинг 80 фоизидан ортиғи хабар жанрида берилган. Таҳлилий материаллар жуда кам. Ихтисослашув ҳам етишмайди. Тадбирда ана шу камчиликлар ва муаммолар мутахасссислар томонидан атрофлича муҳокама этилди.

Йиғилиш якунида журналистлар саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.