Саъдулла ҲАКИМ

2019-08-12T12:07:42+00:0014 Dekabr, 2018|Шеърлар|

ЖУРНАЛИСТ

Ўз ўқининг атрофида

Айлангандай Ер шари,

Қаранг, қалам теграсида

Дунё кезар сарсари.

 

Қай манзилга этса даъват,

Журналистнинг қалами,

Ўша ерга етгай албат

Қадим дунё қадами.

 

Қирқ қанотли шамолдан ҳам

Келар хабар тез кириб.

Журналистнинг оғзидаёқ

Қолар гоҳо эскириб.

 

Бугун хабар инсон учун

Минса –  улов, юрса –  йўл.

Парвоз этса самолёту

Сузса – қайиқ, имкон мўл.

 

Ғофил кимса боргунича

Буғдойзорнинг бошига,

Огоҳ одам ўриб-янчиб,

Ортиб кетар мошинга.

 

Бир хабарда минг қулоғу

Мингта оёқ, мингта кўз.

Бир бутунни минг улоғу

Қайта бутун этар сўз.

 

Сўз туфайли не-не зотлар

Юз ўгириб кетарлар.

Сўз туфайли етти ётлар

Битта ялов тутарлар.

 

…Эй сиз, менинг касбдошларим,

Худо ўзи берганлар.

Сўз ила қуш овлагучи,

Тили – тепки, мерганлар.

 

 

Бормикан ҳеч сиз кўрмаган

Дунёнинг бир гўшаси.

Тунда фонус тутиб, жадал

Кетаётган –  ўша  сиз.

 

Ярашмайди сизга асло

Ҳақиқатдан бошқа сўз.

Сўзни бошга кўтарганни

Кўтаражак бошга сўз.

 

Қаламингиз бўлсин тўғри,

Қаддини дард йиқмасин.

Мағрур дунё,  махмур дунё

Ўз ўқидан чиқмасин!