Фарғонада «Чимён – 2021» медиалагерининг очилиш маросими бўлиб ўтди

2021-02-23T17:01:05+00:0023 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Бугун Фарғонада Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Уюшманинг Фарғона вилоят бўлими, Фарғона вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида очиқлик, сўз эркинлиги ва жамият” мавзусидаги анъанавий “Чимён – 2021” медиалагерининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов, Уюшманинг Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов, ЎзЖОКУ ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори Шерзодхон Қудратхўжа ҳамда Республиканинг турли вилоятларидан келган 70 дан зиёд ОАВ вакиллари, журналистлар иштирок этишди.

Медиа-форум очилишида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов
«Журналист касб малакасини оширишнинг инновацион усуллари: тажриба, таҳлил ва таклиф» мавзусида маъруза қилди ҳамда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

– Маълумки, оммавий ахборот воситаларида иш бошлаган, уларда фаолият олиб бораётган журналистлар касб малакасини ошириб бориш доимий долзарб масала ҳисобланади. Техника тараққиёт чўққисига чиқаётган, дунё ахборот бозорида ҳар қачонгидан ҳам кучли рақобат юзага келган, интернет журналистикаси жадал ривожланиб бораётган айни кунда бу масала янада муҳим аҳамият касб этмоқда,- деди Уюшма раиси ўринбосари кириш сўзи аввалида.

– Юртимиздаги оммавий ахборот воситалари – газета ва журналлар, телерадиоканаллар, ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтган веб-сайтлар, қолаверса, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари ходимлари, яъний журналистлар касб малакасини ошириб боришга эътибор янада кучайтирилиши зарур. Бу жараёнда инновацион усуллардан кенг ва самарали фойдаланиш тақозо этилади, бу – табиий. Негаки, ҳамма вақтларда ҳам инновацияга – янгиликка қизиқиш кучли бўлган, янгилик ўрганилган, унинг илғор тажрибалари оммалиштирилган. Бугун ҳам шундай. Журналистларимиз касб малакасини оширишнинг янгидан-янги инновацион усуллари пайдо бўлмоқда. Биз улар ичидан ҳар жиҳатдан фойдали, энг самарали усулларни аниқлаб олиш ва шу асосда иш ташкил этишда давом этишимиз лозимдир.

Шунингдек, тадбирда Журналистлар Уюшмаси томонидан Фарғона вилоятининг олис, чекка ҳудуди Сўғд туманида нашр этиладиган, айни кунларда ўзининг юбилей 70 ёшли байрамини нишонлаётган «Садои Сўх» газета жамоасига совғалар топширилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати