Ниқоб бизнинг дўстимиз…ми?

2021-01-27T05:27:14+00:0027 Yanvar, 2021|Жиззах вил.|

Коронавирус ваҳимасида аксар одамлар тиббий юз ниқоблари сотиб олишга тушиб кетишди. Ғамлаган ғамлади, ғамлагаман боши қотган. Аслида, коронавирусга қарши курашишда фақат ниқобгина ғамланмади…

Карантин чоралари юмшатилгандан сўнг шаҳарда тиббий ниқобсиз юрган одамлар учраяпти. Айниқса жамоат транспортида, бозорларда, аҳоли гавжум жойларда ниқобсиз юрганларни кўриб энсанг қотади кишини. Ахир соғлиқ ўзингга керакку. Коронавирус касаллиги туфайли оғир кунларни бошимиздан ўтказиб, қанчадан-қанча яқинларимизни йўқотдик. Наҳотки шу кунлар сабоқ бўлмади бизга.

Аслида ниқоб тақиш ихтиёрийми ёки бу талаб бекор қилиндими?, деган савол туғилади кишида. Мутахассислар бу ҳақда қандай фикрда? Вилоят санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Миннигул Муҳитдинова шу каби саволларга жавоб берди.

Тиббий ниқоб тақилиши бўйича талаб бекор қилинмаган. Аксинча тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ва гигиеник талабларга риоя қилиш асосий талаблар бўлиб қолмоқда. Пандемия бошлангандан буён эпидемиологик осойишталик маркази, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари билан биргаликда тизимли равишда рейдлар ўтказилиб борилмоқда. Ҳатто талабларга риоя этмаслик учун маъмурий жазолар берилиши ҳам қонун билан белгилаб қўйилди. Лекин одамларнинг бефарқлиги, ниқоб тақишга нисбатан совуққонлигидан ҳайратланасан. 

Ҳақ гап. Аслида ниқоб тақишнинг ҳам ўз қоидалари бор. Ниқобдан  тўғри фойдаланмаслик баъзи жиддий оқибатларга олиб келиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Баъзи тадбиркорларга ниқоб ишлаб чиқариш бизнесга айланди. Савдо расталарида турли беўхшов суратлар туширилган, ранг-баранг, катта-кичик ниқобларга кўзингиз тушади. Хўш, ўзи қандай ниқоб хавфсиз ҳисобланади?  

–Ниқоб коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиши учун у синтетик материалдан тайёрланиши керак, аммо пахтадан эмас,–деди М.Муҳитдинова.– Мато ниқоблари замонавий, чиройли, аммо улар пахтадан иборат, агар уларнинг CОВИД-19га қарши самарадорлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳимоя даражаси нолга тенг. Фақат сунъий матодан тайёрлангани коронавирус ўтишига йўл қўймайди. Бундай ниқоб «спанбонд» технологияси ёрдамида ишлаб чиқарилган, кўп қатламли тўқув бўлмаган матодан тайёрланиши керак. Тиббиётда бир марта ишлатиладиган ниқоблар идеал вариант ҳисобланади.

Пулмонологнинг фикрига кўра, дока ниқобидан фойдаланиш мумкин, фақат кўп қатламли бўлиши шарти билан (беш ва ундан ортиқ қатлам). Дока ниқоблар коронавирус инфекциясидан ўртача даражада ҳимоя қилади. “COVID-19” инфекцияси тарқалиши дунё миқёсида ҳали-ҳануз катта муаммо бўлиб қолмоқда. Ўтган фурсат давомида бу инфекциядан сақланишнинг биринчи йўли шахсий гигиенага ва карантин қоидаларига риоя қилиш экани маълум бўлди. Бу қоидаларнинг биринчи талаби эса, ниқоб тақиб юриш ҳисобланади. Агар коронавирусга чалинган ва унинг ташувчиси бўлган инсон ниқоб тақмаса, у билан мулоқотда бўлган инсон ниқобда бўлса инфекция юқиш эҳтимоли 70 фоизни ташкил қилади. Агар коронавирусга чалинган ва унинг ташувчиси ниқоб таққан бўлса-ю, мулоқотда бўлган инсон ниқобсиз бўлса, унда вирус юқиш эҳтимоли 5 фоиз ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, аввало, касалликка чалинган инсонлар ниқоб тақиб юришлари шарт.
Сиз мен касал эмасман, ниқоб тақмасам ҳам бўлади, дейишга шошилманг. Баъзилар йўқдан кўра ҳар қандай ниқоб яхши деб ҳисоблашади. Аммо ишлатилган ҳимоя воситалари 2,5 микрометрдан кичик зарраларга қарши кураша олмайди. Боиси касалликнинг яширин даврида аломатларни сезмаслигингиз ва уни тарқатувчи бўлишингиз мумкин. Шунингдек, соғлом одамнинг ниқоб тақиши ҳам вирус юқиши олдини олишини ҳам унутманг. Сабаби агар ҳар иккала шахс ниқоб тақиб турган бўлса, вирус юқиш эҳтимоли атиги 1,5 фоизни ташкил этади. Бу илмий жиҳатдан исботланган.

Кўпчилик ниқобни ияк устига тушириб юришмоқда. Бунинг қандай зарарли томонлари бор, дейишингиз мумкин.

Агар сиз овқатланаётган ёки ниқобни ечиб қўйишни тақазо этадиган бошқа амалиётни бажараётган бўлсангиз уни иягингизга тушириб қўйишдан кўра, буткул ечиб қўйганингиз мақул. Сабаби ияк усти кишининг очиқ аъзоси бўлиб, турли вирус ва инфекциялар ёпишган бўлиши мумкин. Ниқобни иягингизга туширсангиз, унинг ички қисмига вируслар ўрнашиб олади. Уни оғиз бурнингизга олиб борганда эса, зарарланишингиз эҳтимоли ортади. Шу боис, ниқобни бундай ҳолларда ечиб қўйиш тавсия этилади.

Пандемия ҳали давом этмоқда. Эътиборсизлик, лоқайдлик, гигиена қоидаларига риоя этмаслик, карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари нафақат ўзимизнинг балки яқинларимизнинг ҳам соғлиғига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун ҳам ниқоб тақиб юринг, юртдошим!

 

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА,

Жиззах вилояти.