Ҳокимнинг бир куни

2021-01-26T07:03:07+00:0026 Yanvar, 2021|Сирдарё вил.|

Халқимиз янги йилни кўтаринки кайфиятда бошлади.  Одатда элимиз ҳар бир янги кунни, ҳар бир ишни, эзгу ниятлар билан бошлашга одатланган. Катта юртнинг режалари ҳам улкан бўлади. Айниқса, бугунги куннинг муҳим воқеаси саналган – Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқимизга ва Олий Мажлисга Мурожаатномаси  юртдошларимизнинг келгусидаги ҳаёти, мақсадлари, орзу умидлари, амалга оширадиган баракали ишларининг режасини тузиб берди.

Мурожаатномадаги муҳтарам Юртбошимизнинг “Пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта, ижобат бўлади….Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак. Бунинг учун барча бўғиндаги раҳбарлар фоизлар, рақамлар, қоғознинг ортидан қувмасдан, ҳар бир фуқаро учун, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун ишлаши шарт. Шунда нуроний кексаларимиз, муҳтарам отахон ва онахонларимиз, ҳурматли аёлларимиз, азиз фарзандларимиз, жажжи набираларимиз, кўп миллатли бутун халқимиз биздан рози бўлади” деган гапларини юртдошларимиз чин юракдан ҳис этишмоқда.

Халқимизнинг рози бўлиши жойлардаги раҳбарлар, айниқса, ҳокимларга боғлиқ. Ҳокимлар янада халққа яқин бўлиб, уларнинг дарду муаммолари билан яшашга интилаяптилар. Буни Сирдарё  вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев мисолида, тўғрироғи, у кишининг вилоят аҳли билан ҳамнафас, ҳамдард бўлиб яшаётгани,   белгиланган аниқ режалар асосида иш юритаётганида кўриш мумкин. Ҳокимнинг қадами вилоятнинг чекка ҳудудларидаги маҳаллаларга, хонадонларга етиб бормоқда. Чунки элнинг турмуш тарзини, яшаш шароитини  яхши билмай, ўз кўзи билан кўрмай туриб, уларни қийнаётган муаммоларнинг ечимини топиб бўлмайди.

Яқинда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев вилоятнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ташвиш ва муаммоларини ўрганиш мақсадида Ховос туманидаги «Бинокор» маҳалласига борди.

Ҳоким маҳалла кўчаларини айланди,   қишлоқ одамлари билан суҳбатлашди, уларнинг турмуш шароитлари билан танишди, мавжуд  муаммоларни ўз кўзлари билан кўрди. Айниқса,  эҳтиёжманд  оилаларнинг моддий аҳволи билан яқиндан танишди, уларни ижтимоий ҳимоялаш, айниқса, хонадонларнинг иситилиши,  кўмир, суюлтирилган газ билан таъминланиши каби масалалар  билан  қизиқди.

Кечқурун вилоят ҳокими маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари билан биргаликда маҳалла ҳудудини кўздан кечираётган бир пайтда айрим кўчаларда электр узилганлигининг гувоҳи бўлди. Шу ернинг ўзида мутасадди раҳбарлар билан биргаликда масаланинг ечимини ечиш борасида маҳалла ҳудудида қўшимча яна 2 та трансформатор ўрнатилиши лозимлиги режалаштирилди. Бу албатта, юзага келаётган электр энергияси таъминотидаги зўриқиш ва узилишларнинг олдини олади.

Қишлоқ одамлари самимий, содда ва бағри кенг бўлишади. Улар ҳоким бувани ўз хонадонларига  таклиф этишди. Шу куни  вилоят ҳокими “Бинокор” маҳалласининг Бинокор кўчасида истиқомат қилаётган Эрмуҳаммад ота Абдувалиев  хонадонига ташриф буюрди.

64 ёшли Эрмуҳаммад ота Бувиҳожар ая билан беш ўғил ва бир қизини ҳам ибрат олса арзигулик инсонлар қилиб тарбиялашган. Фарзандлар ўзлари танлаган касбларни эгаллаб, эл хизматини қилиб юришибди. Отахон бугунги  кунда набиралари қуршовида кексалик гаштини суриб, ҳаётга, замонга  шукрона айтиб яшамоқда.

-Вилоят ҳокимининг маҳалламизга келиши, одамларнинг яшаш шароитлари билан танишиши,  суҳбат қуриши бизни беҳад қувонтирди, -дейди Э.Абдувалиев. – Бу жойлардаги раҳбарларнинг халққа яқинлиги, уларнинг, уларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлаётгани,  муаммоларни жойида бартараф этишга ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Олдинлари биз раҳбарларни фақат йиғилишларда кўрардик. Муҳтарам Юртбошимизнинг “халқ биздан рози бўлсин” деган гапни бежизга бот-бот такрорламайди. Элнинг рози  қилиб, дуосини олишда ҳикмат кўп.

Ўша кунги ташриф  чоғида Эрмуҳаммад отанинг хонадонига маҳалладаги ҳожи оталар ва маҳалла фаоллари жамланишди. Вилоят ҳокими бинокорликларга бугунги вилоятимизда, туман ва  шаҳарларда бўлаётган ўзгаришлар,  янги уй-жойлар қурилиши, одамлар учун яратилаётган шароитлар, шу жумладан, айни Ховосда амалга оширилган  ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари хусусида тўхталди. Шунингдек,  келгусида “Бинокор маҳалласининг кўриниши тубдан ўзгариши, қишлоқ аҳли учун янги турар-жойлар,  маданий-маиший объектлари  барпо этилажаги ҳақида гапирди.

Вилоят ҳокими ушбу хонадондаги суҳбат чоғида  одамлардан маҳалладаги мавжуд муаммоларни сўради.  Маҳалла вакиллари ички йўлларни тартибга келтириш, суюлтирилган газ ва электр таъминоти, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш, қабристонни ободонлаштириш каби масалалар бўйича ҳокиимга мурожаат қилишди. Вилоят ҳокими тилга олинган муаммоларнинг ечимини топиш бўйича тегишли ташкилотлар фаолиятини қаттиқ танқид қилар экан,  ушбу масалалар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланишини таъкидлади.

Даврада иштирок этган Қувондиқ ҳожи Райимов, Абдуманноп Райимқулов, туман  кенгаши  депутата Бахтиёр Худойбердиев, маҳалла фуқаролар йиғини ариси Бахтиёр Шодмонқулов ва бошқалар  ўзларининг фикр  мулоҳазалари, таклифларини  билдиришди. Самимий ва  қизғин сухбатдан барчанинг кўнгли равшан тортди.

Эрмуҳаммад Умаралиев вилоят ҳокимига эътибор, самимий ташриф ҳамда дилкаш мулоқот учун миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, вилоят ҳокими  Ғофуржон Мирзаев туманлар ҳокимларининг аҳоли эҳтиёжлари ҳамда уларнинг яшаш шароитлари, турмуш даражаларини яхшилаш учун масъул эканликлари тўхталар экан,  – «Энди ҳар бир туман ҳокимининг минг тонна ғалла захираси бўлади. Ғалла заҳираси мана шу  ерда яшаётган одамлар, эҳтиёжманд оилалар тегишли бўлади.  Дейлик,  маҳалла раиси, – “Маҳаллада яшайдиган аҳолига шунча дон керак”, дейди. У албатта, эҳтиёжига ярашасини олади ҳамда зарурати борларга тарқатади”, –  деди.

Вилоят ҳокимининг Ховос туманига  қилган бир кунлик ташрифи ана шундай мазмунли, самимий ва  қизғин мулоқотлар асосида ўтди.

Энг муҳими, ховосликлар  келгусида ҳаёт тарзлари янада яхшиланиши, турмушлари обод ва сермазмун бўлишига ишонч ҳосил  қилдилар.

Холида ПАРДАБОЕВА,

Сирдарё вилояти.