Маънавиятли ёшлар – Ватан таянчи

2021-01-20T13:20:28+00:0020 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Сўнгги йилларда бу борада қатор қарорлар қабул қилинди. Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент экани белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилди. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди.

-Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.

Ҳазрат Навоий инсон умрини фаслларга менгзайдилар. Болаликни – “Ғаройиб ус-сиғар”ни баҳорга, ёшликни – “Наводир уш-шабоб”ни ёзга, ўрта ёшликни – “Бадоеъ ул-васат”ни кузга, кексаликни – “Фавойид ул-кибар”ни қишга ўхшатганда бобокалонимиз ҳақ эдилар. Ёшлик бунёдкорлик, гўзаллик, жўшқинлик, меҳр-муҳаббат, яратувчанлик демакдир. Ёшларни тўғри йўлга бошлай олган давлат – қудратли, бундай мамлакатнинг келажагига ишонч билан қараш имкони бор.

Бугун дунё ёшлар тарбиясидан, маънавиятидан шикоятланиб турган паллада бизнинг ёшлар тиним билмай ўқимоқда, изланмоқда. Энг муҳими, Ватан тақдирига бефарқ эмас. Бугун бизнинг ёшларимиз дунё ёшлари билан ҳар жиҳатдан беллаша оладиган билимга, закога, фаросатга соҳибдир. Ўз тили ва адабиёти билан бир сафда чет тилларни атрофлича ўрганмоқда. Техника билан тиллашиб, бу борадаги салоҳияти билан барчамизнинг олқишимизга сазовор бўлаётгани рост. Биз уларнинг ёшида қонунни, иқтисодни, сиёсатни улар даражасида билмасдик. Шодлансак арзийдиган жиҳат шуки, ёшлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билади. Асрий қадриятларимизга чексиз муҳаббат билан муносабатда бўлмоқда. Аммо, таъкидлаш жоизки, бунга осонликча эришилган эмас. Давлатимиз, Президентимиз раҳнамолигида устозлар, маҳалла-кўй, оммавий ахборот воситалари каби ўнлаб кучлар таъсирида бундай қувонарли ҳолат юзага келди. Узоққа бормайлик, бундан 4-5 йил муқаддам китобхонлик сусайиб қолган эди. Бугун  ёшу-кекса бирдай китобхон. Ота-оналар болаларига китоб совға қила бошлади. Эзгуликка йўғрилган китоб ёшларни камолот сари бошлаши табиий. Лекин бу ҳали илк қадамлар. Энди бадиий асар моҳиятини теран англашни ўргатишимиз даркор. Бунинг учун адабиётшунослигимиз равнақ топиши, бунга мос шароит яратилиши керак.

Бугун ўнлаб, ҳатто юзлаб танловлар ўтмоқда, ёшлар фаол. Ёшларимиз маънавиятли, меҳнаткаш, қобилиятли. Шунчаки эътироф учун жумлалар тузсам, мулоҳазаларимнинг аҳамияти сустлашар, наздимда. Айрим фикрларимни билдирмоқчиман.

Ютуқларимиз мўл-кўл бўлса, ҳаммаси ажойиб экан-да?! Йўқ, афсус! Ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар беҳисоблигидан ташқари камчиликларимиз ошиб-тошиб ётибди. Ёшлар орасида тарбияси талабга жавоб бермайдигани, маънавияти сустлари топилади. “Бирники – мингга, мингники – туманга”, – дейди доно халқимиз. Тарбияси бўшлар – кўнглимизнинг яраси. Яра даволанмаса, газак олиши табиий. Ёшларнинг барчаси бирдай комил бўлиши учун нима қилиш зарур?! Ёшлар мисоли ниҳол. Кучли шамол қайси томонга қараб эсса, ниҳол ўша томонга эгилади. Кучли шамол, аввало, атроф-муҳит, биз катталар. Ўзимиз ўрнак бўлсак, ёшлар тезроқ эргашади. Ота сигарет чекса, ичса-ю, ўғлига ичмаслик, чекмаслик зарурлигини уқтирса. Ахир ўгитнинг кучи қирқилади-ку! Демак, аввало, тарбиячининг ўзи тарбияланган, илми билан амали бир бўлиши лозим. Бу жуда муҳим! Биз қизлар тарбияси ҳақида кўп фикр юртимоқдамиз. Аслида ишни йигитлар тарбиясидан бошлаш, яна ҳам аниқроғи, қизлар ва йигитлар тарбиясини бир-бирига боғлиқ тарзда амалга ошириш даркор.

Иккинчидан, ёшларнинг иқтидорини баҳолашда адолат мезонидан оғишмаслик шарт. Уларни рағбатлантириш ҳаммасидан муҳим. Бу давлатимиз, давлатбошимиз диққат марказида турган масала. Ҳар биримиз амал қилмасак, ёшларни қўллаб-қувватламасак, уларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланмасак, бошланган жуда жиддий чора-тадбирлар натижасиз бўлиб қолиши мумкин. Ёшлар бекор қолмаслиги, улар таълим олиш билан бирга ҳунарли бўлиши шарт. Бу жиҳат Президентимиз томонларидан алоҳида таъкидланди. Энди мукаммал, атрофлича, охиригача ўйлаб тузилган дастур зарур. Ҳар бир ҳудудда алоҳида ҳунарлар бор. Аввал шу ҳунармандлар ойлик асосида мактабда ёшларга ҳунар ўргатиши, сўнг тизимли тарзда олий маълумотли педагог-ҳунармандлар авлоди шакллантирилиши зарур. Ўргатиладиган ҳунар келажакда ёшларга оилани боқадиган даражада аҳамиятли бўлиши даркор.

Президентимиз таълимда узилиб қолган асосий занжир боғча эканини таъкидлаб, бу борадаги муҳим чора-тадбирларни белгилаб бердилар. Шундан кейин учинчи Ренесанс ҳақида сўз очдилар. Бу – ёшлар учун зарур мотивация. Ёшлар форуми ана шу мотивацияга куч-қувват бағишлади. Дунё пандемия билан юзма-юз, ночор турган кунларда мамлакатимизда маънавиятга, маърифатга, илмга эътиборнинг кучайгани хайрлидир. Бу оғир синовлардан ўтишнинг ўзига хос, бетакрор йўли, наздимизда. Биз устозлар элимиз яна даҳоларни оқ ювиб, оқ тарайдиган кунлар келиши учун бор салоҳиятимизни сарфлаймиз! Зотан, илм-маърифатли, ҳунарманд ёшларга келажакни ишонса бўлади. Сатрларим бу ишончимни далилласинлар:

Бир ёшларки, сира олмас тин,

Дилида чўғ, кўзида ёлқин,

Бир ёшларки, қудратли тўлқин,

Дарё халқим, тўлқинингни тут,

Ундан буюк бунёдкорлик кут.

Бир ёшларки, бағрида олам,

Яратмоқлик ишқидан бардам,

Ҳали фахр қилади Одам,

Дунё халқим, омон-омонлик,

Бу ёшлардан қочсин ёмонлик.

Кўксинг ситиб силқиётган қон,

Сен елкалаб келган улуғ шон,

Асрий зафар, минг йиллик армон,

Илло, халқим, ёшларга сабоқ,

Боқ, бўлажак даҳоларга боқ!

 

Лайло ШАРИПОВА,

БухДУ доценти, ф.ф.д.