Долзарб мавзу

2021-01-19T13:15:51+00:0019 Yanvar, 2021|Хоразм вил.|

Мана шу сарлавҳа остида “Хоразм ҳақиқати” газетасининг ўтган йилдаги сонларида кўплаб таҳлилий-танқидий мақолалар чоп этилди. Уларда айрим хусусий телеканалларда, ойнаи жаҳонларда эфирга берилаётган видеоклиплардаги айрим тасвирларнинг миллий анъана, урф-одатларимизга тўғри келмаслиги, баъзи санъаткорларнинг “куйлаётган қўшиқларида” маъно, мазмун йўқлиги… каби қатор камчилик, нуқсонлар, хатоликлар кўрсатиб берилган эди.

Ҳатто журналист С.Раҳимберганованинг ана шу мавзуда тайёрлаган ўнлаб  танқидий-таҳлилий мақолаларида ҳам айрим ёшларнинг “куйлаётган қўшиқ” матнларининг ниҳоятда саёзлиги ва киши қалбини ранжитаётганлиги ҳақида атрофлича фикр юритилган эди.

Хўш, бугунги кунда ҳам нима учун айрим хусусий телеканалларда ҳамон кишининг дилини ранжитадиган видеоклиплар эфирга берилмоқда?!

Яқинда тўйларда, тадбирларда ўзининг қўшиқлари билан тез-тез кўзга кўринаётган Ю.Ж. исмли хонанданинг куйлаган қўшиғидаги қуйидаги сатрларни эшитиб, ўйланиб қолдим.

Мана ўша сатрлар:

Яхши адим инди ёмон бўлдимми?

Сан ташлаб гетганинг билан ўлдимми?

Изларимда саксон йигит парвона,

Санданам зўрини топдим гўрдингми?

Қани, ушбу сатрларни қандай тушуниш мумкин?! Миллий қадриятларимизга, одоб, ахлоққа тўғри келадими?  Қайси қизнинг изида 80 йигит сарсон бўлиб, юрибди экан,  наҳотки янгисини топиб, эскисига мақтаниш мумкин? Айниқса, аёл киши!

Ёки “TTV” хусусий телеканалида эфирга берилган Ж.А. томонидан  ижро этилган “Gentra” номли қўшиқ матнини қандай тушуниш мумкин?

Масалан, унда шундай сўзларни эшитиш мумкин: “Gentra”нинг порларидек гўзларинг чарақ-чарақ, ҳалам гўззингда ўқ йўқ, отчоқсан мани поқ-поқ. Бано, ўтасан, тўқ-тўқ, бано ўтасан тўқ-тўқ, кимни назара олдинг, усулларинга гап йўқ…” дея,  «хонанда» ушбу сўзларни “қўшиқ”нинг бошдан охиригача такрорлайди.

Бу видеоклипда 3 нафар қизнинг миллий одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган қилиқларидан телетомошабинлар анча ранжишмоқда…

Мана шундай, киши дилини хижил қиладиган яна кўплаб «қўшиқлар» телеэкранлар орқали эфирга берилаяпти.

Менимча санъат бўстонига кириб келаётган ёшлар ҳар бир қўшиқни ижро қилишдан олдин, шеърнинг матнига, яъни маъно-мазмунига эътибор қаратиши муҳим, деб ўйлайман. Гоҳида айрим ёш хонандаларнинг ўзлари «шеър» ёзиб, куй басталаб, ижро этадиган бўлиб қолишган.

Видеоклипларни тасвирга олишда чиройли масканлар, гулзорлар, боғу роғлар қолиб, саҳро, чўлларда юриб, қўшиқ айтиш “урфга” кириб бормоқда. Қолаверса, айрим видеоклипларда қизларнинг енгил-елпи кийиниб, ним қоронғуда “рақс”га тушаётганлигини кўриб, яна дилинг ранжийди. Шунингдек, тасвирга олиш жараёнида хоналарни тутундан бурсиқитиб қўйишади. Буни ҳам тушуниб бўлмайди?!

Кейинги пайтда айрим видеоклипларда уч-тўрт нафар “қизиқчи йигитлар” ҳа деб, тасвирга тушиб, меъёридан ортиқча беўхшов қилиқлари, “ҳазиллари”, “сўзлари” билан кишини ғашига тегиб, зада қилиб юборишмоқда. Бу ҳақда элдошларимиз ҳам ўзларининг эътирозларини тез-тез билдиришяпти.

Видеоклипларни яъни, мусиқали клипларни тасвирга олиш яхши иш. Лекин ҳамма нарсанинг ҳам меъёри бор.

Маълумки, Комилжон Отаниёзов, Қувондик Искандаров, Ботир Зокиров, Рўзмат Жуманиёзов,  Отажон Худойшукуров, Олмахон  Хаитова, Ортиқ Отажонов ва бошқа кўплаб ҳофизлар, санъаткорлар ижодига бағишланган мусиқали фильмларни ҳамон ҳаммамиз севиб томоша қиламиз. Уларнинг  ижро қилган қўшиқларини мароқ билан тинглаймиз. Бугунги кунда ҳам санъаткорларимиз ҳақида видеоклипларни тайёрлаётганлар ўз ишларига масъулият билан муносабатда бўлишлари керак. Чунки режиссёрлар, “клипмейкерлар” томонидан тайёрланадиган видеоклиплар ойнаи жаҳон орқали ҳар бир хонадонга, оилага кириб боради. Оила даврасида эса ёшу кекса ўша тайёрланган мусиқали видеоклипларни мароқ билан кўриб, қўшиқларни ҳузур қилиб эшитсинлар. Тайёрлаган ижодкорларнинг ижодий ишларига раҳматлар айтсинлар. Ижодкорларнинг ижодлари янада серқирра, сермазмун бўлишига тилак билдирсинлар. Телевидениелар орқали эса доимий равишда юксак маҳорат билан тайёрланган видеоклиплар намойиш этиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бекзод АБДИРИМОВ,

Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.