Бухорода ҳарбийларга янги уйлар топширилди

2021-01-14T11:34:00+00:0014 Yanvar, 2021|Бухоро вил.|

Ҳар йили 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳарбий хизматчилар учун қурилган уй-жойларни фойдаланишга топшириш анъанага айланган.

 Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, Бухоро вилоятида Мудофаа ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари учун қиймати қарийб  91 миллиард сўмлик жами 666 та хонадондан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, ўтган 3 йилда уларнинг 606 таси фойдаланишга топширилди.

Куни кеча Бухоро шаҳри, Намозгоҳ кўчасида бунёд этилган 2 та 5 қаватдан иборат 60 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар калити ўттиз нафар ички ишлар ходими, ўн беш нафар ҳарбий хизматчи ҳамда ўн беш нафар Миллий гвардия ходимига топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Жануби-Ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, вилоят ҳокимлиги вакиллари, секторлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари қатнашди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш, шу жумладан, ҳарбий хизматчиларнинг самарали хизмат қилишлари учун барча шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Сарҳадларимиз дахлсизлиги, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини қў­риқлашдек шарафли вазифани адо этиб келаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келаётганлиги эътироф этилди.

— Ўн уч йиллик фаолиятим давомида уч вилоят ҳудудида ҳарбий бурчимни ўтаб, ижарада яшадик, — дейди икки хонали уйга кўчиб ўтган Камолжон Рўзиев. — Шу орада икки фарзандли бўлиб, тўнғичи воя­га етиб қолди. Шу маънода, бугун ҳарбий хизматимиз ва ҳаётимизнинг энг бахт­ли дамларидан биридир. Бугун ҳамкасбларим қаторида ўз ­уйимга эга бўлганим ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири бўлди. Бу эътибор оиламга қувонч ва шодлик олиб кирди. Бунга жавобан биз сарҳадларимиз мустаҳкамлигини таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қиламиз, албатта.

Барпо этилган янги уйларнинг кенг ва ёруғ хонадонларида яшовчилар учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган.

Бундан ташқари, алоҳида иситиш тизими, уйлар олдида болалар майдончаси, суҳбатгоҳлар барпо этилганлиги ҳам бу ерда яшовчиларга катта қулайликлар яратади.

Бу эътибор ҳарбий хизматчиларимизни халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, давлатимизнинг тақдири ва келажаги йўлида фидойи бўлишга ундайди.

                Учқун ТОЖИЕВ, 

“Бухоронома” мухбири.