СЕВ, АВАЙЛА, АСРА ЎЗБЕКИСТОННИ!

2021-01-14T04:05:50+00:0014 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

Бир нуроний онахон журналистнинг шундай гаплари бор эди: “Жуналистнинг қалби ёниб туриши керак. Ёнмаган, ўзидан учқун чиқармаган қалб билан ёзиш қийин…”

Ҳақ гап. Ижодкор инсон учун фасл, жой, кайфият каби тушунчалар бироз “бегона”дир. У ҳар қандай ҳолатда ҳам ёзишга, таҳлил қилишга, идрок билан яшашга мажбур. Чунки, у қалам билан тиллаша оладиган сўз соҳиби.

Хабарингиз бор, айни кунларда юртимизда 14 январь – “Ватан ҳимоячилари” байрами шукуҳи кезиб юрибди. Шу муносабат билан бизнинг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳам байрам баҳона бир гурух устоз журналистлар айниқса ҳарбий–ватанпарварлик мавзусида узоқ йиллар қалаб тебратиб, ижод қилиб, муносиб шогирдлар тарбиялаган журналистлар хонадонларида бўлиб, устозларнинг ҳаётий тажрибалари, касбий малака-кўникмалари ҳусусида суҳбатларни амалга ошириб келмоқда.

Бизнинг навбатдаги суҳбатимиз қалби ҳамиша ижод завқи билан ёниб турувчи, сўзида ва қаламида нури бор ижодкор,  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоир, истефодаги подполковник Абдураззоқ Обрўев билан кечди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳар, 1 сон касалхонасида саломатлигини тиклаётган устознинг ҳолидан хабар олиш учун йўл олар эканмиз, бироз ҳижолат ҳам қилдик, тўғриси. Бемор инсонни ортиқча урунтириб қўймас эканмизми, бирров шифохона деразасидан салом бериб қайтармиз деган ўй билан отландик.

Абдураззоқ ака юзида самимийгина табассум, ўзбекона лутф билан бизни касалхона йўлагидаёқ қарши олди. “Хонада 3 киши ётибмиз, улар билан тезда тил топишиб кетдим. Яхши инсонлар экан. Бу ерда турманглар, бироз суҳбат қиламиз, ижодкорлар давраларини соғиндик”,– дея бизни хонага бошладилар.

…Тасирланиб кетдим. Нега дейсизми? Устознинг кароватлари устида ноутбук турибди, ижод қилиб, нималарнидир қоралаётган бўлган экан. “Соғлик ҳам муҳим, аммо ижод бир зум бўлсада тўхтаб қолмаслиги керак, ахир илҳом келиб, қалбингдан сўзлар қуйилиб турса ёзмай бўладими,–деди менинг таажжубимга изоҳ бергандек бўлиб.

Абдураззоқ ака 1956 йил Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманида туғилган. Журналистика, бадиий ижод, китобга бўлган меҳр уни Москва Давлат университетининг журналистика факултетига етаклайди. 1985 йил ўқишни тамомлаб хозирги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги–ЎзА ва “Муштум” журналида фаолият олиб боради.

1996 йилдан бошлаб 2008 йилгача фаолиятини ҳарбий йўналиш билан боғлаб Мудофаа вазирлиги муассислигидаги “Ватанпарвар” газетасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлайди, шу билан бирга қизғин ижодий фаолият билан шуғулланиб “Ҳуплам–тўплам”, “Бўйдоқ аскар”, “Аёлнинг қулоғи”, “Ҳиринг–ҳиринг”, “Рухсат беринг шеър ўқийман”, “Уч нуқта”, “Сев, авайла, асра Ўзбекистонни” каби бир қатор шеърий, ҳажвий китоблари нашр этилган.

Унинг узоқ йиллик меҳнатлари, журналистикамиз олдидаги хизматлари давлатимиз томонидан 2004 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони билан мукофотланади.

Бугун 65 ёшни қарши олаётган устоз-журналист қайноқ ижодда. Бир зум бўлсада бўш вақтини бекорга ўтказмай, нимадир ёзиш, мутолаа қилиш билан банд. Касалликни ҳам унутгандек гўё.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

 Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.