КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ АГЕНТЛИГИ ҲУЗУРИДА “ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР” КЛУБИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

2021-01-13T07:30:27+00:0013 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

2020 йил 29 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Боиси, аҳоли орасида турли иллатларга қарши курашишда, жумладан коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, Агентлик ҳузурида соҳага оид мавзуларни ёритувчи ОАВ вакилларидан иборат “Журналист ва блогерлар клуби” ташкил этилди.

Ушбу клубни ташкил этишдан асосий мақсад – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш жараёнларини ёритишда ОАВ билан яқиндан мулоқот ўрнатиш, кенг оммага эълон қилинаётган мавзуга оид материалларни асосли, тўлақонли ва сифатли бўлишига кўмаклашиш, журналист ва блогерлар иштирокида ўқув семинарлари ташкил этиб, ушбу соҳадаги билим ва малакасини ошириш йўли билан уларнинг ихтисослашувига ёрдам бериш ҳисобланади. Шунингдек, “Журналист ва блогерлар клуби” аъзолари Агентлик томонидан ташкил этиладиган тадбирларга фаол жалб этиладилар.

Ўзаро мулоқотга доир бошқа масалалар “Журналист ва блогерлар клубининг низоми” асосида тартибга солинади.

Ҳозирги кунда Агентликнинг оммавий ахборот воситаларига юборган сўров хатлари ва берилган эълон натижасида 37 нафар журналист ва блогерларни ўзида жамлаган клуб шаклланди.

Аъзо бўлмоқчи бўлган журналист ва блогерлар учун клуб эшиги очиқ, унинг сафи янада кенгайиши мумкин.