Мардлар қўриқлайди Ватанни!

2021-01-12T07:16:11+00:0012 Yanvar, 2021|Наманган вил.|

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  ёш қаламкашларнинг «Ниҳол» телеграмм гуруҳи аъзолари ўртасида «Мардлар қўриқлайди Ватанни» мавзусида  кўрик – танлов эълон қилган эди.

НамДУ магистранти Манзура Абдуллаева раҳбарлигидаги эллик  нафардан зиёд умидли қаламкашларнинг назм, наср ва публицистика йўналишларидаги ижод намуналари таниқли ижодкорлар томонидан кўриб чиқилиб, якуний хулосалар баёнлаштирилди.

Нодирабегим номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида танлов якунлари ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ҳомийлигида ўзига хос адабий анжуман тусини олган тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансуров, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Носиржон Деҳқонов, фахрий журналист Манзура Отақўзиева, ЎзХДП вилоят Кенгаши раиси , депутат Илҳомжон Атабоев, Ёшлар агентлиги вилоят бўлими раҳбарининг ўринбосари Аброр Собиров ва бошқа бир қатор устоз ижодкорлар иштирок этишди.

Вилоятимизнинг турли ҳудудларидан бўлган истеъдодли талаба ёшларни ижод ишқи бир гуруҳга жамлаб, ижодий беллашувларга чорлаётган куч албатта қалам, эзгу сўз айтиш ҳаваси, адабиётга муҳаббат ва иштиёқдир.   Шаҳзод Эргашалиев, Аҳлиддин  Асқаров, Нигора Муҳаммад, Маҳлиё Дадахонова,  Отабек Қобилов. Танлов номинациялари бўйича ғолиблар рўйхатини давом эттириш мумкин.

Энг муҳими истеъдодли ёшларнинг ижод намуналарида Ватанни англаш, Ўзбекистон аталган  меҳр-муҳаббат ўлкасини , айниқса, ёшлар онг-шуурини  бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, асраниш, бунёдкорона интилишларга сафарбарлик мотиви устувор.

Диплом ва фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланган ёшлар танлов якунига бағишланган маросимни ижодий мулоқот ва мушоирага айлантиришди. Ёшлар томонидан айтилган таклифлар инобатга олиниб, келгусида уларнинг илк тўпламларини чоп эттириш, вилоятда ёш ижодкорлар форумини ўтказиш юзасидан режалар белгиланди.

 

ЎзЖИУ Наманган вилоят бўлими