“Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!”

2021-01-07T15:26:50+00:007 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент вилояти, Зангиота тумани “Қуёшли” қўрғонидаги ҳарбий қисм ва институтга “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида медиатур ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь —Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган ушбу тадбирда марказий ОАВда фаолият юритаётган журналистлар ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникацияар университетининг ҳарбий журналистика йўналиши талабалари иштирок этди.
Тадбир доирасида иштирокчилар ҳарбий қисм ва алоқа ҳарбий институтида ҳарбийлар — аскар ва офицерлар, булғуси алоқачилар—курсантларнинг яшаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, уларнинг манавиятини юксалтириш учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан, фонди анча бой кутубхона, турли, энг замонавий тринажёрларга эга, ўнлаб спорт турлари билан доимий шуғулланиш учун шароит муҳайё этилган ёпиқ мажмуа, ўқув биноларида яратилган қулайликлару инновацион янгиликлар билан яқиндан танишдилар.
Медиатур якунида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошида фаолият олиб бораётган Ҳарбий журналистика кенгаши томонидан анжуман ўтказилди.
-Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган бугунги медиатурдан асосий мақсад журналистиканинг ҳарбий йўналиши бўйича ижод қилаётган марказий ОАВ вакиллари ҳамда бўлажак ҳарбий журналистларни давлатимиз томонидан Ватан ҳимоячиларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имтиёзлар билан яқиндан таништириш, ҳарбийлар, журналист ва блогерлар ўртасида ўзаро мулоқотни ташкил этиш кабилардан иборат, — дейди Журналистлар уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов.
Тадбирда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбийлар ҳаёти ҳақида долзарб, таҳлилий материаллар тайёрлаб эълон қилиб келаётган бир гуруҳ фаол журналистларга уюшманинг совғалари топширилди.
Журналистлар уюшмаси ахборот хизмати