ШОНЛИ САНА МУНОСАБАТИ БИЛАН “БУНЁДКОРЛИК СИМФОНИЯСИ” “ЯНГРАДИ”

2020-12-31T09:04:05+00:0031 Dekabr, 2020|Навоий вил.|

Маълумки, оғир синовлар — 2020 йил ниҳоялаб, янги йилга қадам  ташлар эканмиз, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик юбилейини ҳам қаршиламоқдамиз. Мустақиллик берган имкониятлар ва унинг мазмунини теран англаш, айниқса Истиқлол неъматининг аҳамияти ва моҳиятини ёш авлод онгига чуқур сингдириш  масъулияти зиммамизда турибди.

Шу муносабат билан жорий йил аввалида Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўттиз йиллик юбилейга бағишлаган китоб тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган эди. “Бунёдкорлик симфонияси” номи берилган мазкур китобда нафақат Навоий воҳаси, балки Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшган инсонлар — қурувчи-бунёдкорлар, шунингдек архитектор ва йўлсозлар ҳамда саноат соҳаси жонкуярларининг ҳаёт йўли ҳақида очерклар жамланди.

Янги йил арафасида нашрдан чиққан мазкур китобнинг вилоят ҳокимлиги анжуманлар залида тақдимот маросими ўтказилди. Унда китобга киритилган қаҳрамонлар ҳамда очерклар муаллифлари иштирок этди.

Тақдимотни вилоят ҳокими Қобулжон Турсунов очиб берар экан, 30 йиллик шонли сана муносабати билан вилоятда амалга оширилаётган ишлар, хусусан бир қатор китоблар тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Шунингдек, “Бунёдкорлик симфонияси” китоби ва уни тайёрлаш жараёнлари ҳақида гапирилди. Шундан сўнг, китоблар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Тақдимот маросими давомида бир гуруҳ ижодкорлар ва бунёкдорлар сўзга чиқиб, мамлакатимиз мустақиллиги ва ўтган даврда эришилган натижалар хусусида фикр юритди.

  • Ҳар бир миллатни енгиб бўлмайдиган биргина жиҳат юксак маънавияти, яъни шу халққа тегишли китоблардир, — деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Одил Ҳотамов. — Китоблар нашр этиш ва китобхонликка алоҳида эътибор қаратилаётгани бу муҳим жараён. Зеро, ҳар қандай жадал тараққиётнинг бир усутни иқтисод бўлса, иккинчи устуни, албатта маънавиятдир.

Қайд этиб ўтиш керак, 2020 йил 17 декабрь куни давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Руспубликаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарорда юбилейга бағишланган пуцблицистик китоблар  нашр этиш ҳам кўзда тутилган. “Бунёдкорлк симфонияси” китоби эса бу борадаги илк нашр саналади.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ Навоий вилояти

 бўлими мутахассиси