Байрам арафасида кекса журналистлар ҳолидан хабар олинди

2020-12-31T08:46:08+00:0031 Dekabr, 2020|Навоий вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан фахрий журналистларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳолидан хабар олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, уюшманинг Навоий вилояти бўлими томонидан Янги йил байрами арафасида қизилтепалик матбуот соҳасининг забардаст вакиллари — Раҳим Мақсудов ва Фаттоҳ Сатторовлар хонадонига  борилди.

Раҳим Мақсудов узоқ йиллардан буён матбуот соҳасида фаолият олиб бормоқда. Жорий йилда кекса ижодкор  80 ёшга тўлди. Шу муносабат билан фахрийга уюшманинг янгиланган намунадаги гувоҳномаси ҳамда эсдалик нишони топширилди.

Яна бир нуроний отахон Фаттоҳ Сатторов ҳам матбуот соҳасида самарали фаолият юритиб, бугунги кунда ҳам қаламини қўлидан қўйгани йўқ. Ф.Сатторов 1983 йилдаёқ уюшма аъзоси бўлган. Кекса қаламкашга янги намунадаги гувоҳнома ва нишон топширилар экан, у ўз қувончини қуйидагича изоҳлади:

  • Эътибор нафақат одамни руҳлантиради, балки кучига куч, ижодига ижод қўшади. Янги йил арафасида янги гувоҳнома олганим эса мени янада мамнун этди.

Ҳар қандай таълим даргоҳи бунёдкор қўллар томонидан барпо этилади. Ижод — журналистика мактаби эса холис ва тўғрисўзликни бурчи деб билганларнинг пешона тери ва машаққати билан вужудга келади. Албатта, бугунги ёш авлод ана шу мактаб эгаларини ҳеч қачон унутмайди ва доимо улуғлайди.

ЎзЖИУ Навоий вилояти бўлими