Журналистлар уюшмаси ҳамкорлари сафи кенгаймоқда

2020-11-26T15:18:29+00:0026 Noyabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугун, 26 ноябрь – Халқаро ахборот куни муносабати билан пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатия маркази томонидан давра суҳбати ўтказилди. Унда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов Президентимиз Ш. Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган саммитида бир қатор таклифларни илгари сурганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, у Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардаги журналистлар билан ишловчи ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйгани, хусусан, Умумхитой журналистлар ассоциацияси, Россия журналистлар уюшмаси билан ҳамкорлик меморандумлари имзолангани, ташкилотга аъзо бошқа давлатлар журналистлар уюшмалари билан ҳам шундай келишувларга эришиш устида иш олиб борилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, ШҲТ аъзо давлатлар журналистлари иштирокида Тошкентда халқаро форум ўтказиш режаси ҳам борлигини билдирди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  ШҲТнинг халқ дипломатия маркази билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Тадбирда ҳамкорликда ШҲТ аъзо – саккизта – Ўзбекистон, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларининг журналистика соҳаси ривожланиш босқичларига бағишланган китоб нашр этиш таклифи ўртага ташланди.

     Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати