«Сармишсой» қандай жой?

2020-11-24T09:31:25+00:0024 Noyabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Сармишсой. У ҳақида кўп эшитганмиз. Аммо, кимдир сўраганида, кўпчилигимиз “қояга битилган тасвирлар бор ҳудуд”, деган маълумотнигина айта оламиз. Хўш, Навоий вилояти ҳудудида жойлашган Сармишсой ўзи қандай жой, у нималари билан бутун дунёга машҳур? 

 

Биласизми, етти минг йиллик тарихни ўз бағрида асраб келаётган Сармишсойда тахминан ўн мингдан ортиқ ноёб қоятош битиклари бор. Улар шу қадар турфа, шу қадар қадимки, битикларнинг мазмуни, ифода этган манзараларининг кўпчилиги ҳанузгача тадқиқ қилинмаган, сирлари очилмаган. Шу боис Сармишсой ҳар доим бутун дунё тадқиқотчилари ва сайёҳларини ўзига жалб этиб келади.

 

 

Шунингдек, Сармишсойда тош даври макон ва манзилгоҳлари, қадимги мозорлар ва суғориш тармоқларининг қолдиқлари, устахоналар, тегирмонлар, шахталар, кўҳна қишлоқ харобалари сақланган бўлиб, улар тош давридан бошлаб то ўрта асрларга қадар даврланади.

 

 

Тарихчи олимлар ва археологларнинг фикрича, қоятош суратлари ўша даврдаги инсонлар ҳаётининг бир қисмини акс эттирган. Суратларда асосан “Ҳайвон услуб” деб аталмиш скиф-сак массагетларининг тасвирий санъатида ифодаланган қоплон, пантера, гепард, безон, йўлбарс каби “куч тимсоли” ҳисобланган ҳайвонлар тасвирланган. Шунингдек, кўпроқ дарё бўйи ва тўқайзорларда ҳаёт кечирадиган “мушуксимонлар” оиласига мансуб, ибтидоий овчилар учун қимматли бўлган ов қилиш жараёнлари ҳамда “ўйинчилар” гуруҳига оид турли услубдаги бош кийимлар кийган инсонлар қиёфаси ва турли хил маросимлар моҳирона чизилган.  Бундан ташқари “осмоний отлар” ифодаланган қоятош суратлари ҳар қандай кишини ўзига ром этмай қўймайди. Бу суратлар қадимда бу ерларда от боқишнинг ривожланган ҳудудлардан бири деб эҳтимол қилишга имкон беради.

 

Неолит даврида Қизилқумда яшаган калтаминор маданиятига тааллуқли овчи ва балиқчи уруғларининг баъзи бирлари Сармишсойга келиб жойлашган. Улар бу ерда ов қилиш билан бир қаторда аста-секин чорвачиликка асос солишган. Бу ҳақда бизга Сармишсойдан топилган 4000 дан ортиқ бўлган инсонлар расми — петроглифлар гувоҳлик беради.

 

Сармишсой петроглифлари нафақат республика, балки жаҳон миқёсида башарият ўтмишидан қолган энг сара гавҳар – маданий ёдгорлик сифатида тан олинган. Тошларга ўйиб чизилган расмларнинг барчасини бир қарашда илғаш мушкулроқ. Тонгда, тушлик вақти ва қуёш ботаётганидагина кўринадиган тасвирлар бор хатто. Баъзи тасвирлар фақатгина ёмғирли кунда кўзга ташланиши билан ҳайратингизни оширади.

 

Сармишсойнинг одамларни ўзига оҳанграбодек тортадиган яна бир жиҳати – бу унинг мафтункор табиати. Дара, айниқса, кўклам келиши билан ажиб гўзалликка бурканади. 62 оилага мансуб 650 дан ортиқ турдаги ўсимликлар Сармишсойни ҳеч қаерда топиб бўлмайдиган табиат мўъжизасига айлантиради. Кўп минг йиллик тектоник ҳаракатлар сабаб кварц ва гранит қатламлари сланец тошларни сиқиб қўйгани натижасида, дарада тасма тузилишидаги тоғбурмаланишлари пайдо бўлган. Бунинг натижасида юзага келган жозибадор манзара киши диққатини тортади.

 

Айни пайтда бу қадим дара “Сармишсой” давлат музейи қўриқхонасига айлантирилган. Зеро, аждодлар меросини сақлаб келаётган ёдгорликларни асраб-авайлаш ва ўз ҳолича етказиш келажак олдидаги бурчимиз ҳисобланади.

 

(Манба: Маданият вазирлиги Ахборот хизмати)