Самарқанднинг ҳар бир туманида ихтисослаштирилган мактаблар кўпайтирилади

2020-11-23T07:32:46+00:0023 Noyabr, 2020|Самарқанд вил.|

Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов журналист ва блогерлар билан ўтказилган  “Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотлар ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вилоят халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида навбатдаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Вилоят матбуот уйида ташкил этилган анжуманда бошқарма бошлиғи томонидан бугунги кунда халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мактабларнинг миллий рейтингдаги ўрни, таълим сифати паст мактаблардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари, олий тоифали методистларни кўпайтириш ва уларнинг ойлик маошини ошириш, вилоятимизда таълим сифатини оширишда “Самарқанд тажрибаси” ҳақида маълумот берилди.

– Бугун вилоятимизда 55 мингдан ортиқ ўқитувчилар фаолият юритади, – дейди С.Усмонов. – Уларнинг 22 мингга яқини эркак, 1049 нафари олий тоифали ўқитувчилардир. Олий тоифали ўқитувчиларни кўпайтириш бўйича тизимли ишлар амал оширилаяпти. Шу ўринда мактабларда таълим сифатини оширишда услубчиларнинг ҳам ўрни катта. Аммо бизда уларнинг ойлик иш ҳақи пастлиги учун улар фаолияти кўп мактабларда ташкил этилмаган. Биз уларнинг ойлигини ошириш орқали мактабларда методистларни кўпайтирмоқчимиз. 2019-2020 ўқув йилида 53583 нафар битирувчининг 5359 нафари ўқишга кирган. Ўтган ўқув йилида 324 та мактабнинг бирорта ўқувчиси ўқишга кира олмаган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида бу кўрсаткич 147 тани ташкил этди. Агар таҳлилларга қарайдиган бўлсак, вилоятимизда фаолият юритаётган ихтисослашган давлат умумтаълим мактабларининг 80-70 фоиз ўқувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 37 нафар битирувчисидан 30 нафари, Оқдарё туманидаги 52-ихтисослаштирилган давлат умутаълим мактаб-интернатининг 45 нафар битирувчисидан 34 нафари талаба бўлган. Шунинг учун ҳар бир туманда ихтисослаштирилган мактабларни кўпайтиришни режалаштирганмиз.

Вилоятимизда Президентимизнинг янги Фармон ва Қарорларининг ижросини таъминлаш, мавжуд камчиликларни тизимли равишда ҳал этиш мақсадида 2020 йил 16 ноябрь куни Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан вилоятда таълим сифати ва самарадорлиги бўйича энг кўп муаммолар мавжуд бўлган Пастдарғом ва Ургут туманларида “Самарқанд тажрибаси” йўлга қўйилади. Самарқанд давлат университети Ургут туманига, Самарқанд давлат чет тиллар институти Пастдарғом туманига ва вилоятимизда мавжуд 8 та олий таълим муассасалари туманларга бириктирилди. Шу билан бирга мактаб ўқитувчиларининг билим даражасини ошириш ва мустаҳкамлаш, уларни доимий равишда ўз устида ишлашини ташкил этишга қаратилган “Устозлар беллашуви”ни ўтказиш белгиланди.

Жорий йилда Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилди.

Мактаб-интернатга айни пайтда умумтаълим мактабларининг 7- ва 8-синфида таълим-тарбия олаётган 120 нафар (60 нафар 7-синф, 60 нафар 8-синф) иқтидорли ўқувчи-ёшлар танлов асосида қабул қилинади. Мактабда ўқувчиларнинг математика, физика, информатика ва инглиз тили фанларини чуқур ўрганиши, ушбу фанлардан республика ва халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиши таъминланади.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар умумтаълим муассасаларидаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, ўқитувчилар билим савиясини ошириш, спорт билан шуғулланишини доимий ташкил этиш ва бошқа масалаларга доир саволларига жавоб қайтарилди.

                                    ЎЖИУ Самарқанд вилоят бўлими