Самарқандда 418 мингдан ортиқ фуқаронинг маълумоти “Ягона миллий меҳнат тизими”га киритилди

2020-11-20T07:22:00+00:0020 Noyabr, 2020|Самарқанд вил.|

Бу ҳақда бугун Матбуот уйида ўтказилган матбуот анжуманида вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов маълум қилди.

Янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатлари 2020 йилнинг 1 январидан “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий аппарат комплексида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилди. Шунингдек, барча корхона, ташкилот, муассаса ва фирма раҳбарларига ўз ходимлари ҳақидаги маълумотларни ягона миллий меҳнат тизимига киритиш талаби қўйилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ишга кирувчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, вакант ўринлари ҳақида маълумотга эга бўлиш, меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни қондиришдан иборат.

Бундан ташқари, эндиликда ишга олишда таниш-билишчиликнинг олди олиниб, пенсияга чиқишдаги қоғозбозлик, идорама-идора югур-югурларга барҳам берилади.

– Ушбу тизимни жорий этишдан олдин МДҲ ва Саудия Арабистони каби давлатлардаги тартибни ўргандик ва ўзимизнинг миллий меҳнат тизимини жорий этдик, – деди “Ягона миллий меҳнат тизими”ни бошқариш дирекцияси директори Ҳусан Ёрқулов. – Бунда ходимларнинг маълумоти ҳам сир сақланиши кўзда тутилган. Шунингдек, ҳар бир фуқаро ўзининг электрон меҳнат дафтарчасини my.mehnat.uz сайти орқали кузатиб бориш имкони яратилди.

Самарқандда ягона миллий меҳнат тизими орқали бугун вилоятда 15 мингга яқин вакант ўрни аниқланди. Шунингдек, айрим раҳбарлар вакант ўринларини яширгани учун 2 миллион 230 минг сўмдан жаримага тортилди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

Манбаа: Zarnews