“Бухоро Сув таъминоти” МЧЖ да пресс-тур

2020-11-16T16:43:34+00:0016 Noyabr, 2020|Бухоро вил.|

Сўнгги пайтларда вилоятда истеъмолга яроқли тоза ичимлик сувининг таркибий сифати ҳақидаги турли гап-сўзлар кўпаймоқда. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида, 14 ноябрь куни “Ўзсувтаъминот” АЖ ва “Бухоро Сув таъминоти” МЧЖ мутасаддилари томонидан вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Пресс-тур иштирокчилари «2021-2023 йилларда ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш дастури» ҳамда Бухоро вилоятида ичимлик суви ва канализация хизматлари учун тасдиқланган тарифлар ҳақида жамоатчиликни кенгроқ хабардор қилиш мақсадида “Ибн Сино” ва “Шохруд” гидроузеллари фаолияти билан танишдилар.

Пресс-тур иштирокчиларининг дастлабки манзили “Ибн Сино” сув узатиш иншооти бўлди. Когон тумани, “Сиёзпоён” ҚФЙ да жойлашган мазкур обеъкт 1950 йилда ишга туширилган бўлиб, ўша вақтда 7 та дизель двигатели сув кўтариш насосларидан фойдаланилган. Иншоотни “Қуйимозор” сув омбори “оби ҳаёт” билан таъминлаган.

Иштирокчилар бу ерда иншоотнинг ишлаш механизми билан яқиндан танишдилар. Сувнинг узатиш иншоотига кириб келишидан тортиб, шу ерда ишлаш ва сув тозалаш обеъктига чиқиб кетишгача бўлган жараённи кўздан кечирдилар. Шунингдек,  иштирокчилар иншоотда жойлашган лаборатория фаолияти билан ҳам танишдилар. “Бухоро Сув таъминоти” МЧЖ моддий-техник базаси ҳам талаб ва эҳтиёжга қараб янгилаб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, айни кунда аҳолига иншоот орқали етказилаётган ичимлик суви халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Жараёнга гувоҳ бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар соҳа мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

ЎЖИУ Бухоро вилоят бўлими