Хазонрезги ёки дарахтдан тўкилган дур…

2020-11-16T07:39:48+00:0016 Noyabr, 2020|Бухоро вил.|

Мамлакатимизда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, экологик талабларга қатъий риоя қилиш,  атроф-мухит мусаффолигини таъминлаш, инсон саломатлиги учун мақбул ўсимлик ва дарахт турларини экиш, уларни парвариш қилиш борасидаги ишларда фаол бўлиш ҳамда ташаббускорлик кўрсатиш, бу йўналишдаги тарғибот ишларини мунтазам амалга ошириш ниҳоятда долзарб вазифадир.

Аслида табиат ўз мувозанати ва моҳиятига кўра тўкис ва бекаму кўст яратилган. Айниқса, мамлакатимизда тўрт фаслнинг барқарор алмашинуви, уларнинг ҳар биридаги жозиба кишини ҳайратга солади. Умуман олганда, юртимизнинг ҳар фасли, ҳар кунида ўзгача сеҳр ва мўъжиза бор.

Таъкидлаш жоизки, дарахтлар инсониятнинг тўлақонли яшаши учун ҳаётий аҳамиятга эга. Яшил олам шаҳар ҳавосини 2-8 даражага салқинроқ қилади. Битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф-муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

Дарахтлар ҳар доим табиатга, инсониятга фойда келтирган. Сояси жонга, меваси танга дармон. Бироқ, ҳар бир фаслнинг ўз хусусияти бор. Куз фасли келиши билан дарахтлар ўзининг яшил оламини хазонрезгиликка бўшатиб беради. Айни куз фаслида аҳолида манзарали ва мевали дарахтлардан тўкилаётган барг­ларни йиғиш ва олиб бориб ташлаш ташвиши пайдо бўлади. Ана шу жараёнда биз учун беминнат кўмакчи бўлган она табиатга ўзимиз билиб-билмай зарар етказамиз: хазонларни белгиланган жойга ташиб бориш ёхуд ерга кўмиш ўрнига, уларни тўплаган жойимизда ёқиб юбориш биз учун осон ва қулай туюлади.

 

Келинг, ёнаётган хазоннинг нечоғлик зарарли эканини статистик маълумотлар орқали кўрайлик. Бир тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 килограмм углерод оксиди ажралиб чиқади. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи бошқа моддалар, яъни олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар — диоксинлар ҳам ташланади.

Хазондан чиқаётган тутун атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса, чала ёнган хазондан чиқадиган заҳарли газ ниҳоятда хатарлидир. Ундан ажралаётган тутун атмосферада тўпланиб, ҳавога карбонат ангидрид газини чиқаради.

Мутахассислар фикрича, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиши хавфи ортади.

Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак қон-томир, нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир этади.

Унутмаслик керакки, коронавирус пандемияси шароитида атмосферанинг турли моддалар билан ифлосланиши ушбу касаллик билан касалланганлар ҳамда тузалиб чиққанлар учун ниҳоятда зарарлидир.

Атмосфера ҳавосини мухофаза қилиш талабларига қатъий риоя қилиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва ­инсон саломатлигини ҳимоялаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддасида “Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқ­дорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дея алоҳида таъкидланган. Бундан ташқари, ён­ғин содир бўлиши оқибатларидан келиб чиқиб жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд. Шундай экан, фуқаролар, маҳалла фаоллари соғлом экологик вазиятни сақлаш ишларидан четда қолмаслиги лозим. Зеро, экологик қоидаларни бузган шахсларни аниқлаш ва уларнинг хатти-ҳаракатини тартибга солишда маҳалла фаолларининг роли жуда ҳам муҳим.

Олиб борилаётган тадбирлар натижаси йилдан-йилга хазон ва шох-шаббаларни ҳамда ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш ҳолатлари камайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Бироқ бу борада амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар ҳам мавжуд. Бу бир неча омилларга боғлиқдир.

Биринчидан, тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан хазон ёқишнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим. Дарахтлардан тўкилган хазонларни йиғиб, мутасадди ташкилотлар кўмагида шаҳар ташқарисидаги тегишли жойларга ташиш доимий ишга айланиши зарур.

Иккинчидан, кесилган шох-шаббаларни қайта ишлаш натижасида турли хилдаги қурилиш материаллари ва брикетлар тайёрлашни йўлга қўйиш имконияти мавжуд.

Учинчидан, дарахтлардан тўкилган хазонларни алоҳида ажратилган ҳолда йиғиб олиш натижасида улардан ўғитлар тайёрлашни йўлга қўйиш мумкин.

Тўртинчидан, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда экологик талабларга қатъий риоя қилиш ва ҳудуднинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлиги учун мақбул бўлган ўсимлик ва дарахт турларини экишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Бешинчидан, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида экологик ҳашарлар ўтказилиб, аввало, экологик тозаликни таминлаш, чиқиндихо­наларни озода сақлаш, бунда, айниқса, ­жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.

Олтинчидан, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш экологик қоидабузарликларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган муаммолардан яна бири соҳада қонунчиликни такомиллаштириш масаласидир. Қайд этиш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси Экопартия фракцияси аъзолари ҳамкорлигида қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар қабул қилиш, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодексини ишлаб чиқиш борасидаги ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Куни кеча Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларнинг ғайриқонуний кесилиши, йўқ қилиниши, шикаст­лантирилишини олдини олишга ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш орқали бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг камайишига хизмат қилади.

Анвар НИЁЗОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси

вилоят ташкилоти раиси