“Ялтиллаган китоб кўп-у, ялт этгани кам”

2020-11-11T10:06:27+00:0011 Noyabr, 2020|Фарғона вил.|

Жамият ҳаётидаги барча чизиқлар ижодкор юрагидан ўтади. Бошқача қилиб айтганда, Ватан, эл умрининг гуллаб-яшнаши шоир қалбида ранго-ранг гуллар ундирса, оғриқли ўйлари, энг аввало, шоир юрагини титратади. Ўз ҳаёти, тақдирини шеърият билан боғлаган инсон, “Шуҳрат” медали соҳиби Баҳодир Исо билан суҳбатимиз бугунги адабий муҳитнинг жамият билан муштарак ривожи ҳақида бўлди.

– Муҳтарам Президентимизнинг мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга оид қабул қилинган қатор фармойиш ва қарорларидан сўнг халқимиз китобхонликка қайтди, деб ҳисоблайсизми?

— Бу, аввало, халқимиз дардини тинглаш, одамларни якдил қилиш ва барчамизни, айниқса, ёшларимизни китобхонликка қайтариш учун кураш йўлига қўйилган қадам бўлди. Аҳолиси ёппасига китобхон бўлган жамият энг тинч ва энг обод жамиятга айланаб бораверади. Чунки китоб ўқиётганларнинг бир-бирини ғийбат қилишга, бир-бирига чоҳ қазишга вақти ҳам, истаги ҳам бўлмайди. Ёшларимиз қалбида китобга бўлган муҳаббатнинг ошиб бораётгани биз катталарнинг кўнглимизни ҳам эртанги кундан хотиржам қилаётгани бор гап.

 

— Фарғона адабий муҳити халқимизга, керак бўлса, бутун дунёга етук шоир ва адибларни етказиб берган. Ва бу анъана ҳамон давом этиб, ижодкорларнинг янги авлоди камолга етмоқда. Фарғона адабиётининг эртанги кунини  қандай тасаввур қиласиз?

— Улуғ шоиримиз Ғафур Ғулом бир суҳбатда “Фарғонага тез-тез бориб, қўқонлик шоирларнинг қовурғасига қаламни теккизиб туриш керак, чархланади” деган экан. Дарҳақиқат, Фарғона адабий муҳитининг дунё адабиётида муносиб ўрни бор. Бу муборак заминдан етишиб чиққан шоир ва адибларни санаб адоғига етиш қийин. Бугун эса нур устига аъло нур бўлиб, ана шу улуғ ижодкорларнинг муносиб ворислари бўлмиш ёш ижодкорларнинг тиниқ ва шаффоф денгизи мавж урмоқда. Булар ўзбек номини дунёга сўз қудрати билан машҳур қилишига шубҳам йўқ.

 

— Сўнгги йилларда Фарғонада яшаб, ижод этаётган устозлар, шунингдек, ёшлар вакилларининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинмаяпти… 

— Ўзбекистонда энг аъзоси кам уюшма — Ёзувчилар уюшмаси бўлса керак. У ўзининг бағрига ёшидан қатъи назар истеъдодли шоир, ёзувчи, драматург ва адабиётшуносларни сиғдира оладиган даргоҳ бўлиши керак. Бизда эса ижодкорларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ишлари негадир суст кечади. Бунга ким тўсиқ бўлаётганини ҳеч ким билмайди. Гўё айбдор йўқдай… Ахир унинг аъзолари кўпайса, жамият ривожи учун жон куйдирадиган фидойиларнинг саноғи ортмайдими? Аъзолари сони кўпайиб катта кучга айланса, ижодкорлар вилоят ва республикадаги раҳбарларини ўзлари сайлаб олишса, бунинг нимаси ёмон?

Очиқ айтаман, Фарғонамизнинг ўзида ҳам аъзоликка муносиб қанчадан-қанча истеъдод эгалари бор. Айниқса, ёшлар орасидан муносибларни кўплаб санаш мумкин. Минг афсуслар бўлсинки, уларнинг топширган ҳужжатлари қаерлардадир ёки кимларнингдир столи устида сарғайиб ётибди.

Яхши инсон ва яхши истеъдод соҳиби сифатида ўзим яқиндан биладиган журналист ва адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамид Бурҳон етмишни қоралаб қолди. Ўнга яқин роман ва қиссалари республиканинг нуфузли нашриётларида босмадан чиқди. Адибнинг “Шайдо” романига машҳур адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуровнинг сўзбоши ёзгани ҳам унинг истеъдоди тан олингани эмасми?

Уюшманинг вилоят бўлими аъзоликка муносиб номзодларни пешма-пеш тавсия этиши ва ўз навбатида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳам буни инобатга олиши керак. Ижодкор дўстларимиз, ука-сингилларимизнинг “Уюшма аъзоси бўлиш учун Тошкентда яшаб, ижод қилиш шартми?” деган иддаолари ҳам ўринли. Энди кўринмас деворлар олиб ташланадиган, асл истеъдодлар тан олинадиган давр келди, деб ўйлайман.

 

— Ҳозир саёз шеърлар, мағзи пуч китоблар кўпайган. Устозлар оғриниб айтганидек, “Ялтиллаган китоб кўп-у, ялт этгани кам”. Зўрма-зўраки китоб ёзишга киришиб кетган ҳаваскорлар, мактаб ўқувчисининг ҳам ҳали пишиб етилмаган қораламаларини китоб қилиб босилишига “оқ йўл” бераётган айрим устозларга қандай муносабат билдирасиз?

— Бу саволингиз ўзимни ҳам ўйлантириб қўйди. Чунки мен ҳам кўплаб ҳаваскорларнинг китобларига сўзбоши ёзиб берганман. Лекин бу қилган ишим катта адабиётнинг обрўсига путур етказади, деб ўйламайман. Сабаби, биринчидан, улар китобларини шахсий маблағларига чиқаришади. Фойдани нашриёт ва босмахона кўради. Иккинчидан, уларнинг чиқараётган китоблари адад жиҳатидан жуда кам. Аксарияти эллик, юз, икки юз донадан ошмайди. Учинчидан, уларнинг кўпчилиги, асосан катта ёшдагилари китобларини адабиётга даъвогарлик нуқтаи назаридан эмас, балки ўғил-қизлари, набираларига эсдалик қолиши учун чиқараётганларини очиқ тан олишади.

Мен бу фикрим билан ўзимни ёки ўзим кабиларни оқламоқчи эмасман. Бироқ бу ерда бир инсоннинг гулдан нозик кўнгли ётибди. Катта адабиётга қўйилган талабни бажараман, деб ана шу нозик кўнгилга озор етказиб қўйишдан қўрқаман. Мактаб ўқувчиларига келадиган бўлсак, ўзимнинг шеърларим ҳам еттинчи синфда ўқиётганимдаёқ туман ва вилоят газеталарида босила бошлаган. Бугун китоб чиқараётган ёшларнинг китобларини эллик ё юзта одам ўқиётган бўлса, менинг ўша пайтдаги шеърларимни ўттиз минг, қирқ минг одам ўқиган.

Яна бир гап, адабиётга ёш болаларнинг ғўр шеъри ёки ёши катталарнинг ўртамиёна назмлари аралашаётган бўлса, бунга катта фожиа, деб қарамаслик керак. Ахир шолининг ичида ҳам курмак бўлади-ку. Қолаверса, олтин ҳам ерда очиқ сочилиб ётмайди. Уни тош ва шағаллар орасидан ғалвирлаб ажратиб олиш керак. Бадиий пухта асарларни қадрлаш учун бадиийлиги ҳаминқадар бўлган асарларга кўз ташлаб қўйишнинг ҳам зиёни йўқ.

 

— Сиз яхши рассом, моҳир ҳайкалтарош ҳамсиз. Сизнинг тимсолингизда адабиёт ва санъатнинг уйғунликдаги ҳайратини, айниқса, навоийқалб инсон суратини кўрамиз. Лекин барибир Баҳодир Исони элга танитган, халқ меҳрига эриштирган омил унинг ўзига хос шеърияти, шундай эмасми?

 

— Мен ўзимни, сиз айтгандай, яхши рассом, моҳир ҳайкалтарош деёлмайман. Лекин болалигимдан ана шу санъатнинг ҳам шайдосиман. Жуда кўп суратлар чизганман, уларнинг деярли барчаси портретлар ва ҳаммаси эгаларининг уйида. Мени рассом ва ҳайкалтарош сифатида буюртма берганлар таниса, шоир сифатида шеъримни ўқиганлар танийди. Шунинг учун ҳам кўпчиликнинг шоир сифатида таниши рост гап. Аслида, шоир деб аталиш менга кўпроқ сурур беради.

 

— Мен дунёда Дўст қидирдим,

Куй қидирдим, Сўз қидирдим,

Жон-жонимга найза урди

Ичимдаги душманларим.

Ёки

Менга одам керак!

Ҳақиқий одам!

Топсам, юрагимдан қувилар мотам…

Оёқ яланг қўйиб чўғларга қадам,

Одамлар ичидан одам изладим…

каби сатрларингизда одамийлик фалсафасини теран англашга интилаётган, ёниқ ва уйғоқ юракни кўрамиз.

 

—  Шоир қалби ҳамиша уйғоқ ва пок бўлиши, у ўткинчи ҳаваслардан устун ёниқ нигоҳ билан ҳаётга боқиши керак. Наинки бир инсон, балки бутун жамият юрагидаги оғриқларни қалбидан ўтказмаган шоирни шоир деб атаб бўлмайди. Иймон ва шайтон, шукур ва нафс, исён ва мутелик, мардлик ва лоқайдлик деган тушунчаларнинг абадий курашини  шеърда ифода этишга уринаман. Аслида умрнинг паст-баландидан ўтиб, ҳаёт чархида тобланиб бораётган инсон ўз бахтининг ва бахтсизлигининг сабабини ҳам, аввало, ўзидан излаши керак. Буни ҳатто Навоийдек улуғ зотлар айтиб ўтишган. Ютуқ ҳам, айб ҳам ичимизда, юрагимизнинг қат-қатларида яширинган. Муҳими, одам ҳаётдан нимани излаётгани, нимага интилаётгани ва эртага эришадиганлари унинг бус-бутун саодатига айланадими-йўқми, шуни англаб олиши керак.

Инсонлар қалбига маънавият ифорларини улашишда, қалбларни уйғотишда, сергаклантиришда сўзнинг, шеъриятнинг ҳиссаси, хизмати беқиёс.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА

суҳбатлашди.

«Фарғона ҳақиқати» газетасининг

2020 йил 11 ноябрь кунги сонидан олинди.