Журналистлар “Нурафшон сити” лойиҳаси билан танишди

2020-11-06T15:56:26+00:006 Noyabr, 2020|Умумий янгиликлар, Фотогалерея|

Бугун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри ҳамда Қуйи Чирчиқ туманига медиа-тур ташкил этди.

Йигирма  нафарга яқин марказий ОАВ ходимлари–журналистлар  давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда Нурафшон шаҳрини бутунлай янгидан барпо этиш, бу ерда аҳолига қулайлик яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, хусусан,  ақлли шаҳар – “Нурафшон сити” қурилиш лойиҳаси  билан  яқиндан танишдилар.

Медиа-тур аввалида ОАВ вакилларини Нурафшон шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов кутиб олди ҳамда ҳамроҳлик қилди. Дастлабки манзил собиқ Тўй-тепа шаҳри негизида замонавий, Марказий Осиёдаги илк “Ақлли шаҳар” (smart city)ни қуриш ишлари амалга оширилаётган лойиҳалар комплекси бўлди.

– Бизга маълумки, “SMART CITY” бош режасига мувофиқ, лойиҳа концепциясини бир қанча инвесторлар томонидан ишлаб чиқилган эди. Мазкур таклифлар ўрганилиб, куни кеча Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ва Сингапурнинг “Universal Success Enterprises Limited” компанияси раиси Прасун Мукержи билан мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида бош келишувни онлайн тарзда имзоланди,–деди шаҳар ҳокими.

–Шунингдек ҳужжатда Сингапур компанияси томонидан ўзбекистонлик ҳамкорлар билан 2021 йил биринчи чорагининг охирига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, кейинчалик тасдиқлаш ва замонавий Нурафшон шаҳри қурилишининг бошлашни назарда тутган. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, бўлажак шаҳарнинг умумий майдони тахминан 2 минг 833 гектарни ташкил этади ва бу уч босқичда амалга оширилади.

Медиа-тур иштирокчиларининг кейинги манзили Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган бешта ташаббусга кўра ёшларни муносиб равишда камолга етказиш, уларни маданият ва санъатга, жисмоний тарбия ва спортга, компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишларига имкониятлар яратиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ҳар бир ҳудудга турли мавзулардаги китоблар етказиб бериш, аёлларни иш билан банд қилиш каби саъй-ҳаракатларининг ёрқин мисоли сифатида Қуйи Чирчиқ туманидаги “Беруний” МФЙдаги намунавий лойиҳалар билан танишиш билан давом этди.

–Бир неча йиллар қаровсиз ва таъмиртаълаб ҳолатда ётган Беруний маданият маркази бугун Маданият вазирлиги томонидан 6,5 млрд сўм маблағ эвазига тўлиқ реконструкция қилинди. Бинога ёндош ҳудудда Ёшлар инновацион маркази, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ихтиёридаги “Меҳнат гузари” ташкил қилинган. Кутубхона, компьютер хизмати, ўқув маркази, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, тиббий хизмат кўрсатиш каби хизмат турлари, шунингдек, фитнес клуби ҳам аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда,–деди Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимининг ахборот хизмати раҳбари Зоит Холбўтаев.

– Маҳаллада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳомийлигида

4,5 млрд сўм маблағ ҳисобига 15-сонли мактабгача таълим муассасаси,
48, 52-умумтаълим мактабларининг мукаммал таъмирлаш, пардозлаш ишлари амалга оирилди. Мактабнинг катта футбол майдони, ўриндиқлари янгиланиб, болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур жиҳозлар келтирилган. Шу тариқа спорт тўгаракларига энг тажрибали ўқитувчилар жалб этилди. Мактаб биносида Рақамли технологиялар ўқув маркази ҳам ташкил этилган.

Ҳудуд ёшлари ва аёллари бандлигини таъминлаш мақсадида, “Узпахтасаноат” АЖ томонидан тикувчилик-трикотаж мажмуаси ўз фаолиятини бошлаган. Шунингдек, ҳудудда сендвич панел типидаги оёқ кийим ишлаб чиқариш цехининг ишга туширилиши шулар жумласидандир.

Медиа-тур  сўнгида иштирокчилар учун матбуот анжумани ташкил этилди. Фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ОАВ журналистлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.