Журналист бир қадам олдинда юриши керак

2020-11-04T06:53:45+00:004 Noyabr, 2020|Умумий янгиликлар|

    Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган журналистлар вазифаси муҳокама қилинди. Журналистларнинг ҳуқуқий  маданияти, бурч ва масъулияти хусусида сўз юритилди. Ижтимоий тармоқларда ОАВлар билан боғлиқ турли гап-сўзлар тарқалаётганига жим қараб туриб бўлмайди, албатта, Жамоатчилик кенгаши аъзолари бундай нохолис фикрларга тезкорлик билан муносабат билдириши кераклиги таъкидланди.

–Журналист бир қадам олдинда юриши лозим,–деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов. –Менимча ҳам журналистлар фаолияти билан боғлиқ баҳс-мунозарали масалаларга Кенгаш томонидан тезкор ва адолатли муносабат билдирилиши керак. Аммо айни кунда олиб бораётган ишларимизни қониқарли деб бўлмайди.

Тадбирда журналистларнинг билим-кўникмалари, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга  алоҳида эътибор қаратиш  лозимлиги айтилди.  Ташкил этиладиган ўқув курсларини ҳам назарий, ҳам амалий  билимга эга бўлган тажрибали экспертлар олиб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

–Биламиз, бугунги кунда ижтимоий тармоқларнинг фаоллик даражаси ошган. Айнан улар жамиятдаги кўпгина муаммоларни олиб чиқиб, мутасаддиларнинг бундай ҳолатларга доимо эътиборли бўлиши кераклигига ундамоқда. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек айрим бир телеграм каналлар, сайтлар орқали жамият ҳаётида ўз ўрнига эга, таниқли шахслар ҳақида тасдиқланмаган, ёлғон ахборот, маълумотларнинг тарқалиб кетиши оқибатида бир қатор кўнгилсиз ҳолатлар ҳам кузатилиб турибди. Бизнинг Кенгашимиз бундай тасдиқланмаган ахборотлар хужумига қарши ўзимизнинг таҳлилий мақолаларимиз билан чиқишлар қилиб, халқни нотўғри маълумотлар қурбони бўлиб қолишидан ҳимоя қилишимиз муҳимдир,–деди Касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгаши раиси
К. Бахриев.

Йиғилиш якунида Кенгаш аъзолари томонидан ОАВда учраётган муаммоли вазиятларга таҳлилий мақолалар ёзиб, муносабат билдириш, ҳудудларда ҳам Кенгаш бўлимларини тузиш ҳамда ҳар ой якунида ўрганилган  масалалар юзасидан ҳисобот  ва таклиф-тавсиялар тайёрлаб боришга келишиб олинди.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.