Энг қиммат ҳадя…. ёки журъатсиз болалар қандай пайдо бўлади?

2020-11-03T10:48:46+00:003 Noyabr, 2020|Фарғона вил.|

— Бола бўлмай ер ютгур, қайси гўрда қолдинг, касофат?

Йўл ёқасида 5-6 яшар болакайни турткилаб кетаётган ёшгина жувон унга ҳайрат билан тикилган нигоҳларга  эътибор бермади. Силкишлару ҳақоратлардан  кўзи нам-ланган болакай онасига эргашди.

Мунтазам равишда ана шундай  ҳақоратларни эшитиб улғайган бола эртага ўз фикрини айта олмайдиган, ҳаёти учун курашолмайдиган бўлиб қолмайдими? Шахс сифатида ўзини кўрсата олмай, бор аламини ичига ютиб, озгина бўлса-да, атрофдагилар тазйиқи, ҳақоратларини унутиш учун турли иллатларга йўлиқмайдими? Баъзи ота-оналар фарзанди болаларча хато иш қилиб, жаҳлини чиқарганда ана шундай бақиришга тушади.

— Бақириш мурғак бола руҳиятига жароҳат етказади, ғурурини топтайди, — дейди болалар шифокори Юлдуз Ҳомидова. — Бу салбий ҳолатнинг оқибати бошида билинмаса ҳам, кейинчалик катта йўқотишлар билан юзага чиқади. Доимий қўрқувда юрган болалар ўртасида дудуқлик, эпилепсия, қандли диабет каби оғир турдаги касалликлар кўп учрамоқда.

Аёнки, болалар, биринчи навбатда, ота-онасининг гапириши, хатти-ҳаракати, юриш-туришидан «нусха» олади. Руҳиятшуносларнинг айтишича, шулар ичида энг тез ўзлаштириладигани бақириш экан. Ота-она боласига бирон ишни баланд овозда буюрса, бола буни қўрқитиш, дея қабул қилиб, ўзгаларга бақириш орқали гапини ўтказиш мумкин, деган хулосага келади. Кейин айтганини қилдириш учун бор овозда чинқиришни ўрганади.

— Болага ёмон таъсир кўрсатадиган яна бир ҳолат — кўча-кўйда, бегоналар олдида уни жазолаш. Бундай фарзанд доим юрагини ҳовучлаб, нотўғри иш қилиб қўйишдан, бир қадам четга чиқиб кетишдан қўрқиб туради. Бундай муҳитда улғайган болакайлар келажакда жуда кам нарсага эришади, ҳеч қачон мустақил қарор қабул қила олмайди. Негаки, унинг руҳиятига (ота-она хатоси туфайли, албатта) қўрқув, ҳадик, журъатсизлик мустаҳкам ўрнашиб қолади,—дейди психолог Шуҳрат Ашуралиев.

Ишда кимдир таъбингизни хира қилган, йўлда кимдир ғазабингизни келтирган, идорада бошлиғингиз уришган, ишингиз бароридан келмаган бўлса, болада не айб? Озгина эътибор ва меҳрга муҳтож бола қаттиқ чарчаганингизни, у билан ўйнашга мажолингиз йўқлигини тушунмаслиги мумкин. Бу табиий, негаки у ҳали гўдак. Ўзингизга тегишли бўлган муаммоларни ҳеч қачон болага юкламанг. Болалар ҳам айни биз катталар сингари эътиборга, меҳрли муносабатларга муҳтожлар. Улар ҳам ранжийдилар, ўзларини айбдор ҳис этадилар, эзиладилар. Натижада ўзидан қониқмаслик ҳисси билан улғайган болалар умр бўйи кемтикликда яшайдилар.

Шунинг учун ҳам ота-оналар фарзандларига доимо ўрнак бўлишлари лозим. Чунки уларнинг болаларига аталган ҳадялари ичида энг қиммат ва зарурийси намуна орқали бериладиган гўзал тарбиядир.

Дилшода ЭРГАШЕВА

арғона вилояти)