Ўқилмаган хабар

2020-10-27T09:23:56+00:0027 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Бир куни  таҳририятга Ўзбекистон  Журналистлари  ижодий уюшмасидан қўнғирок бўлди. Сизни уюшма раиси  сўраяптилар деди,  котиба аёл. Ишхонамиз бир бинода  жойлашгани учун дарҳол уюшма раиси Саъдулла Ҳакимовнинг ҳузурига ошиқдим.

Салом- аликдан сўнг устоз:

– Сизни уюшмамиз қошидаги  “Журналист хотин-қизлар кенгаши”га  раис  этиб сайламоқчимиз, –  дедилар.

– Устоз, аввало эътибор учун, ишонч учун раҳмат! Аммо мен уддалай олармикинман? – дедим бироз иккиланиб.

– Албатта уддалайсиз, ахир узоқ йиллардан бери шу соҳадасиз,   республика   болалар ва ўсмирларининг  катта газетаси  бош муҳарририсиз!  Бу газетани  ўқиб, бугун журналистика соҳасига кириб келаётганлар қанча, -дея  мен фаолият юритаётган  нашрни  кўкларга кўтариб  мақтадилар.  Журналистлар ижодий  уюшмаси раисидан бу  гапларни эшитиш мен учун катта шараф эди.  Айримлар  бу нашрга, кичкинагина болалар газетаси, дея беписандлик билан  қараётган паллада   устознинг, республика болаларининг катта нашри, дея таъриф  беришлари  менга қанот бағишлаганди.

Ишонсангиз, устознинг  хонасидан  чиқиб, тахририятимиз томон  юриб эмас,  гўё “учиб”  бордим. У кишининг: “Сизни кенгаш раиси  этиб сайладик”, деган гапларидан кўра “Тонг юлдузи” ҳақида айтган сўзлари  мени  кўпроқ  қувонтирган эди. Ўша заҳотиёқ ходимларни тўплаб  Журналистлар  ижодий уюшмаси раисининг “Республика  болаларининг катта нашри” ҳақидаги  фикрларини етказдим ва  шуни ҳис қилдимки, таҳририятимизнинг  ҳар бир ходими  шундай улуғ даргоҳда  меҳнат қилаётгани билан яна бир карра фахрланди…

Ўзбекистон Републикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир,  Ўзбекистон Журналистлари  ижодий уюшмаси  раиси Саъдулла Хакимов  ҳамкасбларига,  атрофидагиларга  ана шундай мотивация бера оладиган   бетакрор  фазилатли  ижодкор эди.

Журналист хотин-қизлар кенгаши томонидан  устоз бошчилигида  бир нечта тадбирлар уюштирдик. Ҳар галги тадбирда  устоз шахсан  иштирок этишга ҳаракат қилардилар. Нафақат журналист аёлларнинг, балки  жамиятимиздаги барча хотин-қизларнинг  бугунги кундаги  муаммолари,  уларни қийнаётган масалалар  билан қизиқардилар.

Ана шундай тадбирлардан бирида бир  журналист аёл рус тилида уюшма  фаолиятини  беҳурматларча танқид қилди. Аёллигимга бориб ўша журналистга  “муносиб” жавоб қайтармоқчи бўлиб  ўрнимдан турганимда, устоз мени тўхтатиб,  ўзлари   гап бошладилар.

– Тўғри айтдингиз, сизнинг бу ўринли танқидингиздан сўнг биз ўз фаолиятимизни қайта кўриб чиқамиз. янада  яхшироқ,  унумлироқ  ишлашга  ҳаракат қиламиз. Сизларнинг  фикрингиз биз учун ниҳоятда муҳим,- дедилар. Буни  қарангки, ҳалиги  аёл уюшма раисига  миннатдорчилик билдириб,  жойига ўтирди.

Бу  бироз нохушроқ воқеани  ёдга олиш орқали нима демоқчиман?  Саъдулла Хакимов ўта маданиятли, тарбияли, вазмин,   танқиддан  ҳам  тўғри хулоса чиқара  оладиган  инсон   эди.

Устознинг сўнгги, яъни,  “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2020 йил  3 октябрь сонида босилган  “Матбуот ва мактаб-болага қўш қанот” мақоласини қайта-қайта ўқийман.  Мақоладаги ушбу сатрлар эса қулоғим остида жаранглайди : “Сўз қадри ва эркинлигининг таълим ва тарбия билан ялакат  мағиз экани то шу пайтгача бу қадар жиддий кўриб чиқилмаган эди. Фундаментал сўз эркинлиги миллатнинг маънавий-маърифий томирлари билан чирмашиб кетган, ўз замонида маърифатпарвар, саховатпеша жадид боболаримизнинг умумхалқ ҳаракатида кузатилган эди. Фундаментал сўз эркинлиги ва таълим-тарбия ёш авлодни Учинчи Ренессанс сари етакловчи қудратли икки қанотдир, мустаҳкам икки устундир. Афсуски, жамиятимиз томонидан бу ўз вақтида илғаб олинмади”…

10 октябр куни  устознинг  бетоб бўлиб қолганликларини эшитиб,  хавотирландим, телеграмм орқали қуйидагича  ёзув жўнатдим:

“Ассалому алайкум,  устоз. Дардингизга  Аллоҳдан шифо сўраймиз.  Президентимиз томонидан  Оммавий ахборот воситаларига  эътибор кучайган  бир паллада  Сиздан долзарб мавзудаги танқидий-таҳлилий  мақолалар, бетакрор шеърлар кутиб қоламиз.  Жамоамиз ва ўз  номимдан сизга сиҳат-саломатлик, омонлик тилаймиз. Тезроқ шифо топиб,  оилангиз бағрига, севимли касбингизга қайтишингизни интизорлик билан кутамиз”…

Афсус-надоматлар  бўлсинки,  мен юборган  хабар ўқилмай қолди…  Аммо қалбимга бир фикр таскин, тасалли  беради,  бетакрор ижодкорнинг ўлмас асарлари хали минглаб ўқувчилар қалбидан жой олади, уларни руҳлантиради.  Самимий, камтарин  ва  беназир ижодкорнинг ёрқин хотираси  уни таниган,  билган  инсонлар  қалбида  мангу  яшайди.

Феруза АДИЛОВА,

 “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири.

(«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг

2020 йил 27 октябрь кунги 42-сонидан олинди)