24 октябрь – Аҳмад ал-Фарғоний таваллуд топган кун

2020-10-24T06:42:08+00:0024 Oktabr, 2020|Фарғона вил.|

Хиёбондаги ўйлар

Шаҳар марказидан Фарғона давлат университетига олиб борадиган йўл Аҳмад Фарғоний хиёбони бағридан ўтади. Истироҳат боғининг марказида қад ростлаган буюк аждодимиз Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкали қаршисидан беихтиёр қаддимизни эгиб, таъзим бажо келтирган кўйи ўтамиз.

Шу лаҳзаларда буюк астроном, математик ва географ, ўзининг илмий кашфиётлари билан дунё тамаддунига салмоқли ҳисса қўшган, Мисрнинг Роуд оролида нилометрни, яъни Нил дарёси суви сатҳини ўлчовчи ускунани ясаб, буюк кашфиёт эгасига айланган қомусий олимнинг Ғарб ва Шарқ аро қадрланадиган илмий мероси ҳақида билганларимизни такрорладик.

Аҳмад ал-Фарғонийнинг асосий астрономик асари «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби» («Китоб ал-ҳаракат ас-самовия ва жавоми илм ан-нужум») XII асрда лотин тилига икки марта ва XIII асрда бошқа Европа тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг, унинг лотинлаштирилган номи «Алфраганус» шаклида ғарбда кенг тарқалади. Унинг бу китоби Европа университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтаган. Асарнинг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда чоп этилган. 1669 йили машҳур голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус унинг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан нашр этганидан сўнг Аҳмад ал-Фарғонийнинг Европадаги шуҳрати янада ортди. Ҳозирги кунда бобомизнинг 8 та асари маълум бўлиб, ҳаммаси астрономияга алоқадор ва улар Берлин, Лондон, Париж, Теҳрон, Қоҳира каби шаҳарлардаги музейларда, илмий марказларда сақланмоқда.

Аҳмад Фарғонийнинг “Астрономия асослари” номли асари ўн иккинчи асрда лотин ва иврит тилларига таржима қилингани, кейин-чалик Италия, Германия, Франция, Голландия ва АҚШ каби кўплаб мамлакатларда қайта-қайта чоп этилгани унинг нақадар улкан аҳамиятга эгалигини кўрсатди. Алломанинг Ер шарсимон шаклда эканлиги борасидаги қарашларини орадан саккиз юз йил ўтиб амалда исботлаган машҳур сайёҳ Христофор Колумб “Ер меридианининг бир даражаси миқдори ҳақидаги Ал-Фарғоний ҳисобларининг тўғрилигига тўла ишонч ҳосил қилдим”, дея дастхат қолдирган. Ўн олтинчи асрда Ойдаги кратерлардан бирига бобокалонимиз номи берилгани ҳам унинг фалакиёт илмининг муносиб соҳиби, етакчиси эканини кўрсатади.

ЮНЕСКО қарорига мувофиқ, 1998 йилда Аҳмад Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди. Бу буюк аждодимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, халқимиз илмий салоҳиятининг яна бир эътирофи бўлди. Қутлуғ сана муносабати билан Қува ва Фарғона шаҳарларида мутафаккир ҳайкаллари бунёд этилди, Фарғона давлат университетига Аҳмад Фарғоний номи берилди…

Ўн икки асрдан зиёд вақтдан бери дунё илм-фанида маёқ кўтариб турган бобомиз бугун ҳам хиёбондан авлодларга юзланиб турибди. Аммо…

Хиёбонни шу кунларда кезиниб, ўша йиллардаги каби файзни, истарани тополмай, кўнглимга ғашлик оралади. Муҳташам ҳайкал пойида бир неча дақиқа жим қолгач, унинг атрофида  буюк сиймонинг рамзий қиёфасига беписанд ўтиб кетаётган нигоҳларни кўрдим. Муҳташам ҳайкални пана қилганча, беадаб қилиқларни удда қилаётган йигит-қизларга ҳайф айтишдан бошқасига қодир эмаслигимдан уялдим. Йилнинг тўрт фаслида ҳам хиёбон файзидан яшнаб турадиган гул-у дарахтлар ҳам хафаҳол боқаётгандай. Айниқса, яқин-яқинларгача ҳам адабиёт байрамлари, эзгу тантаналарнинг мезбони бўлган, ёш келин-куёвларнинг қутлуғ зиёратгоҳига айланган гўшага нега талпинмай қўйганимиз, унга яхши ниятлар ижобатини тилаб, йўл солмаётганимиз ўйланишга арзийди.

Тўғри, пандемия сабаб одамларнинг хиёбонларга ташрифи қисқарган, сайр хоҳиши имконларимиздан ташқарида қолгандир. Бироқ, муаммо одамлар таш-
рифининг кўп-камлигида эмас, уларнинг тафаккурида, қутлуғ масканга, унинг бағрида авлодларига юзланиб турган буюк зот тимсолига эҳтиромида, аслида. Хиёбоннинг халқимиз меҳр-у муҳаббатига, ихлосига сазовор гўша мақомига қайтариш орқали Аҳмад ал-Фарғоний руҳини шод этиш тадбирига киришишга шошилайлик.

“Иддаоингиз ноўрин, биз буюк аждодимизнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаб турган бу гўшани обод этиш, қадр-қимматини юксалтириш тадбирини тўхтатганимиз йўқ”, дея бонг ургувчи бирор масъул, бир фидойи топилса, муддаоимиз шу.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА,

Фарғона вилояти.