“Журналистика антологияси” туркумидан:

2020-10-23T11:51:56+00:0023 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Насимхон РАҲМОНОВ, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Миллий университети профессори

 

ҚАДИМГИ  ДАВР  ЖУРНАЛИСТИКАСИДАН  ЛАВҲАЛАР

 

Ботур тангриқутнинг Хан сулоласи подшоҳларига ёзган мактублари

  • Ботур тангриқутнинг Луй Хуга ёзган мактуби

 

Ботур тангриқут милоддан олдинги 200 йили Хан сулоласини мағлуб қилиб, милоддан олдинги 192 йили тузилган аҳднома орқали Хан сулоласини ўлпон тўлашга мажбур қилгандан кейин, ниҳоятда мағрурланиб кетди.

Хан сулоласининг подшоҳи Луй Бонг милоддан олдинги 194 йили вафот этди. Унинг ўрнига аҳдга кўра,  етти яшар ўғли Хуй Ди подшоҳ бўлди. Аммо амалда подшоҳ унинг онаси Луй Ху эди. Гўдак подшоҳ Хуй Ди  мил.ол. 188 йили 13 ёшида вафот этди.

Подшоҳлик тахтига бошқа ворис бўлмагани боис Луй Ху шу пайтдан бошлаб Хан сулоласи подшоҳи бўлиб, 180 йилгача ҳукмронлик қилди. Амалда эса Луй Ху мил.ол. 194 йилдан бошлаб Луй Бонг вафот этгандан бошлаб ҳукмдор сифатида фаолият юритар эди.

Ботур тангриқут мил.ол.192 йили  Луй Хуга қуйидагича хат ёзди:

 

Мен ёлғиз қолдим. Мен дарёлар ва кўллар орасида туғилдим. Чорва ва отлар орасида, кенг яйловларда катта бўлдим. Бир неча марта Жунгунинг чегараларига келдим. Ҳозир Жунгуга келиб сайр қилишни истайман. Жаноби олиялари ёлғиз қолиб тул бўлиб ўтирибдилар. Мен ҳам ёлғиз қолдим. Биз икки подшоҳ учун бахт йўқ энди. Иккаламиз учун тасалли бўлғудек, бизга завқ берадиган нарсамиз йўқ. Бор- йўғимизни ўзаро алмаштиришни хоҳлайман (Бангу. “Хан йиломаси”. Хунлар ҳақида қисса.. 11-китоб, ханзуча, 3755 бет. Бу мактуб уйғур олими Турғун Олмоснинг “Хунларнинг қисқача тарихи” китобидан (Шинжонг халқ нашриёти. 1986 йил, 38-40 бетлар) олинди).

 

Ботир тангриқут бу мактубида Луй Хуни бир оз масхаралаб, ”Менга турмушга чиқ” деб ҳақоратомуз мактуб жўнатган эди. Хун тангриқутлиги элчисидан мактубни қабул қилиб олган Луй Ху мактуб мазмуни билан танишгандан кейин қаттиқ ғазабланди, у вазирларини, генералларини йиғиб, мактубнинг мазмунидан уларни хабардор қилди ва энди нима қилиш кераклиги тўғрисида улардан маслаҳат сўради.Пан Ху деган генерал100 минг кишилик қўшин билан Ботир тангриқутга ҳужум қилишни маслаҳат берди. Жибу деган генерали Пан Хунинг режасига қарши чиқиб “Хун давлатига бостириб бораман деган гап хом хаёл, қуруқ гапдан бошқ нарса эмас”, деб уларга бас келиб бўлмаслигини рўй-рост айтди ва “Уларнинг ёмон сўзаридан хафа бўлишга ҳожат йўқ, яхши сўзларига ҳам ишониш керак эмас” деб маслаҳат берди.

(Бангу. “Хан йилномаси”. Хунлар ҳақида қисса. 11-китоб, ханзуча, 3755 бет; Турғун Олмоснинг “Хунларнинг қисқача тарихи” китобидан (Шинжонг халқ нашриёти. 1986 йил, 40-41 бетлар).

Луй Ху Жибунинг маслаҳатини маъқул кўрди ва Ботир тангриқутга қуйидагича жавоб мактубини йўллади:

Хун тангриқути давлатимни ёдларидан чиқармай, илтифот қилиб мактуб йўллабдилар. Ҳозир давлатим ваҳима ва қўрқув ичида қолди. Кейинги кунларда мағрурланмоқчи бўлдим. Ҳозирда кексайиб мадордан кетдим. Сочларим тўкилиб, тишларим тушиб кетди. Сиз Хун тангриқути жаноби олийлари мен ҳақимда бошқача бир фикрда бўлиб қолмасинлар. Бу хусусда менинг давлатимда ҳеч қандай гуноҳ йўқ. Сизга узрхоҳик айтишни лойиқ кўраман. Мен жаноби олийларига лойиқ бўлмасам ҳам, икки жуфт от қўшилган бир шоҳона совға жўнатдим. Лозим кўришингизни илтимос қиламан (Бангу. 11-китоб. 3755 бет. Турғун Олмоснинг “Хунларнинг қисқача тарихи” китобидан (Шинжонг халқ нашриёти. 1986 йил, 40-41 бетлар)

Ботур тангриқут Луй Хунинг  жавоб мапктубига миннатдорчилик билдириб, ёзган мактубида шундай деган:

 

Жунгунинг шунчалик одобли, диёнатли давлат эканлигини билмас эканман. Жаноби олияларинг раҳмдил эканликларига офаринлар ўқийман

(Бангу. 11-китоб. 3755 бет. Турғун Олмоснинг “Хунларнинг қисқача тарихи” китобидан (Шинжонг халқ нашриёти. 1986 йил, 41- бет).