Ҳаловатидан кечганлар

2020-10-19T12:08:26+00:0019 Oktabr, 2020|Андижон вил.|

Андижон шаҳри касалхонасининг коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашга ажратилган ҳудуди шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам ташвишли. Тез ёрдам машинаси кимнидир юқори иситма билан олиб келса, кимдир нафас ололмай изтиробда, шундайлар борки, тезкорлик билан реанимацияга ётқизилиши керак.

Шифокорларда тиним йўқ. Улар суткасига 3 марта алмашадилар. Саккиз соат давомида махсус кийимлари, кўзойнакларни, қўлларни, оёғидаги резина этикларни ечмайди. Шу вақт давомида овқат истеъмол қилиш, ҳожатга бориш ҳам мумкин эмас. Чунки ҳимоя воситалари очилса, вирус дарҳол ёпишади. Шифокорлар ҳар бир беморнинг ҳолатидан воқиф бўлишиб, дарҳол ёрдам кўрсатиш, ҳаракатида юрадилар, ҳамширалар кунига уч маҳал даволаш муолажаларини амалга оширсалар, санитарлар ҳар бир гигиена талаблари даражасида бўлишга эришмоқдалар. Махсус кийимлар ортида шифокорларни бир-биридан ажратиш қийин.

– Пойтуғдаги туман марказий шифохонасиданман, дейди врач Лениза Даутова. – Пульмонологман. Мени мазкур касалхонада ишлашга таклиф этишди. Ишимиз оғир, вазифамизни ёмон бажармаяпмиз.

– Оғир бемор соғайиб, бизга миннатдорлигини билдириб оиласига, иш жойига қайтганда бутун чарчоғимиз ёзилиб кетгандай бўлади, – дейди касалхона 2-булимининг мудираси, терапевт ЗулХуморхон Турғунова. – Соғайиб кетаётганларнинг кўпчилиги бизни руҳан тетиклаштиряпти, ўзимизга бўлган ишончни оширяпти. Касалхонамида ишлаётганларнинг биронтасини алоҳида кўрсатишни хоҳламаган бўлардим. Чунки бутун жамоа енг шимариб меҳнат қилмоқда.

Шунга қарамай, тождор вирус сурункали касалликлари бор, айниқса, кекса ёшдаги нуронийлар, момоларимизни орамиздан олиб кетаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Палаталардан бирида ётган 66 ёшли нуроний Иброҳимжон ота Музаффаров дарди оғир. У мана 12 кундирки умр йўлдоши Рафиқахон билан “Covid-2019” туфайли касалхонага келтирилган эди. 65 ёшли муштипар онанинг юрак хасталиги бор эди. У касалликни кўтара олмади. Иброҳимжон отанинг аҳволи яхшиланиб боряпти. Отаҳоннинг шифо топишига шубҳа йўқ. Аммо 46 йил бирга умр кечириб, 2 қиз, 3 ўғилни вояга етказган, шириндан шакар набира ва чеваралар даврасида умргузаронлик қилаётган умр йўлдошидан айрилиш отага нақадар уқубат бераётганини бир кўришда сезасиз.

Бугун кўчаларда, бозорларда турли маросимлар, тўйларда, жамоат жойларида вирусни юқтириб олишдан қўрқмай, нописанда юрган одамларни учратишга одатланиб қолдик. Коронавируснинг оғири ҳам, енгили ҳам ўта хавфли эканлигини яхши англаб етмаяпмиз.

Айниқса, унинг енгил тури билан оғриганлар ўзини бошқалардан айирмай, жамоат жойлари, савдо дўконлари, бозорларда мана шу касаликка ўнлаб кишиларнинг йўлиқишига сабабчи бўлишяпти.

Бутун дунёни таҳликага солган коронавирусга нописанда қарамайлик, юрган йўлимизда ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам авайлайлик. Бу – шу куннинг фалсафаси, мантиғи, соғлом фикри.

Тўлқин СИДДИҚ,

 журналистика фахрийси.

 (Андижон вилояти)

 (“Андижоннома” газетасининг 2020 йил, 17 октябрь, 56- сонидан олинди)