Наманганлик журналист ва блогерлар пахта йиғим-теримида иштирок этди

2020-10-18T08:54:14+00:0018 Oktabr, 2020|Наманган вил.|

Наманганлик бир гуруҳ журналист ва блогерлар бугун Наманган тумани далаларида бўлиб, пахта йиғим-теримида иштирок этди.

Ижодкорлар тумандаги “Абдуқодир Шаҳриёр ниҳоли” фермер хўжалигида бўлишди. Хўжаликнинг пахта майдони 30 гектар бўлиб, жорий мавсумда 97,7 тонна ҳосил олинди ва режа 100,5 фоизга бажарилди. Бунда хўжаликда жорий этилган томчилатиб суғориш тизими муҳим омил бўлди.

Журналист ва блогерлар “Тошбулоқ текс” МЧЖга қарашли пахта заводида ҳам бўлишди. Мазкур корхона 2019 йили ишга туширилган бўлиб, йиллик қуввати 40 минг тонна пахтани қайта ишлаш имконини беради. Заводда 100 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Улар томонидан 2019 йил пахта ҳосили 6 ойда қайта ишлаб тугатилди.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов журналист ва блогерларни дала шийпонида қарши олди. Улар билан суҳбат қуриб, теримдаги иштироклари учун миннатдорлик билдирди.

—ОАВ вакиллари бугун далаларимизда кечаётган жараёнларни идора ёки кабинетларда эмас, бевосита ҳудудни ўзида кўздан кечираётганлари, ўзлари иштирок этишга бел боғлагани таҳсинга лойиқ. Вилоятимиз давлатга пахта сотиш шартномавий режасини бажариш арафасида турибди. Яна қисқа муддатлардан сўнг бу маррани ҳам забт этамиз. Наманган вилояти пахтакорлари эришган меҳнат ғалабасини ҳам албатта биринчилардан бўлиб сизлар ҳамюртларимизга етказасиз, — деди вилоят ҳокими.

Ҳашар якунида теримда фаол иштирок этган журналист ва блогерларга совғалар топширилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Наманган вилоят бўлими