Адабиётлар дўстлиги – халқлар дўстлиги

2020-10-15T10:13:20+00:0015 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Йигирманчи аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаси Одил Ёқубов ва буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов қадрдон дўст бўлишган. Қуйида Одил Ёқубовнинг Чингиз Айтматов ҳақидаги хотираларидан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

***

Бундоқ ўйлаб қарасам, ХХ асрнинг энг буюк адибларидан бири деб тан олинган Чингиз Айтматов билан яқиндан танишганимизга 30-35 йил бўлибди.

Олтмишинчи йилларнинг ўрталари. Бир кун уйимга Пиримқул келди.

– Тошкентга Чингиз келган, – деди Пиримқул. – У “Тошкент” меҳмонхонасига тушган. Мен уни соат 2 га уйга таклиф қилдим. Сен машинангда уйимга олиб келсанг, танийсан-ку уни?

– Ҳа, узоқдан кўрганман, – дедим мен.

Соат иккига етиб бордим. У ҳам роппа-роса иккида меҳмонхонадан чиқди. Баланд бўйли, хушқомат, хушсурат (Худо бераман деса, ҳар жиҳатдан бераркан).

Бориб кўришдим, ўзимни таништирдим.

– Ҳа, эшитганман, эшитганман, – деди у. – Кетдик бўлмаса, Адилжан (кейин билсам яқин-яқинларгача у мени ўзидан ёш деб ўйларкан). Шу-шу “Адилжан” деб атайдиган бўлди.

Ўша куни Пиримқулнинг уйида бир неча соат суҳбатлашиб ўтирдигов! (Пиримқул Чингиз билан Москвада, собиқ СССР Ёзувчилар уюшмасида ишлаб юрган пайтларидаёқ танишган, ҳатто меҳмонга ҳам чақирган экан).

Зимдан кузатиб ўтирибман: жуда оддий. Буюкликдан, калондимоғликдан нишона ҳам йўқ. Деярлик ичмайди, фақат Пиримқул қадаҳ кўтаргандагина бир қултум-бир қултум хўплаб қўяди. Мақтовга тоби йўқроқ. Биз бир-биримиздан ошириб, шаънига қадаҳ айтсак, “қўйингдар” деб гапни бошқа ёққа буради. Суҳбати ниҳоятда ширин. Жуда катта интеллект соҳиби экани шундоқ кўриниб турибди. Ўша куни у бизга жуда кўп нарсаларни гапириб берди. Ҳатто у пайтлар давлат сири деб айтиладиган Кремль деворлари ичидаги ғалати-ғалати ҳангомаларни ҳам гапириб берди. Хуллас, биринчи учрашув менда ниҳоятда чуқур таассурот қолдирди.

Кексайганда ёлғон гапиргиси келмайди кишининг. Ўша пайтларда менинг ҳам “Икки муҳаббат”, “Муқаддас”, “Тилла узук”, “Матлуба” каби қиссаларим чоп этилиб ва китобхонлардан бир қоп хат олиб, (Пиримқул ҳам “Уч илдиз” романи довруқ қозониб) бироз талтайиб юрган кезларимиз эди. Шу сабабдан бўлса керак, осий банда илк бор “Жамила”ни ўқиганимда сал чирансам бу қиссани мен ҳам ёзаолардим, деган ўйга ҳам боргандим. Сал ўтмай Чингизнинг “Оқ кема” ва “Алвидо, Гулсари” деган қиссалари чоп этилди-ю, у бас келолмайдиган ноёб истеъдод эканлигига дил-дилимдан иқрор бўлдим.

1973 йили менинг “Улуғбегим” нашр қилинди. Кўп ўтмай роман рус тилига таржима қилиниб “Дружба народов” журналида босилди, чет эллардан илк шартномалар кела бошлади. Кунлардан бирида кечқурун ишдан қайтсам, умр йўлдошим Майрамхон кулиб қарши олди:

– Сизга хушхабар бор. Суюнчи беринг.

У қўлини орқасига қилиб, кулимсираб турарди. Бундоқ қарасам, қўлида узун конверт. Шартта юлиб олдим.

Майрамхоннинг хушхабар дегани Чингиздан келган хат экан. Мактуб насиб қилса, Тошкентда кўришамиз, деб тугаганди.

Тошкентда Чингиз менинг уйимда беш-олти марта меҳмон бўлган, ҳар бир каттароқ мажлисга келганида уни ҳамма талашиб юрарди. Лекин Чингиз менга бирон марта “боролмайман” деган эмас.

Бир сафар “Меникида меҳмон бўлиб кет” десам, Чингиз “Эрталаб мен кетаяпман” деди. У Москвадан Қирғизистонга бораётган экан. Бишкекдан машинасини чақиртирибди. “Сен чегарадаги чойхонада дастурхон ёзиб тур, соат 9 да етиб бораман, деди.

Суҳбат пайтида иккаламиз жаҳон миқёсида, СССРда бўлаётган воқеалар ҳақида гаплашиб ўтирдик. Давлатнинг юксак мукофотини олган кишининг Сиёсий бюро тўғрисида, ҳукумат сиёсати ҳақида танқидий фикрларини эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Бир соатлардан кейин “Менга жавоб бер” деди.

Бир соат қандай ўтиб кетганини билмайман. Бошда айтганимдек, ниҳоятда суҳбати ширин, дунё ва ҳаёт тўғрисида теран мушоҳада юритувчи доно инсон экан. Чингиз бу сафар ҳам жуда кўп қизиқ ҳангомаларни гапириб берди. Ўшанда мен биринчи марта ундан Андрей Сахаров тўғрисида эшитдим.

– Водород бомбасини ихтиро қилгани учун уч бор Социалистик Меҳнат Қаҳрамони деган унвонга мушарраф бўлган ва собиқ СССРнинг барча мукофотларини олган бу инсон, – деди Чингиз, – барча мукофотлари, шоҳона уйлари-ю кўркам дачаларидан воз кечган, ҳатто ўзи яратган водород бомбасини қоралаб чиққан. Ҳозир Москвадан ҳайдалиб, “Волга” бўйидаги бир шаҳарчада ғарибона ҳаёт кечирмоқда. Қара, одамзод нақадар буюк инсонларни яратишга қодир экан!

Роппа роса соат ўнда Чингиз кетишга ижозат сўради. Мен яна бироз ўтир, суҳбатингга тўймай қолдик-ку, – деб илтижо қилдим.

– Йўқ, Адил, – деди Чингиз. – Мен Таласдаги туғилиб катта бўлган овулим Шекерга барвақт етиб боришим лозим. Дунёнинг икир-чикир ишлари билан бўлиб, бир-икки йилдан бери у ерга боролмагандим. Дунёдан ўтган одамлар бор, уларнинг хонадонларига бориб фотиҳа ўқишим, кўнгил сўрашим керак. Кейин бир қур бирга ўсган тенгдошларимга ваъда бериб қўйганман, борсам, албатта учрашамиз, ёшлигимизни эслаймиз, деб.

Чингиз шундай деб мийиғида бир кулиб қўйди:

–Улар ўта бахтли одамлар, Адил. – Бир қўйнинг гўштини қозонга солишади. Кейин сен билан мен ҳам майдалаб ўтирган нарсани косаларга тўлдириб, бир кўтаришда оладилар-у, калла гўштларидан уриб, бир-бирини аския қилишади. Гурунглашади, қаҳ-қаҳ отиб кулишади, яйрашади. Улар ўзларича бахтли одамлар. Биз энди улардай бўлолмаймиз. Ётсак ҳам, турсак ҳам элни ўйлаймиз, халқимизнинг келажаги қандай бўларкин, унинг келажаги борми, йўқми, тилимиз, урф-одатларимиз нима бўларкин, улар сақланиб қолармикин ё суйган халқимиз ассимиляция бўп қолармикан, деб ташвиш чекамиз. Мен уларга бу гапларни айтсам, тенгдошларим устимдан кулишади.

– Ай, Чингиз, Худодан қўрқсанг-чи, дейишади улар. – Чопоннинг ёқасидан белинггача орден, медаль. Олмаган мукофотинг қолмади. Тағин недан нолийсан? – деб таажубга тушишади. Лекин мен уларни яхши кўраман, соғинаман. Сабаби – энг ёруғ, энг бахтли кунларим шулар билан ўтган. Хўп, зиёфатинг учун раҳмат, энди менга рухсат.

Мен уни Қозоғистон чегарасигача кузатиб қўйиб, орқамга қайтдим. Йўл-йўлакай у айтган гаплар ҳақида ўйлаб кетдим. Ўзимдан ўзим: “Сен ҳам туғилган элингга бориб турасанми, борганингда оламдан ўтганларни йўқлаб, руҳини шод этасанми, оила аъзоларидан кўнгил сўрайсанми?” деб сўрадим.Бу саволлар узоқ вақт хаёлимдан чиқмай виждонимни қийнаб юрди.

Кунлардан бир кун журналларимиздан биридан телефон қилишди. Чингиз Айтматов қишлоғининг энг гўзал ва сўлим масканида (ота-боболаримиз “Шакарбулоқ” деб ном беришган) эллик ёшини нишонлаётган экан. Сиз у киши билан мулоқотда бўлган эмишсиз, шулар ҳақида ўртача ҳажмда бир мақола ёзиб берсангиз.

Мен рози бўлдим ва очеркимда мана шу гапларнинг ҳаммасини батафсил гапириб бердим. Орадан бир-икки ой ўтди. Журнал босмадан чиқди. Лекин не кўз билан кўрайки, Чингиз гапириб берган энг қимматли тафсилотларнинг ҳаммаси олиб ташланган эди. Оқибатда очерк пати ва думи кесилган қушга ўхшаб қолибди.

Кейин билсам, ҳушёр муҳаррирга Чингизнинг қишлоғимга бориб оламдан ўтганларга фотиҳа ўқийман, жўраларим билан ётиб дардлашаман, деган гаплари ёқмаган, “Чингиз Айтматов улуғ ёзувчи, у бундай гапларни гапириши мумкин эмас” деган эмиш.

Мен узоқ вақт бу пати юлинган қушчага кўзи тушмадимикан, шояд кўзи тушмаган бўлса, деб уялиб юрдим.

Ўша йили кузда Шакарда ёзувчининг кичик юбилейи бўлиб ўтди. (каттаси қишда Бишкекда нишонланди). Шакарда ўтган бу юбилейга таклиф қилинган меҳмонлар орасида мен ҳам бор эдим (мендан ташқари бу тантаналарга ўзбек ёзувчиларидан Асил Рашидов билан Шукрулло ака, ёзувчилардан ташқари зиёлиларимиздан машҳур олим Шабот Хўжаев билан Зиёд Исломович Есенбоев ҳам чақирилган эди).

Мен Шакар қишлоғини кўришни кўпдан орзу қилиб юрардим, чунки қайси бир донишманднинг адиб ижодининг туб илдизларини билмоқчи бўлсангиз, у туғилган юртга бориб кўр, деган гапи доим эсимда турарди. Лекин энг муҳими – мен туғилиб вояга етган кўркам қишлоқ – Қарноқнинг шундай ёнбағрида ҳам Шакарбулоқ деган сердарахт, сербулоқ жой бўлар, биз қишлоқ болалари даштда машоқ териб, тилимиз ва томоқларимиз қуриб, бу тиниқ булоқлардан дўппилаб сув ичар, жазирама даштдан Шакарбулоқ бизга бамисоли жаннат бўлиб туюларди.

Энди бу ўхшашликни қаранг: Чингиз туғилган қишлоқ Шакар деб аталиб, қудратли Манас тоғининг шундай этагида жойлашган экан. Бошига оппоқ салла ўраган бу тоғ исми-жисмига монанд дегандай ҳам юксак, ҳам улуғвор, ҳам мафтункор бир чўққи экан. Шакар ҳам ўз номига муносиб, мажнунтол ва осмонга мағрур қўл чўзган сарвлар ва оқ тераклар билан ўралган, дарахтлар тагида эса, хиёл лоф қилиб айтганда, бир дарё оқиб ётаркан. Ҳақиатдан, донишманд айтганидек, мен бу бетакрор гўзал манзарани кўрганимда Чингиз ижодининг шоирона ва мафтункор жиҳатларини бутун тўлалигича илғаб олгандай бўлдим.

Шакарга кираверишдаги катта оломон орасида бошларини оппоқ удана билан ўраб олган юз чоғли кекса аёллар Чингизни қуршаб олишди, бири кулиб, бири кўзига ёш олиб ёзувчининг пешонасидан, бири у юзи, бу юзидан ўпар, бу манзарадан беҳад хурсанд бўлиб адиб ҳам уларнинг елкаларидан қучиб кўришар, ҳол-аҳвол сўрашар, улар сиймосида худди ўз онаизорини кўргандай ҳаяжондан энтикар эди.

Кейинчалик мен ундан кампирларни сўраб-суриштирсам, Чингиз: “Ээ, нимасини айтасан, – деди сезилар-сезилмас уф тортиб. – Улар нималарни кўрмаган, бошларидан нималарни кечирмаган. Ўттизинчи йилларнинг очлигини ҳам, сургун-қувғинларни ҳам, ўттиз еттинчи йил фожеалари-ю, уруш йиларидаги заҳматларни ҳам барчасини кўрган муштипар аёллар, кампирлар. Кўпчилиги отам-онамни кўрган, оғир йилларда пешонамни силаб, бир бурда зоғора нон, бир коса айронларини аямаган.

Анча кейин, агар янглишмасам, Иссиқ кўл форумининг ўн йиллиги нишонланаётган кунлари қирғиз дўстларимиз бизга юзини ажин қоплаган, миттигина, аммо юриш-туришлари, гап-сўзлари тийрак бир кампирни кўрсатиб бу аёл “Момо ер” қиссасининг қаҳрамони, деб таништиришди. Шунда Чингизни қуршаб олиб, пешонаси, у юзи- бу юзидан ўпган кампирларни эсладим.

Ҳа, ҳаёт бамисоли бир дарё, у оқиб ўтаверади, биров ундан баҳраманд бўлиб, боғ-роғ яратар экан, биров, сабаби лоқайдлик ва дангасалик, қуруқ қолавераркан, деганларича бор экан. Мана Чингизнинг Шакарда ўтган унутилмас тўйига ҳам йигирма йил бўлибди. Одатда, элликдан ошгандан кейин ижодкорнинг истеъдоди сўна бошлайди, қалами ҳам, ақл-заковати ҳам сусаябошлайди, деган гаплар бор. Ўйлайманки, бу назария Чингиз Айтматов ижодига сира ҳам тўғри келмайди. У ўзининг дунёни лол қолдирган “Асрга татигулик кун” ва “Кунда” романларини элликдан ошганидан кейин ёзди.

“Кунда” ва, айниқса, “Асрга татигулик кун” уни бугун жаҳон адабиётининг энг ғаройиб ёзувчиси Габриэл Маркесга тенг миқёсга олиб чиқди. Чингиз яратган Манқурт образи, тўғрироғи, бу сўз китобхонларни ларзага солиб, сотқинлиқ тимсоли сифатида жаҳон тилларига кириб келди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Чингиз менга Ҳимолай тоғларининг Жамолунгма чўққисини забт этишга киришган альпинистни эслатади. Фарқи фақат шундаки, Жамолунгмани забт этишга аҳд этган ўнлаб, балки юзлаб шерюрак алпинистлар бу чўққини забт этолмай, фожиавий ҳалок бўлдилар. Чингиз ҳақида эса бугун бир буюк ҳақиқатни ҳеч иккиланмай айта олиш мумкинки, у санъат соҳасидаги бу чўққини забт этди. Эндиликда у ҳеч иш қилмай эришган улуғ зафарларининг гаштини суриб, роҳату фароғатда яшайвериши мумкин эди. Лекин бу кайфият унга батамом ёт. Айни замонда ҳозир қанақа асар ёзяпсиз, деган саволни кўп хушлайвермайди. “Ҳа энди бир асарни қоралаяпман. Аммо ундан нима чиқади, ўзим ҳам билмайман”, деб қўяқолади.

Умид қиламанки, “Жаҳон адабиёти” журналхонлари билишса керак, бундан уч йил муқаддам Марказий Осиё халқлари энг йирик фан ва маданият, адабиёт ва санъат арбоблари Тошкентда йиғилиб, уларнинг дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бир ташкилот – Ассамблея тузишга қарор қилишди. Шу муносабат билан чақирилган катта қурултойда Чингиз Ассамблея Президенти, мен эса унинг биринчи вице-президенти (муовини) этиб сайландик.

Тўғри, Ассамблея ўз олдига қўйилган масъулиятли вазифаларни яхши бажараяпти, ишлар юришиб кетди, дейишга афсуски тилим бормайди. Юксак савия, катта қувонч ва аҳиллик билан ўтган қурултойдан кейин ҳаёт олдимизга жуда кўп қийинчиликларни рўпара қилди. Бу қийинчиликлар ҳам сиёсат, ҳам молия, ҳам майда- чуйда одамларнинг нафсонияти, масаланинг моҳиятига тушунмаслиги ва бу одамларнинг буюк устозимиз Мухтор Авезов ва Ойбек, Собир Муқонов ва Ғафур Ғулом каби устозларимиз васиятларини, туркий халқлар маданият арбобларининг дўстлиги ва биродарлигини мустаҳкамлаш ҳақидаги орзуларини писанд этмасликларига бориб тақалади. Лекин шахсан Чингиз Ассамблеяни чин дилдан севади, унинг олдида турган қийинчиликларни бартараф этишга вақтини аямайди. У Ўзбекистонни жуда яхши кўради, тез-тез бўлмаса-да, ҳар қалай йилда бир неча марта келиб туради. Узоқда, Бельгияда яшаса ҳам тез-тез сим қоқиб, ҳол-аҳволимизни суриштиради, маслаҳатлар беради.

Шу йили май ойида Чингиз Тошкентга келди. У Ўзбекистонда ўтган қирғиз кунларида иштирок этди. Бир неча кун Ассамблея ишлари билан шуғулланди, ТошДУ ва Тошкент давлат техника университети талабалари ва олимлари билан учрашди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бу учрашувлар ёшлар учун қувончли байрамга айланди.

Чингиз Айтматов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган бу учрашувлар барча учун, айниқса, ёшлар учун унутилмас бир байрамга айланди. Сўнггра биз бу байрамни давом эттириш учун Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига йўл олдик. У ерда ўтган кўп учрашувлар вақтида содир бўлган жуда кўп қизиқ воқеалар орасида икки нарса ёдимда михланиб қолди.

Сафарнинг иккинчи куни биз Ўтрорда бўлдик. Минг афсуски, ҳозирги Ўтрорни Чингизхон қўшинларига биринчилардан бўлиб кўкрагини тутиб берган ва олти ой таслим бўлмаган қадимий Ўтрорнинг ғарибгина бир сояси дейиш мумкин. Лекин ҳозирги шаҳарчада ўша буюк ва мағрур Ўтрор ҳақида, Чингизхон лашкарлари билан мардона курашган шерюрак ўғлонлари тўғрисида озгина бўлса-да тасаввур берувчи катта музей бор. Биз музейни бориб кўрдик. Кейин шаҳар марказидаги санъат саройида учрашув бўлди. Учрашувдан кейин ташқарига чиқсак, музей олдидаги майдонда беш-олтита нор туялар чўккалаб ётипти.

Азиз ўқувчи, мени кечиргай. Мавзудан жиндай четлаб кетдим, чоғи. Айтмоқчи бўлган гапим шуки, бир неча йил давомида бу улуғ ёзувчи билан ёнма-ён туриб ишлаш Оллоҳнинг менга кўрсатган улуғ бир инояти деб биламан. Шу иноят сабаб, мен уни яқиндан кузатиш имкониятига эга бўлдим, орамиздаги илиқлик яна-да кўпайди, самимиятимизга самимият қўшилди.

Узоқдан кўплар ўта мағрур одам, улуғ ёзувчи, унга яқинлашиш жуда қийин, дею ўйлашади. Аслида эса у ҳаётда жуда содда, ҳатто болатабиат бир инсон.

Шу йил баҳорда олдин Ўзбекистонда, кейин Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида Чингизнинг етмиш йиллик юбилейи олдидан қатор учрашувлар, суҳбатлар, илмий анжуманлар бўлиб ўтди.

Бутун умрини бўрилар ҳаётини ўрганишга бағишлаган олмониялик бир олим “Кунда”ни ўқиб чиққач, Чингиз ижодининг тарғиботчилардан бирига уни ёзувчи билан таништириб қўйишни илтимос қилибди.

– Мен ҳайронман, – дебди у, – “Кунда”ни ўқиётганимда менга шундай туюлдики, ёзувчи менга ўхшаб бутун умрини бўрилар орасида ўтказганга ўхшайди.

Умуман Чингиз Олмонияда биздагидан ҳам машҳур. Ҳатто бизда унча донг чиқара олмаган ёзувчининг “Кассандра тамғаси” романи ҳам Олмонияда жуда машҳур. Сўнгги бир-икки йил давомида Ассамблея ишлари сабаб Чингизни қачон суриштирсам, рафиқаси Марина аксар ҳолларда уни Олмонияга китобхонлар билан учрашувга кетди, деб жавоб беради. Чингиз ўзи эса бу ҳақда гап кетганда хиёл маъюсланиб:

– Эндиликда менинг асарларим ўз элимдан кўра хорижда кўпроқ ўқилади, – дейди хўрсиниб. – Чет эл китобхони ҳалиям бўлса ҳақиқий адабиётнинг қадрини яхши билади. Бизда эса… диди юксак китобхонни кундуз чироқ ёқиб топиб бўлмайди. Россияда эса аҳвол биздагидан ҳам баттар. У ерда секс адабиёти авж олган. Рус ёзувчиларининг аксарияти ҳам фақат сексуал мавзуда ёзишмоқда. Кўриб кўнглинг озади! Билмадим, қачон бу ботқоқдан чиқиб оламиз. Шундай қилиб, мана бизнинг авлод ҳам етмишга етиб келди. Бугун биз ҳам куни кеча кўз илғамас узоқ туюлган бу чўққининг тепасида турибмиз. На чора? Ҳаётнинг шафқатсиз қонуни шундай экан, унга бўйсуниш ва шукрона айтишдан бошқа илож йўқ!

Шу йил июнь ойида адабий жамоатчилик менинг етмиш ёшимни нишонлаётганда Чингиздан телеграмма олдим. У ўз телеграммасида каминани бу ёш билан қутлаб, мени айниқса чуқур ҳаяжонга солган бир гапни айтибди:

– Мен, – дебди Чингиз. – Машъум Ўш ёнғини кунлари сен ва Пиримқул билан гўё бир отанинг фарзандларидек, гўё уч ака-укадек, оғир фожеа юз берган жойларга бориб, талофат кўрган оилаларга ҳамдардлик билдирган, уларнинг кўнглини кўтаришга, тасалли беришга уринган кунларимизни бот-бот эслайман.

Қадрли дўстим Чингиз. У қора кунларни мен ҳам, ўйлайманки, Пиримқул ҳам эслаб туради. Илоё, ундай воқеа эндиликда ҳеч қачон содир бўлмагай, деб Оллоҳдан тилаймиз. Мен сендай буюк ёзувчи ва айни замонда оддий ва камтар инсон билан замондош бўлганимдан тоабад ифтихор қиламан. Боз устига Яратган эгам мени сен билан узоқ йиллар дўст бўлиш, охирги йиллари эса олийжаноб бир мақсад йўлида бирга ишлаш, сенинг дилбар суҳбатларингни олиш бахтига мушарраф қилди. Сўнгги пайтларда мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман, айниқса, кечалари, уйқум қочган дақиқаларда кўп эслайман. Чексиз қувонч ва миннатдорчилик билан эслайман. Бизнинг бахтимизга, нафақат туркий халқлар, балки буткул жаҳон халқлари китобхонлари бахтига ҳамиша соғ бўл, омон бўл, қадрли Чингиз!

Одил ЁҚУБОВ

(Мақола 1998 йилда “Марказий Осиё маданияти”

газетасида чоп этилган).

Искандар Ёқубов тайёрлади.

ЎзА