Соғинч бор-у дийдор йўқ энди…

2020-10-14T09:05:58+00:0014 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Куни кеча эл суйган шоир, ҳурматли инсон — Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, акамиз Саъдулла Ҳакимовни сўнгги йўлга кузатдик…

У кишининг вафоти ҳақида хабарлар тарқалгани ҳамоно «О, бу қандай шараф кетаётирман» шеъри ижтимоий тармоқларни эгаллади ҳисоб…

Саъдулла ака мазкур шеърини вафотидан уч-тўрт ой бурун ёзган ва вақтли матбуотда чиқиши ҳамоно менга ҳам илиниб, «телеграмм» канали орқали ташлаб берган эдилар. Ғофиллик шунчаки, шеърни ўқибман-у, аммо моҳиятини тўла уқмабман, аттанг…

Дейдиларки, Аллоҳ бандаси дилига СЎЗ солмаса, шеър аталмиш мўъжизавий битик туғилмайди. Шу маънода Яратган шоирнинг дилига сўз солиб, яқин орада Ҳузурига чорлашини маълум қилган –  акамиз бу илоҳий ишоратга «Кетаётирман» орқали «лаббай» деган экан, энди билсак…

Қаранг-а, банда «тўрт оёқли чўбир от» (А. Яссавий) чопқинлаб келаётганини ҳис қилмоқда, бироқ бундан изтироб-ваҳимага тушиб, оҳ-воҳ қилаётгани йўқ. Балки  Ўзининг амрига мардона бўйсунмоқда:

О, бу қандай шараф, кетаётирман,

Сендан сенга қараб кетаётирман.

Саъдулла ака ўзига етган бетобликни ҳам шукур-ла қарши олганига нима дейсиз?! Хаста чоғида айтиб ёздирган видо шеърида қуйидаги мисраларни қаранг:

Бу-не ҳислат, бу- не ҳол,

Бу-не ҳикмат, бу- не сир?

Барига Ўзинг каффол,

Эслаганингга шукур!

Саъдулла ака шахси ва ижоди уйғун инсон эди. Шеърларини ўқисангиз мисралар ортида самимий жилмайиб турганини бемалол илғаш мумкин эди, ёки ўзи билан суҳбатлашганда худди шеърларини мутолаа қилаётгандай бўлардик. Ҳам болафеъл эди, Саъдулла ака! Айни ҳислати «Кетаётирман»да ҳам акс этибди-я:

Кўнглимни тоблади кундуз ва кеча,

Ой каби ярқираб кетаётирман.

Шарқираб сой каби оққаним ростдир,

Булоқдай шилдираб кетаётирман.

Саъдулла ака ростгўй, ўзига ва сўзига нисбатан ўта талабчан ҳам камтарин инсон  эди. «Кетаётирман»ни қайта-қайта ўқир эканман, у кишининг мана шу ҳислатлари ҳам такрор-такрор ёдга тушмоқда.

Билмайман, гуноҳим қанча, бир тараф,

Савобим бир тараф, кетаётирман.

Саъдулла ака оддий нарсадан ҳикмат қидиргувчи, макон ва одамларга меҳр-муҳаббати ўзгача ОДАМ эди-да.  Шеърларидаги фалсафа у кишининг ҳаёт фалсафаси эди.

Нописанд босма хазон япроғини,

Бошинг узра эсла соя чоғини.

Ушбу икки мисрадан раҳматлининг  дарахтдан узилиб тушиб, хазонга айланган биргина баргга бўлган муносабати тимсолида бутун жонли ва жонсиз мавжудодга бўлган эътибори ва меҳрини англаш мумкиндай.

Бир мухлиснинг «Саъдулла аканинг шеърларини ўқиганда онамни кўргандай, ҳам тоғ ҳавосидан тўйиб нафас олгандай бўламан», деган эътирофида муболаға йўқ. Чунки, акамиз ватанга, онага меҳри ўзи туғилиб ўсган диёр майса-ю гиёҳи, тупроғи ҳам жилдираб оққан сой сувига, виқорли тоғу-тошлари ва боғ ҳавосига қоришиқ эди.

Саъдулла  ака билан охирги марта шу йилнинг 1 октябрь куни гаплашган эдик. Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан бир-биримизни табриклаб, хўб яхши тилакларни соғингандик. Хасталик таъсири сезилиб тургани билан овози ўктам эди. Гап оҳангларида соғинч уфурганди… Бу бежиз эмас экан. Инсон борки – доим кимнидир соғиниб, кимгадир талпиниб яшайди: биз ҳозир Саъдулла акани соғинишни бошлаганимиз каби, у кишининг гўзал суҳбатларига талпинганимиз каби.

Сен келсанг… йўлларим тезлашармиди,

Илинжим, йўл қараб кетаётирман.

Умр шомида тонг отмоқ недан далолат? Бу Худо берган фурсатларни шамолга совурмаслик, муносиб яшаш ва ўзидан ўчмас из қолдиришдир. Саъдулла ака муносиб умр кўрди, ундан қатор китоблар, оқил ва оқила фарзандлар,  садоқатли шогирдлар, яхши-яхши дўст-у ёронлар қолди. Банда учун катта саодат шу. Шундай саодат насиб этган инсоннинг умр шомида тонглар отди.

Умр шомида тонг отмоқда, ажаб,

Воажаб, воажаб, кетаётирман.

Саъдулла акада шундай ҳислат мавжуд эдики, ҳамсуҳбати кўнглида яшашга, борлиққа, адабиётга, шеъриятга муҳаббат пайдо қиларди.

Ҳозир ёзяпман-у, акамизнинг шеър ўқиш оҳанглари эшитилгандай бўлади. Во дариғки, энди ундай суҳбат, шеърларини ўзидан эшитишлар йўқ, соғинишлар бор-у учрашишлар йўқ. Акамизнинг янги шеърларидан баҳраманд бўлиш ҳам энди иложсиз. Буни у кишининг ўзи ҳам қайд этиб кетди:

Келмоқ суруридан сўзламам энди,

О, бу қандай шараф, кетаётирман.

Хақ гап шуки, Саъдулла ака шараф билан кетди. Ҳаммага ҳам шундай саодат насиб этсин. Зеро, ким бўлмайлик, борар жойимиз тайин. Каломуллоҳда марҳамат қилинганидек, «…инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» (биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва Унга албатта қайтамиз).

 Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.

(xabar.uz сайтидан олинди)