Суд раислари журналистларга суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди

2020-10-08T09:56:06+00:008 Oktabr, 2020|Навоий вил.|

Навоий вилоятининг жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар, судлар томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили юзасидан  журналистларга ахборот берди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида 10 дан зиёд маҳаллий ва республика таҳририятлари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди ва вилоятнинг туман (шаҳар) судлари томонидан амалга оширилкаётган ишлар юзасидан ахборот берилди. Хусусан, йил бошидан буён жами 772 нафар шахсга нисбатан 614 та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган шахслар ва ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 126 нафар шахс ёки 15 фоизга, жиноят ишлари эса 13 та ёки 3 фоизга камайган.

Қайд этиш керак, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида судлар томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 73 нафар фуқарога нисбатан тергов органи томонидан қўйилган ноҳақ айбловлар бекор қилиниб, уларнинг барчаси оқланган ёки ишлари реабилитация асосларига кўра тугатилган. Шунингдек, ушбу даврда 109 нафар шахсга нисбатан 73 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб  ҳукм чиқарилган.

Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан эса 9 ой мобайнида жами 1 367 та иш кўриб чиқилиб, даъвогарлар, шу жумладан хусусий тадбиркорлик субъектлари фойдасига 241 млрд. 825 млн. сўм зарарлар ундирилган. Низоли тартибда кўрилган ишларнинг 249 таси ёки 18,2 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. Кўрилган ишларнинг 1 060 таси ёки 77,5 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатга оид, 297 таси ёки 21,7 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 8 таси ёки 0,6 фоизи коорпоратив муносабатларга оид ҳамда 2 таси ёки 0,2 фоизи банкротлик ва юридик фактларни аниқлашга оид низоларни ташкил этган.

Вилоят ҳамда туман (шаҳар) маъмурий судларида 15 225 нафар шахсга нисбатан 11.644 та иш кўриб чиқилган.  Суд таъсирчанлиги фаолияти бўйича судлар томонидан ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 285 маротаба хусусий ажрим ва 102 маротаба тақдимномалар чиқарилди.  Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга процессда қатнашиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларига қулайликлар яратиш мақсадида ҳисобот даврида жами кўрилган 15225 та ишларнинг 2706 таси ёки 23,2 фоиз сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судлари томонидан ҳам ўтган даврда одил судловни амалга ошириш борасида муайян ишлар қилинди. Вилоят ва туманлараро судларида 2020 йилнинг 9 ойида жами 5.616 та фуқаролик ишлари мазмунан кўрилиб ҳал қилинди. Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 135 тага кўпайганлигини кузатишимиз мумкин.

Анжуман давомида факт ва рақамлар қаторида бир қатор ҳолатлар, хусусан аёллар ва ёшлар орасида келиб чиқаётаган жиноятлар, ажрим ҳолатлари атрофлича таҳлили қилинди. Журналистларнинг бу борадаги  барча саволларига суд раислари томонидан батафсил жавоблар берилди.

 

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ Навоий вилояти бўлими мутахассиси.